|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида Мамлакатимизда ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан оширишга, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига таъсирини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларни қабул қилиш жараёнларининг мураккаблиги, шаффофлиги таъминланмаганлиги ҳамда ушбу соҳага ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмаганлиги жойларда юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал қилишга тўсқинлик қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 13 декабрдаги ПҚ-4551-сон қарорида белгиланган вазифаларни бажариш ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик фаолиятига тааллуқли қарорлар қабул қилиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади: 1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари (кейинги ўринларда — ҳокимликлар), Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (кейинги ўринларда — «Давергеодезкадастр» қўмитаси) ҳокимликлар томонидан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни расман кучга кирган вақтдан эътиборан (1993 йил 18 сентябрдан) 2020 йил 1 мартга қадар қабул қилинган жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратиш тўғрисидаги ўз кучида бўлган қарорларни 2020 йил 1 сентябргача тўлиқ хатловдан ўтказиб, тегишли ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинишини таъминласинлар. 2. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги «Давергеодезкадастр» қўмитаси ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда қуйидагиларни назарда тутувчи маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон — «E-qaror» тизимини (кейинги ўринларда — «E-qaror» электрон тизими) 2021 йил 1 январга қадар синов тариқасида ишга туширилишини; маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, уларга такрорланмайдиган махсус рақам бериш ва автоматик тарзда эълон қилиш жараёнини бошқариш ва назорат қилиш, шу жумладан, зарурат туғилганда манфаатдор идоралар томонидан лойиҳаларга электрон кўринишдаги виза қўйилишини; маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорлари лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиш бўйича идоралараро электрон ҳамкорликни, шунингдек, уларни ишлаб чиқиш жараёни мониторинг қилинишини таъминласин. 3. Ягона электрон тизимдан фойдаланишда қуйидагилар давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг асосий вазифалари этиб белгилансин: а) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги: «E-qaror» электрон тизимига эгалик қилиш ҳамда унинг сифатли ва узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш; «E-qaror» электрон тизимининг функционал имкониятларини кенгайтириш бўйича белгиланган тартибда чоралар кўриш, тизимдан фойдаланиш жараёнида техник ёрдам кўрсатиш; қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда «E-qaror» электрон тизимининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш; (3-банд «а» кичик бандининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон) тизимдан фойдаланувчилардан тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда «E-qaror» электрон тизимини мунтазам такомиллаштириш ва модернизация қилиш; б) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги: қарорларни фақат «E-qaror» электрон тизими орқали қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, уларга такрорланмайдиган махсус рақам бериш ва автоматик тарзда эълон қилиш жараёнининг доимий мониторингини олиб бориш; «E-qaror» электрон тизимининг ишлаш тартиби ва механизмини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш; (3-банд «б» кичик бандининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон) маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг «E-qaror» электрон тизимидан самарали фойдаланишларини таъминлаш, шунингдек, ундан фойдаланиш масаласига методик раҳбарлик қилиш; в) давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари: қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнлари «E-qaror» электрон тизими орқали тўлиқ амалга оширилиши бўйича тезкор ташкилий ва техник чора-тадбирларни амалга ошириш; қарорларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, махсус рақамлаш ва автоматик тарзда эълон қилиш жараёнида «E-qaror» электрон тизимидан мажбурий фойдаланиш ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларга қатъий риоя қилиш; (3-банд «в» кичик бандининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон) «E-qaror» электрон тизимини ишлаш тартиби ва механизмини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш. 4. «E-qaror» электрон тизимини яратиш ва жорий этиш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин. (4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 июндаги 390-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2021 й., 09/21/390/0588-сон) 5. Белгилансинки: «E-qaror» электрон тизимининг узлуксиз фаолият кўрсатиши, техник хизмат кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек унинг функционал имкониятларини янада такомиллаштириш билан боғлиқ харажатлар Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси ҳисобига молиялаштирилади; (5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 декабрдаги 688-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 09/23/688/0996-сон) 2021 йил январь — май ойларида Қашқадарё вилоятида «E-qaror» электрон тизимини апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказилади; 2021 йил 1 июлдан бошлаб ҳуқуқий эксперимент натижалари асосида «E-qaror» электрон тизими республиканинг барча даражадаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида жорий этилади. 6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда эксперимент натижаларидан келиб чиқиб, заруратга кўра, 2021 йил 15 июнга қадар Вазирлар Маҳкамасига «E-qaror» электрон тизими фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин. (7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 июндаги 373-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.06.2021 й., 09/21/373/0559-сон) 8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ Тошкент ш., 2020 йил 14 апрель, 218-сон Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги 218-сон қарорига 1-ИЛОВА «E-qaror» электрон тизимини яратиш ва жорий этиш бўйича АМАЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 июндаги 390-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2021 й., 09/21/390/0588-сон) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.04.2020 й., 09/20/218/0429-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.06.2021 й., 09/21/373/0559-сон; 23.06.2021 й., 09/21/390/0588-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 29.12.2023 й., 09/23/688/0996-сон) |
Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан О мерах по внедрению Единой электронной системы разработки, согласования и регистрации постановлений, принимаемых органами исполнительной власти на местах Премьер-министр Республики Узбекистан А. АРИПОВ г. Ташкент, 14 апреля 2020 г., № 218 |