Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Хоразм вилояти ҳудудида бўш турган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида
Хоразм вилояти ҳудудида фойдаланмасдан бўш турган давлат мулки объектларидан келгусида самарали фойдаланиш ва инвестицияларни жалб қилиш орқали вилоятда ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Хоразм вилояти ҳокимлигининг Урганч шаҳри Амударё кўчасидаги 1/4-уй манзилида жойлашган умумий майдони 2,58 гектар, шундан бино ва иншоотлар эгаллаган майдон 4 152,23 квадрат метр бўлган «Хоразм троллейбус бошқармаси» давлат корхонаси биносининг бир қисмида (кейинги ўринларда — объект) йиллик 15 000 тонна синтетик полипропилен ва полиэтилен толалар геотекстил материаллари ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш учун «Khorezm Orient Ceramik» масъулияти чекланган жамиятига (кейинги ўринларда — инвестор) инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан сотиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 апрелдаги 247-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.04.2025 й., 09/25/247/0383-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Белгинсинки, инвестор «Хоразм троллейбус бошқармаси» давлат унитар корхонасига янги маъмурий бино қуриб бериш мажбуриятини ҳамда объект негизида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қуйидаги инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни ўз зиммасига олади:
(2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 ноябрдаги 733-сонли қарори таҳририда)
12 ой муддатда объектни сотиб олиш учун 1 млрд. сўм тўлаш, бунда харид тўловларига чегирма қўлланилмайди;
Олдинги таҳрирга қаранг.
2025 йил 31 декабрга қадар 3,0 млн АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция киритиш орқали объект негизида йиллик 15 000 тонна синтетик полипропилен ва полиэтилен толалардан геотекстил материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш;
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 апрелдаги 247-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.04.2025 й., 09/25/247/0383-сон)
камида 180 нафар янги иш ўринлари ташкил этиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:
ушбу қарорнинг 2-бандида назарда тутилган шартлар асосида объектни белгиланган тартибда инвесторга сотиш бўйича бир ой муддатда олди-сотди шартномаси тузилишини;
инвестор томонидан объектни сотиб олиш учун тўлов амалга оширилиши ҳамда қабул қилинадиган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилиши юзасидан мониторинг олиб борилишини;
инвестор томонидан мазкур қарорнинг 2-бандида назарда тутилган харид тўловлари тўланган ҳамда инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилган деб эътироф этилгандан сўнг мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерига «тасарруф этиш ҳуқуқи билан» белгиси киритилишини таъминласин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Бўш турган давлат мулки объектларига инвестицияларни жалб қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 5 сентябрдаги 738-сон қарорига 1-илованинг 3-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалаларибўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Ў. Умурзаков, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори С.Х. Бекенов ҳамда Хоразм вилояти ҳокими Ф.У. Эрманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 7 апрель,
205-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.04.2020 й., 09/20/205/0404-сон; 23.04.2025 й., 09/25/247/0383-сон)