Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг
Қарори
Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 10 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3172-1]
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги 320-сон «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритиш мезонларини қайта кўриб чиқилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2019 йил 8 июлдаги 2019-45-сон қарори (рўйхат рақами 3172, 2019 йил 12 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2019 й., 28-сон, 514-модда) билан тасдиқланган Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Б. МУСАЕВ
Тошкент ш.,
2019 йил 30 декабрь,
2019-66-сон
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2019 йил 30 декабрдаги 2019-66-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. 2-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин.
2. 4-бандда:
«а» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«а) акциз солиғига тортиладиган товарларни ишлаб чиқарувчи ва акциз тўланадиган хизмат кўрсатувчи корхоналар;»;
«б» кичик банддан «ҳамда уларнинг филиаллари» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
«д» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«д) маҳсулот (товар, иш ва хизмат) ларни сотишдан олинган соф тушуми ўтган календарь йил якуни бўйича 100,0 миллиард сўмдан юқори бўлган ёки кетма-кет келадиган ўн икки ойлик давр якуни бўйича ушбу миқдордан ошган юридик шахслар;»;
қуйидаги мазмундаги «е» ва «ж» кичик бандлар билан тўлдирилсин:
«е) углеводород ҳом ашёси ва минерал ресурсларни қазиб олувчи, қайта ишловчи, етказиб берувчи ва сотувчи ҳамда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи юридик шахслар, бундан автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчалари мустасно;
ж) Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғидан йўловчиларни ташиш мақсадларида фойдаланувчи, халқаро ҳаво алоқаларини амалга оширувчи ва уларнинг таркибига кирувчи юридик шахслар.».
3. 5-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5. Йирик солиқ тўловчилар тоифасини белгилашда, мазкур Низомнинг 4-банди «д» кичик бандида кўрсатиб ўтилган юридик шахслар ўтган календарь йил якуни ёки кетма-кет келадиган ўн икки ойлик давр бўйича солиқ органларига тақдим этган солиқ ва молиявий ҳисоботларидаги кўрсаткичларига асосан аниқланади.».
4. Мазкур ўзгартиришлар ва қўшимча Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
Келишилган:
Молия вазири Д. КУЧКАРОВ
2019 йил 30 декабрь
Иқтисодиёт ва саноат вазири Б. ХОДЖАЕВ
2019 йил 30 декабрь
Савдо-саноат палатаси раиси А. ИКРАМОВ
2019 йил 30 декабрь
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.01.2020 й., 10/20/3172-1/0045-сон)