Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
Қарори
«Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 30 декабрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3022-3]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 22 августдаги 19/6-сонли «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3385, 09.09.2022 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги ПҚ-4231-сон «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 2019 йил 24 октябрдаги ПҚ-4498-сон «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 8 июндаги 20/1-сон қарори (рўйхат рақами 3022, 2018 йил 9 июнь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.06.2018 й., 10/18/3021/1333-сон) билан тасдиқланган «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
2. Мазкур қарор 2020 йил 1 январдан кучга киради.
Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 21 декабрь,
31/1-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2019 йил 21 декабрдаги 31/1-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
«Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. Муқаддимадаги «тижорат банклари» деган сўзлар «АТ Халқ банки, «Микрокредитбанк» АТБ ва «Агробанк» АТБ (бундан буён матнда тижорат банклари деб юритилади)» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2. 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Кредитлар дастур доирасидаги ресурслар ҳисобидан ажратилади.».
4. 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4. Кредитлар тижорат банклари орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасида, 2021 йил 1 январдан эса тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда ажратилади.
Тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларнинг бир қисмини компенсация қилиш механизми қўлланилади.».
5. 16-банддан «йиллик 8 фоиз ставкада имтиёзли» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
6. 32-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Импорт шартномалари асосида кредит маблағлари ҳисобидан хориждан келтириладиган товарлар (хизматлар) бўйича тўловлар мазкур шартномаларда назарда тутилган шартларга мувофиқ амалга оширилади.».
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.12.2019 й., 10/19/3022-3/4251-сон)