Андижон вилояти Андижон тумани ҳокимининг
қарори
Ижтимоий муҳофазага мухтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2019 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг 2021 йил 3 майдаги 116/24-6-сонли «Андижон вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 28 июндан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси, «Ўзбекистон Республикаси ногиронларни ижтимоий химоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 25-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага мухтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан ижтимоий химояга мухтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун туман 2019 йил учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида, қарор қиламан:
1. Тумандаги ижтимоий муҳофазага муҳтож,иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини белгилаш бўйича комиссия таркиби 1-иловага* мувофиқ, 2019 йилда мазкур тоифадаги шахслар учун иш жойларининг энг кам миқдори белгиланган корхоналар ва ташкилотлар рўйхати 2-иловага* асосан тасдиқлансин.
* 1- ва 2- иловалар берилмайди.
2. «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасига асосан тумандаги ижтимоий муҳофазага муҳтож,иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар учун иш ўринларининг энг кам сони 2-иловага мувофиқ ходимларнинг рўйхати бўйича ўртача сони 1057 нафарни ташкил этадиган 10 фоиз миқдорида, шу жумладан:
Ногиронлар учун 3.0 фоиз (317 нафар, юқорида кўрсатилган иш ўринларига туманда ногиронлар ишга жойлашиш бўйича талаб 50 та бўлганлиги сабабли, келгусида 267 та ўрнини умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-хунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таьлим олган битирувчилари учун банд этиб қўйилсин);
Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-хунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таьлим олган битирувчилари учун 4.0 фоиз (428 киши);
14 ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун 1.1 фоиз(121 киши);
Пенсия олди ёшдаги шахслар учун .15 фоиз (16 киши);
Сафарбарлик чақируви захирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Қучлари сафларидан муддатли харбий хизматдан бўшатилган шахслар учун 1.1 фоиз (118 киши);
Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилишидан озод қилинган шахслар учун 0.2 фоиз (23 киши);
Ижтимоий муҳофазага мухтож шахсларнинг бошқа тоифалари, шу жумладан одам савдоси қурбонлари учун 0.3 фоиз (34 киши) миқдорида иш ўринлари захираси белгилансин.
3. Ушбу тоифадаги шахслар учун иш ўринлари санитария-гигиена меъёрларига ва ходим ўз меҳнат мажбуриятларини тўсиқсиз бажаришини таъминлайдиган меҳнат қилиш шароитларига, шу жумладан, қуйидагиларга мувофиқ бўлиши керак:
14 ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар учун болаларни тарбиялаш ва меҳнат мажбуриятлари бўйича мажбуриятлар бажарилишини бирга қўшиб олиб бориш имконини берувчи ишнинг мослашувчан жадвалига эга бўлган иш ўринлари;
умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-хунар таълими муассасаларини тамомлагандан кейин касбни эгаллаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таьлим олган битирувчилари учун – уларнинг касбий тайёргарлигига мувофиқ бўлган иш ўринлари;
сафарбарлик чақируви захирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Қучлари сафларидан муддатли харбий хизматдан бўшатилган шахслар учун — уларнинг профессионал тайёргарлигига мос бўлган иш ўринлари;
ногиронлар учун — меҳнат шароитлари бўйича аттестациядан ўтказилган ва ходимга уларнинг соғлиги ҳолати ва меҳнат фаолиятига тўғри келмайдиган белгиланган зидликлар хисобга олинган ҳолда меҳнат операцияларини тўсиқсиз бажариш имконини берадиган иш ўринлари;
пенсияолди ёшидаги шахслар учун — уларнинг касбий тайёргарлигига мос бўлган ёки махсус малакани талаб этмайдиган иш ўринлари;
Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилишидан озод қилинган шахслар учун — уларнинг касбий тайёргарлигини хисобга олган ҳолда махсус малакани талаб этмайдиган иш ўринлари;
Одам савдоси қурбонлари учун — уларнинг касбий тайёргарлигини хисобга олган ҳолда махсус малакани талаб этмайдиган иш ўринлари.
4. Иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар;
Мухандислар, иқтисодчилар, хисобчи, хисобчи-тафтишчи, хуқуқшунос, зоотехник, агроном, шифокор, хамшира, кичик тиббий ходим, иш юритувчи, ўқитувчи, тарозибон, электр ва автоаравача ҳайдовчиси, ташувчи, фаррош, ўт ёқар, ободонлаштириш ишчиси, омборчи, ЭХМ оператори, юкчи, ишчи, боғбон, қоровул.
5. Тумандаги мавжуд корхона, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарлари:
Ўзбекистон Республикас Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага мухтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомга мувофиқ ушбу қарорнинг 1-иловасида кўрсатилган иш ўринлари ташкил этилишини таъминласин;
Йил бошланишидан 10 кундан кечикмай мухтожларни ишга жойлаштириш учун мухтожлар учун захирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида 25 (йигирма беш) фоизи миқдорида иш ўринлари захирага қўйилишини ва тайёрлигини таъминласин, шунингдек, бу ҳақда йил бошлангунга қадар туман Бандликка кўмаклашиши марказини хабардор қилсин;
Мухтожлар учун иш ўринларини қолган қисмини захирага қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан календарь йилнинг биринчи чораги мабойнида таъминласин, бу ҳақда туман Бандликка кўмаклашиш марказига биринчи чорак тамом бўлшгандан кейин 10 кечикмай хабардор қилсин;
ташкилот ҳар ойда хисобот ойидан кейинги ойнинг 5-кунигача Бандликка кўмаклашиш марказига «Ижтимоий муҳофазага мухтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 5-иловасига мувофиқ шалк бўйича мухтожларни ишга жойлаштириш тўғрисида ахборот тақдим этсин;
ташкилот томонидан мухтожларни ишга жойлаштириш учун иш ўринлари тайёрлиги тўғрисида ахборот тақдим этилмаслиги, тенг даражада захирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сони хисобига ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг амалда тайёр эмаслигитуман Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан туман ҳокимининг қарори бажарилмаслиги сифатида қаралиши лозимлиги қайд этилсин.
6. Туман ҳокимининг мухтожлар учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича ушбу қарори бажарилмаганида, шунингдек, уларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун ташкилотларнинг мансабдор шахсларига қонун хужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик белгиланади.
7. Туман Бандликка кўмаклашиш маркази (Р. Расулов) мазкур қарорни беш кун муддатдақарорни 1-бандида кўрсатилган ташкилотлар раҳбарларининг эътиборига етказсин ва ушбу қарор бажарилиши устидан назоратни таъминласин.
8. Мазкур қарор «Андижоннома» газетасида расман эълон қилинсин ва туман ҳокимлигининг расмий веб сайтига жойлаштирилсин.
9. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб 3 ойдан кейин кучга киради.
10. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Д. Саидахмедов заммасига юклатилсин.
Ҳоким У. ИСАМИДИНОВ
Андижон т.,
2019 йил 23 сентябрь,
6871-Қ-сон