Сурхондарё вилояти Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгашининг
қарори
Термиз шаҳрининг 2018 йилги маҳаллий бюджети ижроси ва 2019 йилга мўлжалланган маҳаллий бюджетнинг асосий кўрсаткичлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2018 йил 17 ноябрдаги 2119-III-сонли ва шу ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 13 декабрдаги СҚ-348-III-сон қарорлари ҳамда халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг «Сурхондарё вилоятининг 2018 йилги маҳаллий бюджети ижроси ва 2019 йил маҳаллий бюджети асосий кўрсаткичлари тўғрисида»ги 2018 йил 26 декабрдаги 222/5-35-сон қарорига асосан халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши, қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2018 йил 17 ноябрдаги 2119-III-сонли ва шу ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 13 декабрдаги СҚ-348-III-сон қарорлари ва халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг «Сурхондарё вилоятининг 2018 йилги маҳаллий бюджети ижроси ва 2019 йил маҳаллий бюджети асосий кўрсаткичлари тўғрисида»ги 2018 йил 26 декабрдаги 222/5-35-сон қарори маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Термиз шаҳрининг 2019 йил маҳаллий бюджети асосий кўрсаткичлари даромадлар қисми 34,0 млрд. сўм, харажатлар қисми 124,8 млрд. сўм, мақсадли таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг иш ҳақи ва ягона ижтимоий тўлов харажатлари учун мақсадли бюджетлараро трансферт маблағлари 90,8 млрд. сўм миқдорида белгиланганлиги маъқуллансин.
3. Термиз шаҳри бўйича 2019 йил маҳаллий бюджет даромадларининг режа кўрсаткичлари 1а, 1б-иловага мувофиқ, ҳаражатлар 2-иловага мувофиқ, умумдавлат солиқлари бўйича тушумларнинг шаҳар маҳаллий бюджетига ажратиладиган меъёрлари 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Иловалар берилмайди.
4. Термиз шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари (Ғ. Эламанов):
солиқ йиғимининг замонавий услубларини амалиётда қўллаш ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғувчанлигини оширишга доир чоралар кўрилишини;
ишлаб чиқаришнинг маҳаллийлаштирилишини янада чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш, бозорни зарур истеъмол товарлари ҳамда бутловчи буюмлар билан тўлдиришни;
ижтимоий соҳага, шу жумладан тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, инфратузилмани ривожлантиришга сарфланадиган харажатлардан самарали фойдаланиш орқали аҳоли фаровонлигини оширишни;
сифатли таълим хизматларини олиш имкониятларини ошириш, узлуксиз таълим тизимини, хусусан, мактабгача таълим муассасалари тизимини ривожлантириш, хусусий таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, ёшларга доир давлат сиёсатини янада самарали рўёбга чиқаришни;
аҳолининг уй-жой маиший шароитларини янада яхшилаш мақсадида намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қурилиши кўламини кенгайтириш, шунингдек йўл транспорт, муҳандислик коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш чораларни кўрсин.
5. Термиз шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари (Ғ. Эламанов), шаҳар Давлат солиқ инспекцияси (А. Анваров) ва молия бўлими (О. Холматов) тегишли ташкилотлар билан биргаликда шаҳар маҳаллий бюджети даромадлар қисмининг солиқ турлари бўйича белгиланган режалари оширилиб бажарилишини таъминласин.
6. Термиз шаҳар ҳокимлиги молия бўлими мудири (О. Холматов)га:
бюджетдан маблағ олувчиларнинг бюджетдан маблағ билан таъминланиш асослари мавжудлигини мунтазам таҳлил қилиб бориш ҳамда ажратилган бюджет маблағларининг натижадорлигига эришилмаётган бюджет муассасаларини қисқартириш юзасидан шаҳар ҳокимлиги ва тегишли ташкилотларга мунтазам равишда таклиф киритиш;
ғазначилик бўлими билан биргаликда бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши ва уларнинг асоссиз сарфланишини бартараф этиш устидан қатъий назорат қилинишини таъминлаш вазифаси топширилсин.
7. Термиз шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари (Ғ. Эламанов) бюджет даромадларининг тасдиқланган кўрсаткичлари бажарилишини таъминласинлар, минтақаларнинг солиқ солиш базаси кенгайтирилиши ва молиявий салоҳияти мустаҳкамланиши юзасидан зарурий чора-тадбирлар кўрсинлар, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
8. Шаҳар ҳокимлиги молия бўлими (О. Холматов) Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгашига маҳаллий бюджетнинг ижроси тўғрисида ҳар чоракда ахборот бериб бориш вазифаси юклатилсин.
9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси раиси И. Чашев зиммасига юклансин.
10. Ушбу қарор расмий нашрда эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Сессия раиси А. МУСТАФАҚУЛОВ
Термиз ш.,
2018 йил 27 декабрь,
158/33-05-сон