«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ўзбекистон Республикаси
Давлат солиқ қўмитаси
1999 йил 10 сентябрь
№ 99-114
СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРНИНГ ҲИСОБОТЛАРИ ВА БАЛАНСЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШНИНГ
Вақтинчалик тартиби
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 28 сентябрда 824-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Мазкур Вақтинчалик тартиб Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2005 йил 10 июлдаги 2005-42-сонли «Давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорлик субъектларидан молиявий ҳисобот, солиқлар, мажбурий тўловлар ва даромадлар тўғрисидаги декларациялар бўйича ҳисоб-китоблар, ёзма аризалар ва билдиришномалар қабул қилиб олиш ҳамда рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига (рўйхат рақами 1500, 29.07.2005 й.) мувофиқ ўз кучини йўқотган.
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Ушбу Тартиб Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига, «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги, «Бухгалтерлик ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, бошқа қонун ва меъёрий ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда давлат солиқ хизмати идоралари томонидан солиқ тўловчиларнинг ҳисоботлар, баланслар ва ҳисоб-китобларни топшириш, қабул қилиниш тартибини бошқаради.
2. Ушбу Тартибнинг амал қилиши хўжалик юритишда ёки оператив тарздаги бошқарувида мол-мулкка эга бўлган ва ўз мажбуриятлари бўйича ана шу мол-мулк билан жавоб берадиган, шунингдек мустақил балансга ва ҳисоб-китоб рақамига эга бўлган ҳамма турдаги корхоналар ва ташкилотларга (шу жумладан, уларнинг алоҳида бўлинмалари) татбиқ этилади (бундан кейин солиқ тўловчи).
II. СОЛИҚ ТЎЛОВЧИНИНГ ҲИСОБОТ ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ
3. Солиқ тўловчи, Давлат солиқ хизмати идораларидан рўйхатдан ўтиш вақтида корхонада ҳисобот ва баланслар, солиқлар бўйича ҳисоб-китобларни топшириш ҳуқуқига эга мансабдор шахслари рўйхатини тақдим этади, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ корхонанинг молиявий-хўжалик фаолияти бўйича жавобгар шахсни солиқ тўловчининг ҳуқуқлари ва вазифалари билан имзо қўйган ҳолда таништиради.
Солиқ тўловчилар томонидан солиқ органларига ҳисоботларни тўлдирувчи ва уларни топширувчи жавобгар шахслар ҳақидаги паспорт маълумотларни тақдим этиш лозим.
4. Солиқ тўловчиларнинг мансабдор шахслари ҳисоботни белгиланган муддатларда юридик шахсларни солиққа тортиш бўлими ҳузуридаги солиқ тўловчиларнинг ҳисобот ва балансларни қабул қилиш секторига (бундан буёғи ҳисоботлар ва балансларни қабул қилиш сектори), ёки бевосита бунинг учун идоранинг махсус ташкил этилган бўлинмасига 2 нусхада тақдим қиладилар.
5. Ҳисоботларнинг юқорида айтиб ўтилган у ёки бу шаклини тузиш ва тақдим этиш муддатлари, тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланади.
Солиқлар бўйича ҳисоб-китобларни тақдим қилиш муддатлари ва тартиби уларни ҳисоблаш ва бюджетга тўлаш тартиби тўғрисидаги амалдаги йўриқномалар билан белгиланади.
III. СОЛИҚ ИДОРАЛАРИНИНГ ҲИСОБОТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ
6. Ҳисоботларни қабул қилиб олган шахс солиқ тўловчининг илова хатининг ўнгдан пастки бурчагига давлат солиқ хизмати идорасининг рўйхатга олиш штампини қўяди, кириш рақами ва ҳужжатнинг келиб тушган санасини кўрсатади. Шундан кейин ҳисоботларни тақдим этувчига ушбу Тартибнинг 1-иловасига мувофиқ маълумотнома беради, унда ҳисоботларни олиш санаси ва солиқ тўловчининг расмий равишда қабул қилинган ҳисоботнинг бир нусхасини ёки унга доир мулоҳазаларни олиш учун келиши лозим бўлган сана кўрсатилади.
7. Ҳисоботлар ва балансларни қабул қилиш секторининг ходимлари солиқ тўловчиларнинг ҳисоботларини олгач, уларнинг олинганлигини ушбу Тартибдаги 2-иловага мувофиқ тегишли рўйхатга олиш журналида қайд қиладилар.
Шуни ҳам назарда тутиш керакки, топшириладиган ҳисоботларни қайд қилиш журнали рақамланиши, шнурлаб ўтилиши, муҳр билан тасдиқланиши лозим.
8. Солиқ тўловчиларнинг тақдим этган ҳисоботларни қабул қилишда, Давлат солиқ хизмати ваколати доирасидан ортиқча талаб қўйиш тақиқланади.
IV. ҲИСОБОТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВАҚТИДА ТЕКШИРИЛАДИГАН МАСАЛАЛАР
9. Ҳисоботлар ва балансларни қабул қилиш сектори ходимлари қуйидагиларнинг мавжудлигини текширадилар:
қонун билан белгиланган ва давлат солиқ хизмати идораларига тақдим этилиши зарур бўлган ҳисоботлар шаклларини;
солиқ тўловчи корхонанинг ҳисоботларини топшириш ҳуқуқига эга мансабдор шахсларининг имзоларини ва корхона муҳрларини;
ҳисоботларнинг барча реквизитларини (банк ҳисобварақлари рақамлари, солиқ тўловчининг идентификация рақамлари, юридик манзил, саналар ва шу кабиларни) тўлдиришини;
бухгалтерия ҳисоботлари шаклларида назарда тутилган барча кўрсаткичларни тўлдиришини;
корхонада тегишли активлар, пассивлар, операциялар мавжуд бўлмаган ҳолда бу модда (қатор, графа) чизиб қўйилганлигини;
солиқлар бўйича имтиёзлар мавжуд бўлган тақдирда уларнинг миқдорини тегишли равишда тақсимланганлигини;
ҳисобот шаклларини ва уларда кўрсатилган маълумотларни шу солиқ тўловчига белгиланган солиқ тўлаш тартибига мос келишини;
солиқларнинг муайян турларидан тўғри ёки қисман озод қилинган солиқ тўловчилар бўйича солиқ имтиёзлари миқдорини ҳисоблаб чиқишни;
ҳақиқатдаги фаолияти статистика органлари томонидан берилган фаолият кодига мос келишини;
бошқа масалаларни.
10. Ҳисоботга доир эътирозлар бўлмаган тақдирда тааллуқли компьютер дастури орқали ҳисобот кунига ҳисобланган солиқ тўловлари суммалари кўрсаткичлари ҳисобварақларига ёзувларни ўтказиш ва бюджет билан ўзаро ҳисоб-китобларга кўра оператив таққосланишни амалга ошириш учун, солиқлар тушумини ҳисобга олиш, таҳлил қилиш ва солиқ статистикаси бўлимига топширилади, шундан кейин бюджет билан ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотлар кўчирилиб, солиқ суммаларининг шахсий ҳисобварақларига ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотни компьютердан қоғозга чиқариб, белгиланган ҳолда ҳисоботлар ва балансларни қабул қилиш секторига топширилади.
11. Боқимандалар мавжуд бўлган тақдирда солиқлар тушумини ҳисобга олиш, таҳлил қилиш ва солиқ статистикаси бўлими боқимандаларни мажбурий тарзда ундириш бўлими билан биргаликда 30 кун муддат ичида боқимандаларни узиш ҳақида талабнома тайёрлайди, уни имзо қўйган ҳолда солиқ тўловчига ҳисобот узил-кесил қабул қилинган вақтда ва солиқ тўловчига қабул қилинган ҳисоботнинг бир нусхасини бериш вақтида топширилади.
12. Шундай кейин ҳисоботлар ва балансларни қабул қилиш секторининг ходимлари ҳисобот қабул қилингани ҳақида штамп қўйиб, қабул қилинган ҳисоботнинг бир нусхасини солиқ тўловчига қайтарадилар, шунингдек (боқимандалар мавжуд бўлган тақдирда) боқимандани узиш зарурлиги тўғрисидаги талабномани имзо қўйдириб топширадилар.
13. Тақдим этилган ҳисоботлар ва ҳисоб-китоблар белгиланган талабларга мувофиқ келмаган тақдирда қайта ишлаш учун солиқ тўловчига қайтарилади.
14. Шу билан бирга давлат солиқ хизмати идоралари мазкур Тартибнинг 3-иловасига мувофиқ «Ҳисоботга доир мулоҳазалар» тайёрлайдилар.
15. Мазкур мулоҳазалар тузатилиш ва ҳисоботлар ҳамда балансларни топшириш учун белгиланган муддатдан кечиктирмай тақдим этилиши лозим. Бундай ҳолда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 135-моддаси 4-бандида назарда тутилган маъмурий ва молиявий санкциялар солиқ тўловчига нисбатан қўлланмаслиги лозим.
16. Билдирилган мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда қайта ишлаб чиқилган ҳисобот давлат солиқ хизмати идорасига яна тақдим этилади ва ҳисоботга боғлиқ шундай кейинги ишлар ушбу Тартибнинг 6-8-бандларига мувофиқ амалга оширилади.
17. Солиқ тўловчиларнинг ҳисоботларига ишлов бериш келиб тушган пайтидан то ҳисоботнинг ёки мулоҳазаларнинг бир нусхаси солиқ тўловчига берилиши пайтигача икки кундан ошмаган муддатда амалга ошириши лозим.
Агарда юқорида айтилган муддатнинг тугаш вақти дам олиш (ишланмайдиган) кунига тўғри келиб қолса, шундан кейинги биринчи иш куни муддатнинг тугаш куни ҳисобланади.
Белгиланган муддатда ҳисобот топширмаганлиги учун солиқ тўловчилар молиявий ва маъмурий жавобгарликка қонунда белгиланган тартибда тортилади.
18. Солиқ тўловчиларнинг қабул қилинган ҳисоботлари ҳисоботлар ва балансларни қабул қилиш секторларида махсус ажратилган ва ёпиладиган яроқли идора шкафларида сақланиши лозим.
V. ҲИСОБОТЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ
19. Сектор ва солиқ идоранинг бошқа бўлинмалари масъул ходимлари (ҳисоботлардан фойдаланувчилар), солиқ тўловчиларнинг топширган ҳисоботларини сектордан ташқарисига олиб чиқиб кетиш ҳуқуқига эга эмаслар.
Солиқ тўловчиларнинг ҳисоботларидан маълумотлар олиш зарурати туғилганда ахборотдан фойдаланувчилар ҳисоботлар билан бевосита секторнинг ўзида ишлаш (маълумотларни кўчириб ёзиш, ҳисобот шаклларидан, солиқ ҳисоб-китобларидан нусхалар олиш) ҳуқуқига эгадирлар.
20. Ҳисоботдан фойдаланувчига солиқ тўловчининг бухгалтерлик ҳисоботи ёки ҳисоботларнинг айрим шакллари зарур бўлиб қолган тақдирда ҳисоботдан фойдаланувчи зарур ҳужжатларнинг нусхаларини олишга ҳақлидир.
Ҳисоботдан фойдаланувчиларни ва улар томонидан олинган айрим ҳисобот шаклларини рўйхатга олиш учун 4-иловада кўрсатилган, рақамланган, шнурланган ва муҳр билан тасдиқланган ҳисоботлардан фойдаланувчиларни рўйхатга олиш журнали юритилиши зарур.
21. Ҳисоботлардан ички ва ташқи фойдаланувчиларга ҳисоботлар ўрнатилган тартибда фақатгина солиқ органларининг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарларини ёзма равишдаги кўрсатмасига асосан берилиши зарур.
VI. ҲИСОБОТЛАР ВА БАЛАНСЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ СЕКТОРИ ХОДИМЛАРИ, ШУНИНГДЕК ҲИСОБОТЛАРДАН ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ
22. Ҳисоботлар ва балансларни қабул қилиш сектори ходимлари, шунингдек ахборотдан фойдаланувчилар Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ҳисоботларнинг сақланиши ва солиқ тўловчининг ҳисоботлари ва баланслари маълумотлари сир сақланишини таъминлаш учун жавобгардирлар.
23. Ушбу Тартибнинг 9-бандида кўрсатилган саволлар бўйича олиб борилган текширувнинг сифатсиз амалга оширилган ҳолларда, солиқ тўловчидан ҳисоботларни қабул қилган сектор ходимлари қонунда белгиланган тартибда жавобгардирлар.
VII. СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ
24. Солиқ тўловчи тақдим этиладиган ҳисоботнинг ўз вақтида топширилиши ва унинг тўғрилиги учун амалдаги қонунларга мувофиқ жавобгар бўладилар.
Раис ўринбосари Ш. САТТОРОВ
Тартибга
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ҳисоботнинг қабул қилинганлиги тўғрисида
МАЪЛУМОТНОМА
| Корхонанинг номи_______________________________________________________________ | |
| ҳисобот қабул қилинган сана «____»_______________ | |
| қабул қилинган ҳисоботни ёки унга доир мулоҳазаларни олиш учун келиш «____»______________ | |
| Ҳисоботни қабул қилган шахс ______________________________________________________ | |
|
Фамилияси, исми, отасининг исми, имзо | |
| | |
| Муҳр ўрни | |
Тартибга
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Корхоналар ҳисоботини рўйхатга олиш
ЖУРНАЛИ
| № | Корхонанинг номи | Ҳисобот қабул қилинди | Қайта ишлашга юборилди | Ҳисобот қайта ишловдан сўнг қабул қилинди | Ҳисоботни қабул қилган киши Ф.И.О. |
| 1 | 2 | 3 | 4 | 5 | 6 |
3, 4, 5-устунларда ҳисоботни қабул қилиш санаси (ҳисоботни қабул қилган шахс қўйган санага мувофиқ), қайта ишлашга юбориш ва қайта ишланган ҳисоботни қабул қилиш саналари кўрсатилади.
Тартибга
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Ҳисоботлар юзасидан
МУЛОҲАЗАЛАР
| 1. Ҳисоботлар тўлиқ эмас___________________________________________________________________________________ | |
|
Ҳисоботларнинг қайси шакллари йўқлиги кўрсатилсин | |
| 2. Мансабдор шахслар имзоси йўқ ____________________________________________________________________________ | |
|
Қайси шаклларда | |
| 3. Барча реквизитлар тўлдирилганми: | |
| — банк ҳисоботлари рақами | |
| — юридик манзил | |
| — жавобгар шахс | |
| Зарурат бўлса, қайси шаклларда тўлдирилмаганлиги кўрсатилсин | |
| 4. Ҳисоботлар шаклларининг тўлдирилмаган кўрсаткичлари бор ёки ҳисобот шакллари белгиланган меъёрлар бузилган ҳолда тўлдирилган | |
| ________________________________________________________________________________________________________ | |
|
Қайси шаклларда эканлиги кўрсатилсин | |
| 5. _______________________________________________________солиқлар бўйича қўлланадиган имтиёзлар тафсилоти йўқ | |
| 6. _____________________________________________________солиқларни тўлашдан озод қилишда тасдиқловчи ҳужжатлар (ҳисоб-китоблар) йўқ | |
| 7. Бошқалар ______________________________________________________________________________________________ | |
|
сабаби кўрсатилсин | |
| Инспектор________________ | |
| сана______________ | |
Изоҳ: мулоҳазалар фақат ҳисоботлар юзасидан эътирозлар бор бўлганда тўлдирилади. Мулоҳазалар икки нусхада тўлдирилади, улардан биттаси инспекцияда сақланади.
Тартибга
4-ИЛОВА
4-ИЛОВА
Ҳисоботлардан фойдаланувчиларни рўйхатга олиш
ЖУРНАЛИ
| № | Ҳисоботдан фойдаланувчи Ф.И.Ш. | Олинган ҳисоботлар рўйхати | Олинган вақти | Олувчининг имзоси | Қайтариш вақти | Қайтариб олувчининг имзоси |
| 1 | 2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 |