Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг
қарори
Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида»ги Қонуни 1-моддаси учинчи қисмининг ўзбек ва рус тили матнларидаги номувофиқликни бартараф этиш тўғрисидаги таклифни Олий Мажлисга тақдим этиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раис М. Абдусаломов, судьялар У. Бозоров, Г. Пиржанов ва С. Ҳакимовадан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 82-моддаси ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига амал қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида»ги Қонуни 1-моддаси учинчи қисмининг ўзбек ва рус тили матнларидаги номувофиқликни бартараф этиш тўғрисидаги таклифни Олий Мажлисга тақдим этиш ҳақидаги ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.
Ишни кўришга Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьялари У. Бозоров, Г. Пиржанов ва С. Ҳакимовалар томонидан аниқланган Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида»ги Қонунининг 1-моддаси учинчи қисмидаги ўзбек ва рус тили матнларидаги номувофиқлик ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига асосан кўрсатилган ташаббуси асос бўлди.
Маърузачи-судья С. Ҳакимованинг ахборотини, Конституциявий суд раиси М. Абдусаломов, судьялар У. Бозоров, Г. Пиржановнинг фикрларини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қуйидагиларни аниқлади:
Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида»ги Қонуни 1-моддаси учинчи қисмига асосан «Киритилган улуш шаклидан қатъи назар, қимматли қоғозларнинг қиймати Ўзбекистон Республикаси пул бирлигида, уларни чиқариш шартларида назарда тутилган ҳолларда эса — чет эл валютасида (акциялар бўйича — мулкни ўтказиб бериш йўли билан ҳам) ифодаланади ва тўланади» деб белгиланган.
Ушбу модда учинчи қисмининг рус тилидаги матнига кўра: «Киритилган улуш шаклидан қатъи назар, қимматли қоғозларнинг қиймати Ўзбекистон Республикаси пул бирлигида ифодаланади ва тўланади, уларни чиқариш шартларида назарда тутилган ҳолларда эса — чет эл валютасида (акциялар бўйича — мулкни ўтказиб бериш йўли билан ҳам) тўланади».
Қонуннинг 1-модда учинчи қисми рус ва ўзбек матнлари бир-бирига номувофиқдир.
Юқорида баён қилинганларга асосланиб ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонунининг 25 ва 26-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қилди:
Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида»ги Қонуни 1-моддаси учинчи қисмининг ўзбек ва рус тили матнларидаги номувофиқликни бартараф этиш тўғрисидаги таклиф қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этилсин.
Тошкент ш.,
2004 йил 20 июль