Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг
қарори
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатлари нормаларини бир-бирига мувофиқлаштириш тўғрисидаги таклифни Олий Мажлисга тақдим этиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Раис Б. Мустафоев, судьялар Б. Мирбобоев, У. Бозоров, Г. Пиржанов ва С. Ҳакимовадан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 82-моддаси ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига амал қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатлари нормаларини бир-бирига мувофиқлаштириш тўғрисидаги таклифни Олий Мажлисга тақдим этиш ҳақидаги ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.
Ишни кўришга Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари Б. Мирбобоев, У. Бозоров ва Г. Пиржановнинг Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 239-моддасининг иккинчи қисмини ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонун 16-моддасининг биринчи қисмини бир-бирига мувофиқлаштириш зарурлиги хусусида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ кўрсатган ташаббуси асос бўлди.
Маърузачи-судья Г. Пиржановнинг ахборотини, Конституциявий суд Раиси Б. Мустафоев, судьялар Б. Мирбобоев, У. Бозоров, С. Ҳакимованинг фикрларини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қуйидагиларни аниқлади:
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 239-моддасининг иккинчи қисмида «Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси... Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьясига нисбатан — Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг розилиги билан... қўлланилиши мумкин» деб кўрсатилган.
«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонун 16-моддасининг биринчи қисмида эса «Конституциявий суднинг судьяси Олий Мажлиснинг розилигисиз, сессиялар ўртасидаги даврда эса Олий Мажлис Кенгашининг розилигисиз... ҳибсга олиниши... мумкин эмас» деб мустаҳкамланган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди мазкур қонунларнинг нормаларини бир-бирига мувофиқлаштириш зарур деб ҳисоблайди.
Юқорида баён қилинганларга асосланиб ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 25 ва 26-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қилди:
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 239-моддасининг иккинчи қисми ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонун 16-моддасининг биринчи қисмини бир-бирига мувофиқлаштириш тўғрисидаги таклиф қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этилсин.
Тошкент ш.,
2002 йил 30 октябрь