Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг
қарори
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини Олий Мажлис муҳокамасига киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди Раис Б. Эшонов, Раис ўринбосари Б. Мирбобоев, судьялар Ғ. Абдумажидов, С. Ҳакимова, Й. Жўраев ва Г. Пиржановдан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 82-моддасига ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига амал қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Олий Мажлис муҳокамасига киритиш ҳақидаги ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.
Масалани кўриб чиқишга Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди пленумларининг, агар суд ишни кўриб чиқишда бирон-бир норматив ҳужжатнинг Конституцияга номувофиқлигини аниқласа, ишни юритишни тўхтатиб туриш ҳақида ажрим чиқариши тўғрисидаги кўрсатмаси муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги қонуннинг 19-моддасига мувофиқ Конституциявий суд судьялари Б. Мирбобоев, Ғ. Абдумажидов ва Й. Жўраевнинг кўрсатган ташаббуси асос бўлди.
Судья Ғ. Абдумажидовнинг ахборотини, мутахассислар профессор Х. Раҳмонқулов, доцент М. Азимов ва юридик фанлари номзоди Б. Пўлатовнинг фикрини эшитиб, иш материалларини ўрганиб чиқиб, Конституциявий суд қуйидагиларни аниқлади:
Фуқаровий, хўжалик ва жиноят ишларни кўриб чиқиш ҳамда ҳал этиш тартиби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва уларни қўлланиш амалиётини ўрганиб чиқиш шундан далолат берадики, судлар муайян ишлар бўйича қўлланилиши лозим бўлган, фуқароларнинг ҳуқуклари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, шунингдек жамият ва давлат манфаатларига жиддий дахлдор бўлган айрим қонун ёки унинг нормалари Конституцияга мослигига баъзан шубҳаланадилар.
Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал ва Жиноят процессуал кодексларида қўлланаётган қонун ёки унинг нормаларининг Конституцияга мослиги ҳақидаги шубҳаларни ҳал этиш тартибига оид нормалар мавжуд эмас. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленуми 1996 йил 20 декабрдаги қўшма қарор билан, агар суд ишни кўриб чиқишда тўғри қарор қабул қилиши учун аҳамиятли бирон-бир норматив ҳужжатнинг Конституцияга номувофиқлигини аниқласа, у ишни тўхтатиб туриш тўғрисида ажрим чиқариши ҳақида кўрсатма берган.
Бироқ, «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16 ва 46-моддаларига мувофиқ, Олий суд ва Олий хўжалик суди пленумлари қонун ҳужжатларини қўлланиш масалалари юзасидан кўрсатмалар бериш ваколатига эга, фуқаровий, хўжалик ва жиноят ишлари бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги масала эса фақат қонун билан тартибга солиниши лозим.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 82-моддасига ва «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ Конституциявий суд қарор қилди:
Муайян иш бўйича қўлланилиши лозим бўлган қонун ёки унинг нормалари Конституцияга мослиги хусусида судда шубҳа пайдо бўлган ҳолларда фуқаролик, хўжалик ва жиноят ишлари бўйича иш юритишни тўхтатиб туришга оид Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис муҳокамасига киритилсин (лойиҳа илова қилинади).
Тошкент ш.,
1998 йил 16 июнь