Фарғона вилояти Қўқон шаҳри ҳокимининг
Қарори
Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишни амалга ошириш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 15-сон, 197-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 1-2-сон, 17-модда), 2017 йил 22 декабрдаги «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 1010-сонли қарори (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.12.2017 й., 09/17/1010/0461-сон) ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуни 6, 25-моддаларига асосан қарор қиламан:
1. Шаҳарда 2019 йил давомида транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича комиссия таркиби 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
2. Шаҳардаги тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан мазкур қарорнинг 1-иловасида* кўрсатилган комиссия аъзоларини транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш даврида комиссия таркибида фаолият олиб боришлари учун ойлик иш ҳақларини сақлаган ҳолда вазифаларидан озод қилиб, шаҳар ИИО ФМБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимига келишлари таъминлансин.
3. Транспорт воситаларини мажбурий теҳник кўрикдан ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий теҳник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 5-банди «а», «б», «в», «г» кичик бандларида белгилаб қўйилган даврийликка ҳамда 6-бандида белгиланган қуйидаги муддатларда ўтказишликка қатьий риоя қилинсин:
а) ишлаб чиқариш корхоналари ва кичик корхоналар тасарруфида бўлган транспорт воситаларини мазкур қарорнинг 2-иловасида* кўрсатилган тартибда 2019 йилнинг 1 мартидан 2019-йилнинг 30 июнига қадар;
б) жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларини мазкур қарор кучга кирган кундан бошлаб 2019 йилнинг 31 август кунига қадар;
в) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган корхона ва ташкилотларнинг транспорт воситаларини мазкур қарорнинг 3-иловасида* кўрсатилган тартибда биринчи марта: 2019 йилнинг 1 март кунидан 2019 йилнинг 30 июнига қадар, иккинчи марта: 4-иловага* мувофиқ 2019 йилнинг 1 сентябрдан 2019 йилнинг 31 октябрь кунига қадарли мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
* 1 — 4-иловалар берилмайди.
4. Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармаси Йўл харакати ҳавфсизлиги бўлими бошлиғи майор А. Ахмедов, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль транспорти агентлиги Фарғона вилояти Қўқон шаҳар бўлими бошлиғи А. Турсунов зиммасига:
шаҳардаги корхона ва автохўжаликлардаги автомототранспортларни техник кўрикдан сифатли ва тўлиқ ўтказилишини низом талаблари асосида олиб бориш;
техник кўрик учун тушган йиғим суммасини маҳаллий бюджетга ўтказилишини таъминлаш вазифаси юклатилсин.
5. Шаҳар Мудофаа ишлар бўлими бошлиғи майор О. Муродов шаҳар Мудофаа бўлими ҳисобида турувчи автомобилларни техник кўрикдан сифатли ва тўлиқ ўтказишга вакил этиб тайинлансин.
6. Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи подполковник И. Сотволдиевга автомототранспортларни йиллик техник кўрикдан сифатли ўтказишда техник кўрик ўтказиш учун ажратилган ҳодимларга етарлича шароит яратиб бериш вазифаси топширилсин.
7. «Қўқон садоси» ва «Знамя труда» рўзномалари бирлашган таҳририяти (М. Норбоева), «Мулоқот» телеканали (Х. Шерматов) томонидан автомототранспортларни йиллик техник кўрикдан ўтказиш жараёнини оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб бориш вазифаси топширилсин.
8. Мазкур қарор «Қўқон садоси» газетасида расмий эълон қилинсин ҳамда шаҳар ҳокимлигининг веб-сайтига жойлаштирилсин.
9. Белгилансинки, ушбу карор оммавий ахборот воситаларида расман эълон килинган кундан бошлаб кучга киради.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш шаҳар ҳокимининг ўринбосари О. Мамажонов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким М. УСМОНОВ
Қўқон ш.,
2019 йил 26 январь,
83-сон