Сурхондарё вилояти Сариосиё тумaни ҳокимининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарорига асосан туман ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситаларини 2012 йилда мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида»ги Низомига асосан туман ҳудудидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситаларини 2012 йилда мажбурий техник кўрикдан ўтказиш ҳамда вилоят ҳокимлигининг 2012 йил 10 февралдаги 03-05/004-сонли йиғилиш баённомаси ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Вилоят ҳокимилигининг 2012 йил 10-февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 54-сонли қарори талабларининг бажарилиши тўғрисида»ги 03-05/004-сонли йиғилиш баённомаси раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Туман ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахсларга, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган ва белгиланган тартибда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) органларидан рўйхатдан ўтказилган транспорт воситалари 2012 йилда мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
3. Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофик техник кўрикдан ўтказилсин;
а) Тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар, микроавтобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидаи ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва улардаги тиркамалар — бир йилда икки марта;
б) ишлаб чиқарилганига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) бир йилда бир марта;
г) Тиркамлар кўрикка транспорт воситаси шатакли транспорт воситалари учун белгиланган муддатларда тақдим этилсин.
Транспорт воситалари ДЙХХХ органларида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб улардан фойдаланишнинг биринчи йили мобайнида транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилмайди (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилганлардан ташқари).
4. Мазкур қарорнинг 2-банди «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:
биринчи марта — 1 мартдан 30 июнгача;
иккинчи марта — 1 сентябрдан 31октябргача ўтказилсин.
Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги:
1 мартдан 30 июнгача ўтказилсин.
Жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги:
1 январдан 31 августгача ўтказилсин.
Техник кўриги белгиланган муддатда ўтказиш туман Ички Ишлар бўлимининг йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги бўлинмаси (Э. Тўйчиев) ва туман мудофаа ишлари бўйича бўлими (А. Баратов) зиммасига юклатилсин.
Мазкур қарорнинг 3-банди «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситалари иккинчи марта техник кўрикдан ўтказилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
Биринчи (олдинги) техник кўрикдан носоз деб топилган транспорт воситалари такрорий техник кўрикдан ўтказилганлиги учун белгиланган миқдорда йиғим ундирилади.
5. Мулкчилик шаклидан қатъий назар туман ҳудудида жойлашган барча ташкилот, корхона ва хўжалик раҳбарларига, фойдаланишда бўлган транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш давомида шу корхона ва ташкилотда ишловчи ходимларнинг шахсий транспорт воситаларини ҳам биргаликда техник кўрикдан ўтказиш учун ходимларнинг розилиги билан тегишли тўловларни яъни суғурта, техник кўрик, экология талони учун тўловларини ойлик маошларидан ушлаб қолиб, тегишли ҳисоб рақамларига ўтказиш вазифаси юклатилсин.
6. 2012 йилги давлат техник кўригини уюшқоқлик билан сифатли ўтказиш бўйича туманнинг махсус комиссияси таркиби иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
Туман ҳудудида Давлат техник кўригини сифатли ва белгиланган муддатларда. ўтказиш учун етарлича муҳандис ва техник ходимлар ҳамда мутахассислар билан биргаликда солиқ инспекцияси, давлат суғурта идоралари вакиллари ва мудофаа ишлари бўлимининг ходимлари иштирок этилишини таьминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 2 августдаги 156-сонли қарори талабларига асосан йўловчи ташувчи автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг бир йилда бир марта 30 соатлик дастур асосида машғулот ўтишлари қаттиқ назорат остига олинсин.
автохўжаликлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарларидан ҳамда шахсий автотранспорт эгаларидан уларга тегишли бўлган транспорт воситаларининг техник ҳолатини яхшилашда уларнинг қайта жиҳозланганлиги, яьни қўшимча ёнилғи идиши, ёхуд бошқа турдаги двигатель ўрнатилганлиги, автобус ва микроавтобусларнинг ўриндиқларини қонун доирасида бўлишлиги ҳамда газ ёнилғисида қайта жиҳозланганлигига эътибор қаратиб, белгиланган муддатда ўтказилишини таъминлашни назорат остига олиш;
ҳокимлик йиғилишларида ички ишлар, мудофаа бўлимларининг, ташкилот, корхона ва хўжаликларнинг йиллик техник кўриги натижалари бўйича ҳисоботларни ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таьминлаш, транспорт воситаларини техник ҳолатини яхшилаш чора-тадбирларини етарли даражада амалга оширмаган раҳбарларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий ва интизомий чоралар қўллаш масаласини кўриб чикиш;
аҳолига техник хизмат кўрсатиш ташкилоти ва унинг жойлардаги бўлинмаларидан техник кўрик ўтказиш давомида ходимларни қатнашишини таьминлаш.
7. Шахсий авто улов воситалари эгаларидан ундириб олинадиган транспорт солиғи ҳамда мажбурий транспорт суғурта тўловларини қонуний равишда ўз вақтида ундириб олиш ишлари туман давлат солиқ бўлими (Р. Мелибоев) туман Агросуғурта идораси (З. Камолова)га ҳамда маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари раислари зиммасига юклатилсин.
8. Туман автомотоҳаваскорлар жамияти (Н. Жумаев), Ўзбекистон мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти (А. Эшбоев), туман ички ишлар бўлимининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси (Э. Туйчиев) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 2 августдаги 156-сонли қарорига асосан йўловчилар ташиш билан шуғулланувчи транспорт воситала ҳайдовчиларини бир йилда бир марта йул ҳаракати қоидалари ва йул ҳаракат хавфсизлиги фанидан 30 соатлик дастур асосида машғулот ўтишлари учун шарт-шароитлар яратган ҳолда тўлиқ жалб этилишини таъминласинлар.
9. Техник кўрик ўтказиш муддатларида комиссия аъзоларининг ўртача ойлик маошлари асосий иш жойларида тўлиқ сақланган ҳолда бошқа ишлардан озод қилинсин.
10. Ўтказилган техник кўрик натижалари бўйича ҳар ой якунида ёзма равишда тақдимномалар киритилсин ҳамда комиссия йиғилишларида муҳокама этиб борилсин.
11. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф. Умаров зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими Ҳ. МИНГБОЕВ
Сариосиё т.,
2012 йил 21 февраль,
152-сон