Сурхондарё вилояти Олтинсой тумaни хокимининг
қарори
Олтинсой туманидаги қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникалари, шунингдек машина трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини 2015 йилда техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг 2021 йил 6 июлдаги VI-29-26-8-0-К/21-сонли «Сурхондарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 8 июлдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг 2013 йил 2 апрелдаги 58-сон буйруғи билан тасдиқланган «Қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникани, шунингдек машина трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низом (рўйхат рақами — 2452, 25.04.2013 йил) га асосан 2015 йилда юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган барча қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникалар, машина трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини (кейинги ўринларда Техникалар деб юритилади) мажбурий техник кўрикдан ўтказишни ташкил қилиш мақсадида қарор қиламан:
1. Барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган ва белгиланган тартибда машина ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича Олтинсой туман давлат инспектори томонидан рўйхатдан ўтказилган барча техникаларнинг 2015 йилда мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши таъминлансин.
2. Тумандаги барча техникаларни рўйхатини шакллантириш ҳамда техник кўрикдан ўтказиш қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича Олтинсой туман давлат инспектори (Ж. Мўминов) зиммасига юклатилсин.
3. Техник кўрикни ўтказишда: барча техникаларнинг техник ҳолати ва жиҳозлари стандарт талабларига, йўл ҳаракати ва техника хавфсизлиги қоидалари ҳамда нормаларига мос келиши;
- техник кўрик бошлангунга қадар барча диагностика аппаратлари текширилиши, махсус техникалар, ҳаракатланувчи таъмирлаш ва тузатиш устахоналарининг жиҳозланганлигига алоҳида эътибор қаратилсин.
4. 2015 йилда техник кўрикни уюшқоқлик билан сифатли ўтказиш, техникаларнинг техник ҳолати, улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш мақсадида, техник кўрикдан ўтказиш бўйича комиссиянинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича Олтинсой туман давлат инспектори (Ж. Мўминов)га 2-иловага* асосан тасдиқланган техник кўрикдан ўтказиш иш режасини ҳар бир техникага мулк ҳуқуқи асосида эга шахсларга (бундан буён матнда мулкдор деб юритилади) етказиш ҳамда ўз вақтида бажарилишини таъминлаш юклатилсин.
6. 2015 йил давомида техникаларнинг техник кўрикдан ўтказилганлиги учун давлат инспектори томонидан ундириладиган йиғимларнинг ставкалари 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 2 ва 3-иловалар берилмайди.
7. Тумандаги ҳар бир мулкдор техник кўрикдан ўтказиладиган техникалар тўғрисидаги далолатномаларни тўлдириш ва техник кўрикдан ўтказиш учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни техника доимий рўйхатдан ўтган жойдаги давлат инспекторига тақдим этишда белгиланган муддатларга қатъий риоя қилсин.
8. Суғурта ташкилотларига тумандаги барча тракторлар, ўзи юрар шассилар, мелиоратив йўл-қурилиш техникалари ва трактор тиркамаларидан тушадиган мажбурий суғурта бадалини ундириш тавсия қилинсин.
9. Туман ҳокимининг 2014 йил 11 мартдаги 107-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Б. Абдурайимов зиммасига юклатилсин.
11. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
Туман ҳокими Х. САМАТОВ
Олтинсой т.,
2015 йил 23 январь,
60-сон
Туман ҳокимининг 2015 йил 23 январдаги 60-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Олтинсой тумани ҳудудидаги техника эгаларига тегишли қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техника, асбоб-ускуналарни 2015 йилда техник кўрикдан ўтказувчи туман комиссияси
таркиби
|
Ж. Мўминов |
— |
Қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича Олтинсой туман давлат инспектори, комиссия раиси |
|
А. Алияров |
— |
Олтинсой туманидаги доимий ҳаракатдаги комиссия котиби |
|
Ё. Одинаев |
— |
«Олтинсой Агротехсервис МТП» МЧЖ директори |
|
А. Сатгаров |
— |
Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимининг мева-савзавотчиликни ривожлантириш бўйича мутахасиси |
|
И. Жўраев |
— |
Пахтакор МТП муҳандиси |