Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
қарори
Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тЎғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 5 июндаги 1339-сонли «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексининг 14 ва 16-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов ўтказиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2014 йил 11 сентябрдаги 618-сон қарорининг 1-банди ўн иккинчи ҳатбошиси ва 11-иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари М. Истамов зиммасига юклансин.
Марказий сайлов комиссияси Раиси М. АБДУСАЛОМОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 24 август,
930-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 24 августдаги 930-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига (бундан буён матнда Сайлов кодекси деб юритилади) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига (бундан буён матнда маҳалий Кенгаш деб юритилади) сайлов ўтказишда қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкасини тузиш, участка сайлов комиссияларини шакллантириш ва овоз беришни ташкил этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ушлаб турилган — жиноят содир этганликда гумон қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддасида назарда тутилган асослар бўйича озодликдан маҳрум этиш жойи ҳисобланмаган хизмат биноларида ёки вақтинча сақлаш ҳибсхонаси камерасида ушлаб турилган шахс;
қамоққа олинган — Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи;
қамоқда сақлаш — жиноят содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган шахсларни ёхуд қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахсларни тергов ҳибсхоналарида сақлаш;
ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар — қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар;
унча оғир бўлмаган жиноятлар — қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан ортиқ, лекин беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар;
оғир жиноятлар — қасддан содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар;
ўта оғир жиноятлар — қасддан содир этилиб, қонунда ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёхуд умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар;
манзил-колонияси — жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар соқчисиз, аммо назорат остида сақланадиган жазони ижро этиш муассасаси.
2. Сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадир.
3. Қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар овоз бериш ҳуқуқига эгадирлар.
Оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2-боб. Сайлов участкаларини тузиш тартиби
4. Сайлов участкалари, қоида тариқасида, камида йигирма нафар ва кўпи билан уч минг нафар сайловчидан ошмаган ҳолда тузилади.
5. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари сайловга камида олтмиш кун қолганида, айрим ҳолларда эса истисно тариқасида, сайловга камида етти кун қолганида тузилади.
6. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари раҳбарларининг тақдимномасига асосан сайлов участкалари округ сайлов комиссияси қарори билан тузилади. Бу сайлов участкалари улар жойлашган ҳудудаги сайлов округларига киради.
Айрим ҳолларда, манзил-колонияси маъмуриятининг тегишли округ сайлов комиссиясига берган таклифига асосан мазкур муассасаларда сақланаётган сайловчилар кўчма сайлов қутиси орқали сайловчиларнинг турган жойида овоз бериши учун у жойлашган ҳудудаги сайлов участкасига бириктириш тўғрисида округ сайлов комиссиясининг қарори қабул қилиниши мумкин.
3-боб. Участка сайлов комиссияларини тузиш
7. Участка сайлов комиссияси сайловга камида қирқ кун қолганида беш — ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда округ сайлов комиссияси томонидан тузилади.
Агар комиссия етти нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилса, раис ва котиб сайланади.
Зарур бўлган ҳолларда, участка сайлов комиссиясининг сон таркиби ўзгартирилиши мумкин.
Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларининг раҳбари томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар мазкур муассаса ходимлари орасидан, шунингдек, жамоатчилик вакиллари жалб қилинган ҳолда халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига кўриб чиқиш учун таклиф қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Участка сайлов комиссиясининг шахсий таркиби тегишли округ сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланади.
8. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларидаги махсус ажратилган биноларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар тайёрланган бўлиши, сайлов бюллетенлари бериш учун жой ажратилган ва сайлов қутилари ўрнатилиши керак.
Сайлов қутилари уларнинг ёнига овоз берувчилар албатта яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналаридан ўтиб борадиган қилиб жойлаштирилади. Бинони жиҳозлаш ва унда зарур тартибни сақлаб туриш масъулияти муассаса маъмурияти ва участка сайлов комиссияси зиммасида бўлади.
4-боб. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш
9. Қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкалари бўйича сайловчиларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида участка сайлов комиссияси томонидан тузилади.
11. Сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси киритилади.
12. Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги марказлашган тартибда қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар ҳақидаги маълумотларни сайловга камида бир ой қолгунга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчилар ягона электрон рўйхатига тузатишлар киритиш учун юборади.
Агарда мазкур муассасаларда тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатида ўзгаришлар амалга оширилса, сайловга камида уч кун қолгунга қадар ушбу маълумотлар ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига етказиб бериш чоралари кўрилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Манзил-колонияларида сайлов участкалари тузилмаган ҳолатларда, улар бириктирилган участка сайлов комиссияларига муассасадаги сайловчилар ҳақидаги маълумотлар ушбу муассаса раҳбари томонидан сайловга камида етти кун қолганда тақдим этилади.
14. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида ушбу муассасаларнинг ички тартиб қоидалари ва режимини инобатга олган ҳолда, сайловга уч кун қолганида фуқароларга сайловчилар рўйхати билан танишиш имконияти таъминланади.
Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларининг маъмурияти мазкур маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва тўлиқлиги учун масъулдир.
15. Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхати билан танишиш жойи ва вақти тўғрисида сайловчиларни хабардор этади.
16. Ҳар бир фуқаро сайловчилар рўйхатидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига шикоят қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт.
5-боб. Сайлов комиссиялари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш
17. Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга.
18. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларидаги сайлов жараёнини кузатиш учун манфаатдор ташкилотларнинг, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ҳамда аккредитациядан ўтган оммавий ахборот воситалари вакилларининг рўйхати тегишли округ сайлов комиссияси томонидан участка сайлов комиссиясига сайловга уч кун қолганда тақдим этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19. Участка сайлов комиссияси, ўз навбатида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларининг маъмуриятига мазкур Низомнинг 18-бандида кўрсатилган шахслар ҳақидаги маълумотларни (уларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, сайловда ким сифатида иштирок этиши) ушбу муассасага тўсиқсиз кириб-чиқишлари учун тақдим этади.
Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларининг маъмурияти уларнинг кириб чиқиши ва хавфсизлигини таъминлаш, ички тартиб-қоидаларига риоя этиши учун масъул ҳисобланади.
6-боб. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов кампаниясининг бориши ҳақида хабардор қилиш
20. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участка сайлов комиссиялари мазкур муассасаларнинг маъмурияти билан биргаликда сайловчиларни сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари, сайлов ўтказиш вақти ва тартиби ҳамда номзодлар ҳақида хабардор қилиб боради.
21. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларининг маъмурияти томонидан номзодларга, уларнинг ишончли вакилларига, сиёсий партияларга фуқаролар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқоти учун тенг шароитлар яратиб берилади.
22. Сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди.
7-боб. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида овоз бериш
23. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида овоз бериш ушбу муассасаларнинг ички тартиб-қоидалари, режими ва уларнинг бошқа ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда Сайлов кодексига ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 23 июлдаги 924-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ташкил этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
24. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларининг ички-тартиб қоидалари ва режимидан келиб чиқиб, сайловчилар овоз бериш биносига кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда олиб келинади.
25. Сайлов участкаси тузилмаган манзил-колонияларида бириктирилган участка сайлов комиссияси томонидан сайловчиларга турган жойида овоз бериш ташкил этилади.
Бириктирилган участка сайлов комиссияси мазкур сайловчиларни сайловчилар рўйхати иловасига киритади.
26. Овоз бериш биносига келгач сайловчилар рўйхатга имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.
27. Сайлов бюллетени сайловчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Сайлов бюллетенини тўлдириш вақтида сайловчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.
28. Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «
» ёхуд «х» белгисини қўяди.
Сайловчи тўлдирилган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди.
29. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларида участка сайлов комиссияси, агар рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган бўлса, исталган вақтда овоз бериш тугаганлигини эълон қилиши мумкин.
30. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларида сайлов қутиларини соат 20:00 дан олдин очиш ва овозларни санаб чиқишга йўл қўйилмайди.
8-боб. Якуний қоида
31. Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участка сайлов комиссиялари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунларини чиқарилгандан сўнг, тегишли сайлов округларидан сайланган Қонунчилик палатаси депутатлари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан, маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин ўз фаолиятини тугатади.
32. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан келишилган.