Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВА ҚИРҒИЗИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХЎЖАЛИКЛАРИ ТОМОНИДАН ЯЙЛОВЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномага мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси хўжаликлари томонидан Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги ва Қирғизистон Республикаси хўжаликлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги яйловлардан ижара шартлари бўйича фойдаланиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлари томонидан 1992 йил 11 апрелда имзоланган Битим тасдиқлансин (илова қилинади).
2. Андижон, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларининг, шунингдек, тегишли ноҳияларнинг ҳокимлари Қирғизистон Республикасининг ноҳия ва вилоят ҳокимият ва бошқарув органлари билан биргаликда фойдаланишга берилган яйловлар майдонларини, улардан фойдаланиш тартиби, муддатлари ва шартларини, ижара ҳақи миқдорларини келишиб олсинлар ва мазкур масалалар юзасидан шартномалар тузсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Андижон, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларининг ҳокимлари зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 13 май,
234-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
1992 йил 13 майдаги 234-сон қарорига
ИЛОВА
1992 йил 13 майдаги 234-сон қарорига
ИЛОВА
БИТИМ
Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг ваколатли вакиллари Қирғизистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартноманинг 8-моддасига амал қилиб, қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1. Қирғизистон Республикасининг Давлат мустақиллиги тўғрисидаги декларацияга ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги тўғрисидаги декларацияга асосланиб, ўзаро фойдали ҳамкорлик асосида дўстликда ва муроса қилиб яшашга интилиб ҳамда Қирғизистон Республикасининг ва Ўзбекистон Республикасининг ер тўғрисидаги қонунларига амал қилиб, ваколатли вакиллар, ўзаро фойдали шартларда Республикаларнинг ҳудудларида яйлов чорвачилиги учун яйловлардан фойдаланиш мумкин, деб ҳисоблайдилар.
2. Яйлов чорвачилиги учун яйлов майдонларидан фойдаланиш ижара шартлари бўйича амалга оширилади.
3. Ижарага бериладиган яйловларнинг майдонлари, улардан фойдаланиш муддатлари, шартлари, шунингдек, боқиладиган чорва моллари сони ва ижара ҳақи миқдори ноҳия давлат маъмурияти бошлиқлари томонидан вилоятлар давлат маъмурияти билан келишган ҳолда белгиланади ва шартнома билан расмийлаштирилади. Шартномада ўрмонзорлардан фойдаланиш қоидалари акс эттирилган бўлиши керак.
Томонлардан бири шартнома шартларини бажармаган тақдирда иккинчи томоннинг талаби бўйича шартнома бекор қилиниши мумкин.
4. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархлари эркинлаштирилган, ўзгарган ҳолларда бир гектар яйлов учун ижара ҳақи миқдори ҳар йили шартномалар тузилаётганда тузатиб борилади.
Ижара ҳақи, ижарага берувчиларнинг тақдимномасига кўра, ҳар йили 1 апрелдан кечикмасдан, 1992 йилда эса 1 сентябргача махсус счётларга ўтказилади.
Яйловни ижарага олганлик ҳақи белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда ижарага олувчи яйловлардан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Шартнома асосида яйловлардан фойдаланишнинг юқорида кўрсатилган шартлари Қирғизистон Республикаси томонидан фойдаланилаётган Ўзбекистон Республикасининг Тошкент вилояти яйловларига ҳам тегишлидир.
5. Молларни бошқа жойга кўчириш республикаларда белгиланган молларни кўчириш трассалари бўйича, ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади. Шартномага мувофиқ, ижарага берилган яйловлардан фақат ижарачилар томонидан мол боқиш учун фойдаланилиши керак.
6. Ижарага олинган ерларда объектлар қуриш ва улардан фойдаланиш тегишли вилоят ва ноҳия давлат маъмуриятининг рухсати бўйича амалга оширилади.
7. Мазкур Битим бир хил юридик кучга эга бўлган 2 (икки) нусхада тузилган ва имзоланган бўлиб, Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматлари томонидан тасдиқланади ҳамда Бишкек ва Тошкент шаҳарларида сақланади.
Битим тасдиқланган кундан бошлаб кучга киради.
Тасдиқланган Битимларнинг нусхалари Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг тегишли вилоят давлат маъмуриятлари бошлиқларига амал қилиш ва бажариш учун юборилади.
Ваколатли вакиллар:
Қирғизистон Республикаси номидан К.А.АСАНОВ — Қишлоқ хўжалиги вазири
Ўзбекистон Республикаси номидан М.Й. ИСЛОМОВ – Қишлоқ хўжалиги вазири
Ўш шаҳри, 1992 йил 11 апрель