Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ МАЪМУРИЙ-ҲУДУДИЙ БИРЛИКЛАР, АҲОЛИ ПУНКТЛАРИ, ТАШКИЛОТЛАР ВА БОШҚА ТОПОНИМИК ОБЪЕКТЛАРНИНГ НОМЛАРИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги 295-сонли ««Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Мамлакатимиз мустақиллигига беш йил тўлаётганлигига қарамай ҳамон жойларда топонимик объектларнинг эски тузум ва коммунистик мафкурага хизмат қиладиган, халқимиз тарихи ва миллий анъаналарига боғлиқ бўлмаган номлари сақланиб қолмоқда. Булар истиқлол мазмун-моҳиятини тушунмасликдан, миллий мафкура ва миллий ғурур сустлигидан, баъзан эса масъулиятсизлик ва лоқайдликдан келиб чиқмоқда. Натижада бу янгича фикрлаш ва яшашни ўрганиш шароитларида халқимизни мустақиллик ғояларидан чалғитмоқда. Ҳокимликлар, улар ҳузуридаги топонимик комиссияларнинг етарли даражада фаолият кўрсатмаётганлигини ҳисобга олиб, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг топонимик объектлар номларини тартибга солиш борасидаги ишлари талаб даражасида эмас деб ҳисоблансин. Бу борадаги камчиликлар учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига кўрсатиб ўтилсин.
* Илова берилмайди.
Республика комиссиясига белгиланган қоидалар асосида топонимик объектларнинг номларини ўзгартириш ва тартибга солишга оид тавсияларни ишлаб чиқиш ва жойларга юбориш топширилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига маъмурий-ҳудудий бирликлар, аҳоли пунктлари, ташкилотлар, корхоналар, кўчалар, майдонлар, хиёбонлар ва бошқа объектларга ном бериш, уларнинг номларини ўзгартириш ва тартибга солиш масъулияти шахсан юклатилсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига:
10 кун муддат ичида ҳокимликлар ҳузурида ташкил этилган топонимик комиссиялар фаолияти ва таркибини кўриб чиқиш, улар олиб бораётган ишларни фаоллаштириш мақсадида комиссиялар таркибига тарихчилар, тилшунослар, ҳуқуқшуносларни, жамоатчилик ва маҳаллий бошқарув идоралари вакилларини жалб этиш;
1996 йил 1 сентябргача ўзгартириладиган топонимик объектлар номларини қайта кўриб чиқиш, объектларнинг эски тузум давридан сақланиб қолган, халқимиз тарихи ва анъаналари билан боғлиқ бўлмаган номларини ўзгартириш ва уларга ном беришда тарихий, миллий, табиий ва бошқа маҳаллий шароитларни ҳисобга олиш, кишилар шарафига қўйилган барча номларнинг белгиланган қоидалар ва мақсадга мувофиқлигини қайта кўриб чиқиш топширилсин.
5. Белгилаб қўйилсинки:
маҳаллий ҳокимият органларининг объектларга кишилар номини бериш ҳақидаги қарорлари дастлабки тарзда Ўзбекистон Республикаси топономик объектларга ном бериш масалаларини мувофиқлаштирувчи республика комиссияси билан келишилиши шарт;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шахсларнинг номини ҳаёт чоғида бирор жойга қўйишга ҳамда абадийлаштиришга рухсат берилмайди.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 9 мартдаги 123-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т. Алимов зиммасига юклансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 31 май,
203-сон
Ўзбекистон Республикасидаги топонимик объектларга ном бериш масалаларини мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси тўғрисида
НИ3ОМ
1. Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудидаги табиий-жуғрофий ва бошқа топонимик объектларга ном қўйиш, илгари берилган номларни ўзгартириш масалаларини тартибга солиб бориш, бу ишда суиистеъмолчиликка, таниш-билишчиликка ва бошқа тарздаги бузилишларга йўл қўймаслик чораларини кўриш, мамлакатимиз халқларининг тарихи ва анъаналари билан боғлиқ топонимларни муҳофаза этиш чораларини кўриш топонимик объектларга ном бериш масалаларини мувофиқлаштирувчи Республика комиссиясининг асосий вазифаларидир.
2. Комиссия амалдаги қонун ҳужжатлари ва ҳукумат қарорлари асосида иш олиб боради.
3. Комиссия ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ:
ном қўйиш таклифини киритган ташкилотлардан топонимик объектларни тавсифловчи ҳамма керакли ҳужжатларни талаб қилиб олади;
машҳур кишиларнинг хотираларини абадийлаштириш масалалари бўйича тегишли ҳокимият органларига тавсиялар беради, зарур бўлган ҳолларда вақтинчалик экспертлар гуруҳини тузади;
ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича барча даражадаги ижроия ҳокимият ва тегишли бошқарув идоралари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб боради.
4. Комиссия топонимик объектларга кишиларнинг номларини бериш ва илгари машҳур кишилар шарафига қўйилган номларни ўзгартириш ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раёсати, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг, вазирликлар ва идораларнинг таклифларини тарихчилар, тилшунослар, меъморлар ва бошқа соҳа мутахассисларини бу ишга жалб қилган ҳолда кўриб чиқади. Комиссия ўз хулосаларини белгиланган тартибда таклиф киритган ташкилотларга, мамлакат аҳамиятига молик объектлар бўйича эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълум қилади.
5. Ном бериш ҳақидаги таклифларни кўриб чиқишда комиссия:
халқнинг тарихий-миллий анъаналари, ҳис-туйғулари, ахлоқий қадриятларини ва аҳолининг истакларини ҳисобга олади ҳамда бунда умумдавлат манфаатларидан келиб чиқади;
берилаётган янги номнинг ўзбек топонимия тизимининг талаблари ва тил қонуниятларига зид келмаслигини кўриб чиқади;
давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда меҳнат жамоаларининг мулоҳазаларини ўрганади;
номини бериш тавсия этилаётган кишининг мамлакат халқи олдидаги улкан хизматлари, номи қўйилаётган жойга ва соҳага алоқаси, уни бунёд этиш ёки ривожлантиришга қўшган ҳиссасини ҳисобга олади.
6. Комиссия заруратга қараб ўз мажлисларини ўтказиб туради ва қарорларини баён шаклида расмийлаштиради. Комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашган комиссия мажлиси қарор қабул қилишга ваколатли ҳисобланади. Қарор қабул қилиш учун мажлисда қатнашаётган комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми уни маъқуллаши керак.
Айрим ҳолларда комиссия қарорлари сўров йўли билан расмийлаштирилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.