Наманган вилояти Чуст тумани ҳокимининг
қарори
Тумандаги қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаларни, шунингдек машина трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2013 йил 25 апрелда 2452-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаларни, шунингдек, машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низом талабларидан келиб чиқиб, туманда 2019 йил қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техника, машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини ҳар йиллик техник кўрикдан ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига асосон қарор қиламан:
1. Тумандаги мулкчилик шаклидан қатьий назар корхона, ташкилот, машина трактор парки ОАЖлари, муқобил машина трактор парклари, фермер хўжаликлар ва фуқароларда мавжуд бўлган қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникани, шунингдек машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини ҳисобга олиш ва уларнинг техник ҳолатини йиллик кўрикдан ўтказиш бўйича комиссия таркиби 1-иловага* ва техник ҳолатини йиллик кўрикдан ўтказиш жадвали 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин ва кўрсатилган муддатларда техник кўрикдан ўтказилсин.
* Иловалар берилмайди.
2. Техник кўрикдан ўтказувчи туман комиссиясига:
мулкчилик шаклидан қатьий назар корхона, ташкилот, машина трактор парки ОАЖлари, муқобил машина трактор парклари, фермер хўжаликлар ва фуқароларда мавжуд бўлган қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникани, шунингдек машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини йиллик техник кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги жадвални юридик ва жисмоний шахсларга етказиш;
мулкчилик шаклидан қатьий назар барча русумдаги қишлоқ хўжалик ва мелиоратив йўл қурилиш техника воситаларини йиллик техник кўрикдан ўтказиш майдончаларига йиғиш;
техник кўрикдан носоз деб топилган ва техник кўрикка тақдим этилмаган техникаларни, техник талабга жавоб бермайдиган техникаларни ишга жалб этилишига йўл қўймаслик;
техник кўрик давомида қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникани, шунингдек машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини мавсумга тайёргарлиги, ҳар бир тракторчи-машинистнинг тегишли техникани бошқариш учун рухсат этилган тоифанинг мавжудлиги, техникаларни ўрнатилган тартиб асосида рўйхатдан ўтказилганлиги ва бошқа талабларни амалга ошириш;
техник кўрикдан ўтган техникаларни далолатномалар асосида ишлашга рухсат беришни ташкил қилиш вазифаси топширилсин.
3. Тумандаги барча корхона, ташкилот, машина трактор парки ОАЖлари, муқобил машина трактор парклари, фермер хўжаликлари раҳбарларига ҳисобида мавжуд бўлган қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив, йўл қурилиш техникаларини, машина асбоб-ускуналарни техник кўрикдан ўтказиш учун тайёрлаб, белгиланган майдончаларга йиғиш ва техник кўрикка тегишли тўловларни тўланишини таъминлаш топширилсин.
4. Техник кўрикдан ўтказилган ҳар бир техника учун ундирилган йиғимни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги 23402000300100001010 ҳисоб рақамига ММВБ ХТТМ Тошкент шаҳри, МФО 00014 ИНН 201122919, «Ўздавтехназорат» инспекцияси ШХБ 401421860144017950100082001, ИНН 200057080 Чуст ДТНИ ҳисоб рақамига тўланиши таъминлансин.
5. Туман ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари И. Абдуллаевга тумандаги корхона, ташкилот, машина трактор парки очиқ акциядорлик жамияти, муқобил машина трактор парклари, фермер хўжаликлар ва фуқароларда мавжуд бўлган мулкчилик шаклидан қатьий назар қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив, йўл қурилиш техникаларини, машина асбоб-ускуналарни ҳисобга олиш ва уларнинг техник ҳолатини йиллик техник кўрикдан ўтказиш билан боғлиқ бўлган йиғимларни тўлашга амалдаги тартибларга асосан амалий ёрдам бериш топширилсин.
6. Мазкур қарор «Чуст ҳақиқати» газетасида расмий эълон қилинсин ва ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
7. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
8. Қарорнинг бажарилишини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Туман ҳокими Б. ОХУНОВ
Чуст ш.,
2019 йил 12 февраль,
1077-сон