Хоразм вилояти Урганч шаҳар ҳокимининг
қарори
Урганч шаҳрида қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаларни, машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2021 йил 26 майдаги 27-141-сонли «Хоразм вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 3 июндан ўз кучини йўқотади.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда) Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 6 декабрдаги «Қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникани, асбоб-ускуналарни ҳисобга олиш ва уларнинг техник ҳолатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 345-сон (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 50-сон, 559-модда) қарорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг 2013 йил 2 апрелдаги 58-буйруғи билан тасдиқланган «Қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникани, шунингдек машина трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низом (2013 йил 25 апрель, рўйхат рақами 2452, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 йил 17-сон, 229-модда) талабларига асосан Урганч шаҳар ҳудудидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган ва шаҳар қишлоқ хўжалиги техникалари буйича давлат инспектори томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаларни, шунингдек, машина трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб- ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш мақсадида, қарор қиламан:
1. Урганч шаҳридаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаларни, шунингдек машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини (кейинги ўринларда матнда «техника» деб юритилади) техник кўрикдан ўтказиш комиссияси таркиби 1-иловага*;
техникаларни техник кўрикдан ўтказиш жадвали 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин ва жорий йилнинг 15 февралидан 1 августигача техник кўрикдан ўтказилиши таъминлансин.
* 1-2-иловалар берилмайди.
2. Техникаларни техник кўрикдан ўтказиш жараёнида техник кўрикдан ўтказувчи Урганч шаҳар комиссияси:
техникаларнинг сони, уларнинг мавжудлиги ва рўйхатдан ўтганлиги;
техниканинг техник паспорти ва қишлоқ хўжалиги машинасининг гувоҳномасида кўрсатилган маълумотларда уларнинг тури, русуми, завод рақами, двигатель ва давлат рақамлари белгисининг мувофиқлиги;
техниканинг техник ҳолати ва жиҳозларининг созлигини кўриб чиқсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 6 декабрдаги 345-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Машина ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш давлат бош инспекцияси тўғрисида»ги низомнинг 8-иловасидан келиб чиқиб, техникалар техник кўрикдан ўтказилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг:
тракторлар, трактор тиркамалари, мелиоратив техника ва ўзи юрар машиналарга — 0, 18 фоиз;
қишлоқ хўжалик машиналарга — 0, 10 фоиз;
машина трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб ускуналари — 0, 37 фоизи миқдорда йиғим ундирилсин.
4. Урганч шаҳар қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича Урганч шаҳар инспектори (И. Тожиев) белгиланган тартибда рўйхатдан ёки техник кўрикдан ўтказилмаган носоз машиналарни йўлга чиқарилишининг олдини олиш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтирсин.
5. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Урганч шаҳар ҳокимининг 2017 йил 13 февралдаги 341қ-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ушбу қарор Урганч шаҳар ҳокимининг расмий нашри ҳисобланган «Урганч оқшоми» газетасида эълон қилинсин.
7. Урганч шаҳар ҳокимлиги бош юристконсульти (П. Собиров):
мазкур қарорни шаҳар ҳокимлигининг Urganchshaharhokimlig.uz веб-сайтига жойлаштирсин;
Урганч шаҳар қишлок хўжалиги техникаси бўйича Урганч шаҳар инспектори (И. Тожиев) билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун моҳиятини аҳолига тушунтириш ишларини олиб борсинлар.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилишни Урганч шаҳар ҳокимининг ўринбосари М. Мадримов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким О. САПАЕВ
Урганч ш.,
2018 йил 19 февраль,
386қ-сон