Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан
Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида
Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида
Ўзаро савдога кўмаклашиш тизими тўғрисида
Битим
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Беларусь Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
1994 йил 15 апрелда имзоланган Божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги Битим қоидаларини инобатга олиб,
Томонлар давлатларининг иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳамкорлик даражасини оширишга интилиб,
Томонлар давлатлари ўртасида олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситаларининг божхона назорати самарадорлигини ошириш заруриятини тан олиб,
Томонлар давлатлари ўртасида олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситаларининг божхона назоратини соддалаштириш учун шарт-шароитлар яратиш ва унинг муддатини қисқартириш мақсадида,
ўзаро савдога кўмаклашиш тизимини ривожлантириш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар мазкур Битимни амалга ошириш учун Томонлар давлатларининг қуйидаги божхона органларига ваколат тақдим этадилар:
Ўзбекистон Республикасида — Давлат божхона қўмитаси;
Беларусь Республикасида — Давлат божхона қўмитасига.
2-модда
Ўзаро савдога кўмаклашиш тизими (кейинги ўринларда — ЎСКТ) ахборот алмашинувининг техник шартларига мувофиқ товарлар ва транспорт воситалари олиб ўтилиши тўғрисидаги маълумотлар алмашинувига асосланган.
3-модда
1. Тақдим этиладиган ахборотлар таркиби мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган Иловага мувофиқ шакллантирилади.
2. Ахборот алмашинуви ЎСКТ қўлланиладиган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг товар етказмаларига нисбатан амалга оширилади.
3. Томонлар давлатлари божхона органлари ахборот алмашинувининг техник шартларини ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар.
4. ЎСКТ транспортларнинг барча турлари ва товарларнинг барча турларига нисбатан қўлланиладиган кенг тарқалган амалиётни ўзида ифодалайди.
5. ЎСКТ ўзбек ва беларусь ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари тарафидан ихтиёрийлик асосида қўлланилади.
6. Томонлар давлатларининг божхона органлари ЎСКТда иштирок этмайдиган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига нисбатан бундай тартибга солишнинг ихтиёрийлик хусусиятига зарар етказиши мумкин бўлган мазкур Битимга нисбатан зиддиятларга йўл қўймайдилар.
7. ЎСКТ шаффоф, олдиндан башорат қилиниши мумкин ва дискриминациядан холи бўлиши лозим. ЎСКТни қўллаш амалиёти носоғлом рақобатни келтириб чиқармаслиги лозим.
4-модда
ЎСКТ татбиқ этиладиган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари қуйидаги имтиёзларга эга бўладилар:
а) Томонлар давлатлари миллий қонунчилигига мувофиқ ўтказиш ва манзил пунктларида божхона расмийлаштирувининг устувор тартиби;
б) божхона расмиятчилигини, имкони мавжуд ҳолларда, соддалаштириш, шу жумладан, расмийлаштириш вақтини қисқартириш мақсадида алоҳида йўлаклар ажратиш;
в) ўтказиш ва манзил пунктларида божхона кўригини қўлламаслик, Томонлар давлатлари божхона қонунчилигининг бузилиши хавфи аниқланган ҳолатлар бундан мустасно.
5-модда
1. Томонлар давлатлари божхона органлари мазкур Битим доирасида олинган ахборотларни Томонлар давлатлари ўртасида олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан божхона операцияларини (божхона расмийлаштирувини) такомиллаштириш ва божхона назорати ўтказиш мақсадларида қўлланилишини кафолатлайдилар.
2. Томонлар давлатлари божхона органлари тарафидан олинган ахборотлар фақатгина божхона мақсадларида фойдаланилади ва ахборот тақдим этган Томон давлати божхона органининг ёзма розилигисиз учинчи шахсларга тақдим этилмайди.
6-модда
Томонлар давлатлари божхона органлари Томонлар давлатлари ўртасида олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги электрон ахборот алмашинувини ташкиллаштиришда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Бутунжаҳон божхона ташкилоти нормалари, стандартлари ва тавсияларига, Томонлар давлатларининг миллий қонунчилигига риоя этишлари ҳамда ахборот алмашинуви бўйича халқаро илғор тажрибани инобатга олишлари лозим.
7-модда
Томонлар давлатлари божхона органлари мазкур Битим қоидалари бузилган тақдирда, Томонлар давлатлари миллий қонунчилигига мувофиқ барча зарур чораларни кўришлари ҳамда бир-бирларини бундай қонунбузарликлар, шунингдек, Томонлар давлатлари ўртасида олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида ахборот алмашинуви натижасида олинган маълумотлардаги тафовутлар ва (ёки) уларни қалбакилаштириш ҳолатлари юзасидан хабардор қилишлари лозим.
8-модда
Томонлар давлатлари божхона органлари қуйидаги мақсадларда бевосита алоқаларни ўрнатишга ваколатли бўлган божхона органларининг масъул шахслар рўйхатини белгилайдилар:
а) ахборот алмашинуви техник шартлари ҳамда ахборотни қайта ишлаш ва узатиш технологиялари, шунингдек, ахборотни ҳимоя қилиш бўйича талабларни ишлаб чиқиш ва келишиш;
б) мазкур Битимни қўллаш жараёнида юзага келган техник муаммоларни ҳал этиш.
9-модда
1. Томонлар давлатлари божхона органлари мазкур Битим имзоланган санадан бошлаб ўн икки ой муддатли Томонлар давлатлари божхона органларининг ўзаро ёзма келишувига кўра муддатлари узайтирилиши мумкин бўлган пилот лойиҳаси ўтказилишини ва амалга оширилишини ташкил қиладилар.
2. Пилот лойиҳасини амалга оширишнинг биринчи уч ойи давомида Томонлар давлатлари божхона органлари ЎСКТ доирасида қуйидагиларни келишадилар:
а) ахборот алмашинувининг техник шартлари;
б) тақдим этиладиган ахборотнинг рўйхати, таркиби ва формати;
в) ахборотни ҳимоялашга бўлган талаблар;
г) Томонлар давлатлари божхона органлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ташкил этишнинг тартиби;
д) ЎСКТ доирасида олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситаларга нисбатан божхона операциялари (божхона расмийлаштируви) амалга ошириладиган Томонлар давлатлари божхона органлари рўйхати.
3. Томонлар давлатлари божхона органлари пилот лойиҳасини ўтказишга тайёр эканликлари тўғрисида ҳамда унда иштирок этувчи божхона органлари рўйхати ҳақида бир-бирларини ёзма равишда хабардор қиладилар.
4. Пилот лойиҳасини амалга оширишнинг кейинги тўққиз ойи давомида Томонлар давлатлари божхона органлари ЎСКТни амалий рўёбга чиқарадилар.
10-модда
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ва (ёки) амалга ошириш билан боғлиқ бўлган Томонлар ўртасидаги келишмовчиликлар музокаралар ва маслаҳатлашувлар ўтказиш орқали ҳал этилади.
11-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра мазкур Битимга алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритилиши мумкин. Бундай ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади ҳамда мазкур Битимнинг 12-моддасида назарда тутилган тартибда кучга киради.
12-модда
1. Мазкур Битим имзоланган санадан бошлаб вақтинча қўлланилади ва Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат процедураларини бажарганликлари тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
2. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва Томонлардан бири дипломатик каналлар орқали унинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида ёзма хабарнома юбориш орқали уни тугатиши мумкин. Мазкур ҳолатда ушбу Битимнинг амал қилиши бундай хабарнома олинган санадан бошлаб уч ой ўтгач тугатилади. Битим амал қилишининг тугатилиши бошланган транзит операцияларига дахл қилмайди. Битим амал қилишининг тугатилиши амалга оширилаётган процедураларга ҳам дахл қилмайди. Бундай процедуралар мазкур Битим қоидаларига мувофиқ тугалланади.
Тошкент шаҳрида 2018 йил 13 сентябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек ва рус тилларида тузилди, барча матнлар тенг аутентикдир. Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, рус тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Беларусь Республикаси Ҳукумати ўртасида ўзаро савдога кўмаклашиш тизими тўғрисидаги Битимга
ИЛОВА
ИЛОВА
Тақдим этиладиган маълумотлар
таркиби *
Декларация тури (олиб ўтишнинг йўналиши/экспорт процедуралари).
Декларациянинг рўйхат рақами.
Декларацияни амалга оширадиган божхона органи коди.
Декларациянинг рўйхатга олиш/расмийлаштириш санаси.
Халқаро юк ташиш китобчасининг рақами.
Чегара ўтказиш/чиқиб кетиш органи пункти тавсифлагичи.
Жўнатувчининг СТИР.
Жўнатувчининг номи.
Жўнатувчининг манзили.
Қабул қилувчининг СТИР.
Қабул қилувчининг номи.
Қабул қилувчининг манзили.
Товарнинг умумий миқдори.
Жойнинг миқдори.
Жўнатиш давлати (номи/коди).
Бориш мўлжалланган давлат (номи/коди).
Савдо қилаётган давлат (номи/коди).
Товарнинг келиб чиқиш давлати (номи/коди).
Товар рақами.
Товарнинг ТИФ ТН бўйича коди.
Декларацияга мувофиқ товарнинг номи.
Товарнинг брутто оғирлиги, кг.
Товарнинг нетто оғирлиги, кг.
Валюта номи.
Товарнинг фактура қиймати/товарнинг нархи.
Товарнинг божхона қиймати.
Товарнинг юк жойлари сони.
Контейнерлар сони.
Контейнерлар рақамлари.
Қўшимча ўлчов бирлигининг номи (коди).
Қўшимча ўлчов бирлиги сони.
Декларацияда кўрсатилган ҳужжатлар тўғрисида маълумот:
декларацияда кўрсатилган ҳужжатлар рақамлари;
декларацияда кўрсатилган ҳужжатларнинг тузилиши санаси.
Транспорт воситаси/контейнернинг рақами (жўнатишда).
Транспорт воситаси/контейнерининг рақами (чегарада).
Транспорт воситаси тури (чегарада).
Товарларни етказиб бериш шартлари номи.
Товарни етказиб бериш жойининг географик номи.
*Томонлар давлатлари миллий қонунчилиги талабларига мувофиқ Томонлар давлатлари божхона органлари ахборот тизимларида шундай маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда.