Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокимининг
Қарори
Ховос тумани ҳудудидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамаларни 2019 йил учун мажбурий техник кўрикдан ўтказиш ҳақида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 2021 йил 28 майдаги 150/22-6-сонли «Сирдарё вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 12 июндан ўз кучини йўқотади.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6, 25-моддалари (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, 9-сон, 320-модда), «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 йил, 15-сон 197-моддаси) 7-моддаси, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом (Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й, 1-2-сон, 17-модда) ҳамда 2017 йил 22 декабрдаги 1010-сон «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг тегишли бандларига мувофиқ 2019 йилда Ховос туманидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамаларнинг мажбурий техник кўригини ташкил қилиш мақсадида, қарор қиламан:
1. Туман ҳудудидаги мулкчилик шаклидан қатъий назар юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамалар тегишли тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
2. Жисмоний шахсларга тегишли М1 тоифадаги транспорт воситаларининг техник регламентлар ёки стандартлар талабларига, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари, нормаларига мувофиқлиги тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар томонидан ҳам баҳоланиши мумкин.
Бунда жисмоний шахслар — М1 тоифадаги транспорт воситалари эгалари ўз транспорт воситасининг техник ҳолати ва ускуналари мувофиқлигини баҳолаш учун ўз танловига кўра, туман давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органи, хусусий техник хизмат кўрсатиш станциялари ёки тадбиркорлик субъектларига мурожаат қилишлари мумкин.
3. Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилсин:
а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар, ва ўтириладиган жойлари сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар — бир йилда икки марта;
б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари)– икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари, (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — бир йилда бир марта;
г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси — шатакчи учун белгиланган муддатларда.
д) навбатдаги техник кўрикдан ўтказишнинг илгари ўрнатилган муддатларидан қатъи назар, уларни туман давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органида рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) вақтида;
е) улар ишлаб чиқарилган йилдан қатъи назар туман давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органи органида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб бир йил ўтгач (лойиҳанинг «а» кичик бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно).
4. Мазкур қарорнинг 3-банди «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:
биринчи марта — 1 март — 30 июнда;
иккинчи марта — 1 сентябрь — 31 октябрда ўтказилсин.
Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 март — 30 июнда ўтказилсин.
Жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 январь — 31 августда ўтказилсин.
Транспорт воситаси техник кўрикка белгиланган муддатлардан олдин тақдим этилиши мумкин. Ушбу ҳолда транспорт воситасини техник кўрикка тақдим этиш муддатини ўзгартириш тўғрисидаги қарор транспорт воситаси эгаси — юридик ёки жисмоний шахснинг ёзма аризаси асосида туман давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органи раҳбари томонидан қабул қилинади.
5. Транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказилганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорда йиғим ундирилади.
* 1-илова берилмайди.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31-январдаги 54-сонли қарорининг 3-банди талабидан келиб чиқиб, туман мудофаа бўлими, ички ишлар бўлими, давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий бўлинмалари ва миллий гвардияга тегишли транспорт воситалари ушбу идоралар томонидан белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши назарда тутилсин.
8. Мажбурий техник кўрик давомида комиссия таркибида иш олиб борган ходимларнинг доимий иш жойларидаги ойлик иш ҳақлари сақланиб қолинсин.
9. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2018 йил 10 мартдаги 867-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Қарор «Ховос овози» газетасида расмий эълон қилинсин ҳамда туман ҳокимлигининг веб-сайтига жойлаштирилсин.
11. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
12. Қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Ж. Мансуров зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Р. БОБОЕВ
Ховос ш.,
2019 йил 27 февраль,
793-сон
Туман ҳокимининг 2019 йил 27 февральдаги 793-сонли қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Туман ҳудудидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт ва уларнинг тиркамаларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича ишчи комиссияси
таркиби
| Ж. Мансуров | — | туман ҳокимининг ўринбосари, ишчи комиссия раиси |
| П. Жиянбоев | — | туман ИИБ ЙХХБ катта инспектори, ишчи комиссия раиси ўринбосари |
|
ИШЧИ КОМИССИЯ АЪЗОЛАРИ | ||
| И. Назаров | — | туман Ватанпарвар ташкилот раҳбари |
| О. Мамарозиқов | — | туман Мудофаа бўлими бошлиғи |
| М. Хотамов | — | «Ўзагросуғурта» ДАСК туман бўлими бошқарув менежери |