Хоразм вилояти Боғот тумани ҳокимининг
қарори
Боғот туманида қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаларни, машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Мазкур қарор Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2021 йил 26 майдаги 27-141-сонли «Хоразм вилояти маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган норматив тусдаги қарорларини бекор қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 3 июндан ўз кучини йўқотади.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда) Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат килиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПК-3699-сон карорига (кейинги ўринларда «Инспекция» деб юритилади) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазиринининг 2013 йил 2 апрелдаги 58-сон буйруғи билан тасдиқланган «Қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникани, шунингдек машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низом (рўйхат рақами 2452, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 йил 17-сон) талабларига биноан Боғот тумани ҳудудидаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган ва Инспекция томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаларни, шунингдек машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини техник кўрикдан ўтказиш мақсадида, қарор қиламан:
1. Тумандаги юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган қишлоқ хўжалиги ва мелиоратив техникаларни, шунингдек машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарини (кейинги ўринларда матнда «техника» деб юритилади) техник кўрикдан ўтказиш комиссияси таркиби 1-иловага*;
техникаларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш жадвали 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин ва жорий йилнинг 1 февралидан 14 июлигача техник кўрикдан ўтказилиши таъминлансин.
* 1-2-иловалар берилмайди.
2. Техник кўрикдан ўтказиш жараёнида техник кўрикдан ўтказувчи туман комиссияси:
техникаларнинг сони, уларнинг мавжудлиги ва рўйхатдан ўтганлиги;
техниканинг техник паспорти ва қишлоқ хўжалиги машинасининг гувоҳномасида кўрсатилган маълумотларда уларнинг тури, русуми, завод рақами, двигатель рақами ва давлат рақамлари белгисининг мувофиқлиги;
техниканинг техник ҳолати ва жиҳозларининг созлигини кўриб чиқсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 майдаги ПК-3699 сонли қарорининг 4-иловасига асосан «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озик-овкат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси тўғрисида»ги Низомнинг талабларидан келиб чиқиб, техникалар техник кўрикдан ўтказилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг:
тракторлар, трактор тиркамалари, мелиоратив техника ва ўзиюрар машиналарига — 0,18;
қишлоқ хўжалик машиналарига — 0,10;
машина-трактор парклари, устахоналар ва сервис пунктларининг асбоб-ускуналарига — 0,37 миқдорда йиғим ундирилсин.
4. Инспекциянинг Боғот туман бўлими қишлоқ хўжалиги техникаси ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш шўъбаси катта инспектори (А. Рўзибоев) белгиланган тартибда рўйхатдан ёки мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган носоз машиналарни йўлга чиқарилишининг олдини олиш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтирсин.
5. Мазкур қарор қабул қилиниши билан туман ҳокимининг 2018 йил 31 январдаги 207к-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ушбу қарор Боғот туман ҳокимлигининг расмий нашри ҳисобланган «Боғот садоси» газетасида эълон қилинсин.
7. Туман ҳокимлиги ташкилий назорат гуруҳи:
мазкур қарорни туман ҳокимлигининг bogothokimiyat.uz расмий веб-сайтига жойлаштирсин;
Инспекциянинг Боғот туман бўлими қишлоқ хўжалиги техникаси ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш шўъбаси катта инспектори (А. Рўзибоев) билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун моҳиятини аҳолига тушинтириш ишларини олиб борсинлар.
8. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Э. Худайберганов зиммасига юклатилсин.
Ҳоким вазифасини бажарувчи О. ХОЛБОЕВ
Боғот т.,
2019 йил 2 февраль,
448қ-сон