Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
Қарори
Тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида депозитга ўтказиладиган мажбурий резервлари тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 10 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3002-2]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 январдаги ПФ-5296-сон «Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3272-сон «Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 31 мартдаги 12/8-сон қарори (рўйхат рақами 3002, 2018 йил 25 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2018 й., 17-сон, 353-модда) билан тасдиқланган Тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида депозитга ўтказиладиган мажбурий резервлари тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
2. Мазкур қарор 2019 йил 1 августдан эътиборан кучга киради.
Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 18 май,
11/8-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2019 йил 18 майдаги 11/8-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида депозитга ўтказиладиган мажбурий резервлари тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. 1-бандда:
тўққизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«мажбурий резервларнинг ҳисоб-китоб даври — мажбурий резервларни сақлаш давридан олдинги ҳисобот ойи;»;
ўнинчи хатбошидаги «ўн тўрт» деган сўзлар «йигирма саккиз ёки ўттиз беш» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«сақлаш даври календари — мажбурий резервларнинг сақлаш даврини белгиловчи йиллик календарь.».
2. 2-банддаги «ҳамда ўртачалаш коэффициенти» деган сўзлар «, ўртачалаш коэффициенти ҳамда сақлаш даври календари» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3. 11-банддаги «ҳисоб-китоб даври тугаган кундан кейинги» деган сўзлар «сақлаш даври бошланиш кунидан олдинги» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.06.2019 й., 10/19/3002-2/3162-сон)