Тўрткўл тумани ҳокимининг
Қарори
Ахолини ишга жойлаштириш, жамоат ишларига жалб қилиш, касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 24 майдаги ПҚ-3001-сон қарорини ижро этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 2017 йил 5 октябрь кунги 799-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрь кунги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб қуватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5242-сонли Фармони ва “2017 — 2020 йилларда республика ҳудудларида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларини босқичма-босқич ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 март кунги ПҚ-3584-сонли “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан аҳоли бандлигини таъминлаш учун туманда 2019 йил учун шакллантирилган давлат буюртмаси ижросини таъминлаш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Тўрткўл туманида 2019 йилда янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича давлат буюртмасининг мақсадли параметрларини 2-пунктига асосан аҳоли бандлигини таъминлаш кўрсаткичини 2247 нафар деб белгилаш, шу ҳисобдан:
а) қурилиш, ободонлаштириш ва бошқа мавсумий ва вақтинчалик ишларга жалб этиш 220 нафар;
б) бўш (вакант) иш ўринларига ишга жойлаштириш 551 нафар;
в) квота иш ўринларига ишга жойлаштириш 150 нафар;
г) касбга тайёрлаш ва қайта ўқитиш 146 нафар;
д) жамоат ишларига жалб этиш 710 нафар;
е) устоз-шогирд анъанаси асосида ҳунарга ўргатиш 20 нафар;
ж) ҳорижий давлатларга ишга жойлаштириш 450 нафар қилиб белгилансин.
2. Туманда “янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича давлат буюртмасининг мақсадли параметрлари” ижроси юзасидан аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳи таркиби 1-иловага, туманда 2019 йилда меҳнат бозори мувозанатига эришиш учун банд бўлмаган ва ишсиз аҳолини ишга жойлаштириш режа жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Фуқароларни жамоат ишларига жалб қилиш, касбга тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашни ташкиллаштириш бўйича ишчи гуруҳи (Р. Ибадуллаев) туман ҳудудида иш изловчи сифатида руйҳатга олинган фуқаролар учун ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкиллаштирадиган корхона ва ташкилот раҳбарлари ишсиз деб топилган фуқаролар учун белгилаб қўйилган иш ўринларининг санитария-гигиена қоидаларига ҳамда ўз вазифаларини тўлиқ бажарилишини таъминловчи меҳнат шароитларига мувофиқ бўлиши таъминлансин.
4. 2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлашга бўлган эҳтиёж, ҳар бир фуқаролар йиғинлари бўйича демографик ҳолат жумладан, аҳолининг ёши, касби, бандлиги, ижтимоий аҳволи, меҳнатга лаёқати, аёллар бандлиги ва бошқа кўрсаткичлари тўртта сектор кесимида бирма-бир ўрганилиб ҳудудлардаги меҳнат бозори ҳолати ҳар чорак якуни бўйича таҳлил қилиб борилсин.
5. Туман бандликка кўмаклашиш маркази (М. Бекчанов) ушбу қарорни тегишли корхона, ташкилот, муассаса ва хўжаликлар раҳбарларига етказсин ва бажарилиши устидан қатъий назорат қилишни таъминласин.
6. “Тўрткўлнома” газетасида ёритилган Тўрткўл тумани ҳокимининг 2018 йил 23 январдаги “Аҳолини ишга жойлаштириш, жамоат ишларига жалб қилиш касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳақида”ги 96-сонли қарори 2018 йил 31 декабрдан ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарор “Тўрткўлнома” газетасида ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида ёритилсин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи Р. Ибадуллаев зиммасига юклатилсин.
Ҳоким Я. БАБАДЖАНОВ
Тўрткўл т.,
2019 йил 29 январь,
139-сон