Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 ― 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармони билан:
а) капитали 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида бўлган ва қуйидаги асосий вазифалар юкланган Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ташкил этилганлиги:
республика иқтисодиётининг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришга, шунингдек, унинг рақобатбардошлигини янада оширишга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва инновацион технологияларни жалб қилиш;
хусусий маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан узоқ муддатли ўзаро фойдали шериклик муносабатларини йўлга қўйиш орқали инвестиция фаолиятини рағбатлантириш ва ривожлантириш;
инвестиция таклифларини баҳолаш, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
инвестиция муҳитини яхшилашга, шунингдек, республиканинг инвестиция салоҳияти ва имкониятларини хорижда кенг тарғиб қилишга кўмаклашиш;
б) Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобига шакллантириладиган 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги устав капиталига эга бўлган давлат улуши 100 фоизли акциядорлик жамияти шаклидаги Жамғарманинг бошқарувчи компанияси ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Инвестицилар ва ташқи савдо вазирлиги вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Жамғарманинг бошқарувчи компанияси давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 18 май,
420-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 майдаги 420-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тартибини, унинг ҳуқуқий мақомини ва бошқарувчи компания томонидан Жамғармани ишончли бошқариш тартиби хусусиятларини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Жамғарманинг муассиси — Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси;
бошқарувчи компания — Жамғарманинг муассиси билан тузилган инвестиция декларациясини ўз ичига олувчи ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ Жамғармани бошқарувчи юридик шахс;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ишончли бошқариш шартномаси — бошқарувчи компания ва Жамғарма муассиси ўртасида тузиладиган ишончли бошқаришда чеклашларни, тақдирлаш ва харажатларни қоплаш тартибини, шартноманинг асослари ва уни тўхтатиш шартларини, томонларнинг жавобгарлигини ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа қоидаларни назарда тутувчи шартнома;
(2-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
инвестиция декларацияси — инвестицияларнинг мақсадларини, инвестиция сиёсати йўналишларини, бошқарувчи компаниянинг инвестиция фаолиятидаги чеклашларни, декларациянинг амал қилиш муддатини ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланадиган бошқа қоидаларни тавсифловчи ҳужжат;
(2-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
алоҳида банк ҳисоб рақами — Жамғармани ишончли бошқариш жараёнида олинган пул маблағлари ҳамда даромадлар ҳисоби юритиладиган бошқарувчи компаниянинг алоҳида банк ҳисоб рақами.
3. Жамғарманинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси;
қисқартирилган номи — Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси;
б) инглиз тилида:
тўлиқ номи — Direct Investments Fund of the Republic of Uzbekistan;
қисқартирилган номи — Direct Investments Fund;
в) рус тилида:
тўлиқ номи — Фонд прямых инвестиций Республики Узбекистан;
қисқартирилган номи — Фонд прямых инвестиций.
4. Жамғарма юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ташкил этилади.
5. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:
республика иқтисодиётининг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришга, шунингдек, унинг рақобатбардошлигини янада оширишга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва инновацион технологияларни жалб қилиш;
хусусий маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан узоқ муддатли ўзаро фойдали шериклик муносабатларини йўлга қўйиш орқали инвестиция фаолиятини рағбатлантириш ва ривожлантириш;
инвестиция таклифларини баҳолаш, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
инвестиция муҳитини яхшилашга, шунингдек, республиканинг инвестиция салоҳияти ва имкониятларини хорижда кенг тарғиб қилишга кўмаклашиш.
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Жамғарманинг ягона муассиси ҳисобланади ҳамда инвесторлар томонидан Жамғарма билан биргаликда лойиҳаларга инвестиция киритиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг бошқарувчи компаниянинг сўрови бўйича Жамғарма капиталини шакллантиради.
6. Жамғарманинг эълон қилинган капитали 1 (бир) миллиард АҚШ долларини ташкил этади, у биринчи босқичда инвесторлар томонидан Жамғарма билан биргаликда лойиҳаларга инвестиция киритиш тўғрисида қарор қабул қилинишига қараб 100 (юз) миллион АҚШ доллари миқдорда шакллантирилади.
7. Жамғарма фаолияти муддати 15 йилни ташкил этади, ушбу муддат бошқарувчи компаниянинг фаолияти натижалари асосида Жамғарма муассисининг қарори билан узайтирилиши мумкин.
8. Жамғарманинг пул маблағлари ишончли бошқариш шартномасига асосан бошқарувчи компанияга ишончли бошқариш учун берилади.
9. Бошқарувчи компания Жамғарманинг мол-мулки ҳисобига Ўзбекистон Республикасида, шу жумладан, хорижий шахслар билан биргаликда инвестиция лойиҳаларини молиялаштириб, Жамғарманинг ишончли бошқарувчиси сифатида иш кўради.
10. Бошқарувчи компания:
фойда келтирадиган инвестицияларни амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига хорижий ва маҳаллий инвестицияларни, шунингдек, юқори малакали кадрлар ва инновацион технологияларни жалб этиш;
хорижий инвесторлар билан ўзаро муносабатларни ривожлантириш орқали инвестиция фаолиятини рағбатлантириш;
қулай инвестиция муҳитини яратиш ва ёйиш, Ўзбекистон Республикасининг инвестиция имкониятлари ижобий идрок этилиши мақсадида иш кўради.
11. Жамғарма ва бошқарувчи компаниянинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.
2-боб. Бошқарувчи компания
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Бошқарувчи компания ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига ва ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
13. Бошқарувчи компания акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилади.
14. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бошқарувчи компаниянинг ягона акциядори ҳисобланади.
15. Бошқарувчи компаниянинг Жамғармани ишончли бошқариш бўйича фаолияти Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан белгиланган тартибда бериладиган лицензия асосида амалга оширилади.
16. Бошқарувчи компания акциядорларнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди. Акциядорлар бошқарувчи компаниянинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
17. Бошқарувчи компаниянинг активлари устав капиталига киритилган улушлар, бошқарувчи компания фаолиятидан олинадиган даромадлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
18. Бошқарувчи компаниянинг мол-мулки Жамғарма мол-мулкидан, шунингдек, бошқарувчи компанияда ишончли бошқарувдаги бошқа мол-мулкдан алоҳида бўлади.
19. Мол-мулкни ишончли бошқаришдан олинган даромадлар Жамғарманинг мулки таркибига киритилади ва Жамғарманинг инвестиция декларациясига мувофиқ ишлатилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
20. Бошқарувчи компаниянинг харажатлари бошқарувчи компаниянинг бошқариш учун тақдирлаш пули сифатида оладиган даромадлари ва унинг устав капитали, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига қопланади.
(20-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
3-боб. Бошқарувчи компаниянинг асосий вазифалари ва функциялари
21. Қуйидагилар бошқарувчи компаниянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар ва молиявий институтлар билан биргаликда фойда келтирадиган инвестицияларни Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти тармоқларида амалга ошириш;
ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва инновацион технологияларни жалб қилиш, шунингдек, республика иқтисодиётининг рақобатбардошлигини янада ошириш;
хусусий маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан узоқ муддатли ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини шакллантириш орқали инвестиция фаолиятини рағбатлантириш ва ривожлантириш;
инвестиция таклифларини баҳолаш, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
инвестиция муҳити яхшиланишига кўмаклашиш, шунингдек, республиканинг инвестиция салоҳияти ва имкониятларини чет элда кенг тарғиб қилиш.
22. Юкланган вазифаларга мувофиқ бошқарувчи компания қуйидаги функцияларни бажаради:
инвестиция киритиш учун устувор йўналишларни ҳисобга олган ҳолда инвестиция лойиҳаларини танлаб олади, молиявий қоплашни, тижорат жозибадорлиги ва уларни амалга ошириш самарадорлигини белгилайди;
йирик институциоал ва стратегик хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ташкил қилади;
хорижий инвесторлар билан биргаликда хавф-хатарни тенг тақсимлаш принципи асосида капитал қайтарилишининг зарур даражасини таъминлайдиган инвестиция лойиҳаларини излаш, таҳлил қилиш ва баҳолашни, тизимлаштириш, молиялаштиришни амалга оширади ва мониторинг олиб боради;
4-боб. Бошқарувчи компаниянинг бошқарув органлари
23. Акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва бош директор бошқарувчи компаниянинг бошқарув органлари ҳисобланади.
24. Бошқарувчи компаниянинг бошқарув органлари ваколатлари «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, бошқарув компаниясининг устави ва ушбу Низом билан тартибга солинади.
25. Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири бошқарувчи компаниянинг кузатув кенгаши раиси ҳисобланади.
Кузатув кенгаши таркибига мустақил аъзолар (директорлар), шу жумладан, хорижий аъзолар киради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бошқарувчи компаниянинг бошқарув кенгаши, агар унинг мажлисида унинг аъзолари умумий сонининг учдан икки қисми иштирок этса, қарор қабул қилишга ваколатлидир. Қарорлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига ёхуд бошқарувчи компаниянинг уставига мувофиқ бошқа овозлар талаб қилинмаса, мажлисда иштирок этаётган кузатув кегаши аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
(25-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
26. Бош директор бошқарувчи компаниянинг умумий фаолиятига раҳбарлик қилади, кузатув кенгаши ва акциядорлар умумий йиғилиши ваколатига тааллуқли бўлган масалаларни ҳал этиш бундан мустасно.
27. Бошқарувчи компаниянинг бош директори бошқарувчи компаниянинг кузатув кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
28. Бошқарувчи компаниянинг бош директори бошқарувчи компания кузатув кенгашига ҳисобот беради.
29. Бошқарувчи компаниянинг бош директори ва мустақил аъзолари (директорлар) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 9 июлдаги 308-сон қарори билан тасдиқланган Қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ бўлиши, шунингдек, қуйидаги профессионал фазилатлар ва ваколатларга эга бўлиши керак:
хорижий инвесторларнинг кенг доираси билан ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш тажрибаси;
хорижий инвесторлар билан битимларни тизимлаштириш ва тузиш тажрибаси;
инвестиция хавф-хатарларини бошқариш тажрибаси.
30. Бошқарувчи компания мустақил аъзоларни (директорларни) ўз ичига оладиган инвестиция қўмитасини ташкил қилади.
5-боб. Жамғарма ва бошқарувчи компания томонидан инвестиция фаолиятини олиб бориш тартиби. Жамғарма ва бошқарувчи компаниянинг ўзаро ҳамкорлиги
31. Жамғарма ва бошқарувчи компания томонидан инвестиция фаолиятини амалга ошириш тартиби белгиланган тартибда тузиладиган, инвестиция декларациясини ўз ичига оладиган ишончли бошқариш шартномаси билан белгиланади.
32. Жамғарма муассиси ва бошқарувчи компания инвестиция декларациясини ва ишончли бошқариш қоидаларини қабул қилади.
33. Инвестиция лойиҳаларини танлаш улар молиявий қопланиши, тижорат жозибадорлиги ва самарадорлиги баҳоланиши ҳисобга олинган ҳолда бошқарувчи компания томонидан мустақил амалга оширилади, бунда қуйидаги асосий мезонларга риоя қилинади:
инвестиция лойиҳаларининг молиявий ва иқтисодий самарадорлиги;
лойиҳаларга ажратиладиган инвестициялар республиканинг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришга ва унинг рақобатбардошлигини янада оширишга йўналтирилиши керак;
янги иш ўринлари яратиш;
ишлаб чиқариш режалаштирилган маҳсулотлар ва хизматларнинг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлиги;
битта лойиҳа бўйича Жамғарма инвестицияларининг чекланган миқдори ушбу лойиҳага мўлжалланаётган инвестициялар умумий ҳажмининг кўпи билан 30 фоизини ташкил этади. Бунда Жамғарма хўжалик юритувчи субъект устав фонди (капиталининг) 30 фоизидан ортиқ бўлган улуш эгаси бўлиши, шунингдек, энг йирик улуш эгаси бўлиши мумкин эмас;
битта лойиҳа бўйича Жамғарма инвестицияларининг чекланган миқдори Жамғарма умумий миқдорининг 10 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак;
иқтисодиётнинг бир тармоғи бўйича Жамғарма инвестицияларининг чекланган миқдори Жамғарма умумий миқдорининг 20 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак;
хорижий ва маҳаллий биргаликда инвестиция киритувчилар инвестиция лойиҳасида лойиҳа қийматининг камида 70 фоизи ҳажмида иштирок этишнинг ўз молиявий ва бошқа имкониятларини тасдиқлайдилар.
34. Лойиҳага маблағларни инвестициялаш тўғрисидаги битим бошқарувчи компаниянинг бошқарув органлари томонидан маъқуллангандан кейин бошқарувчи компания 2 иш куни мобайнида бошқарувчи компаниянинг бошқарув органлари қарорлари нусхаларини тақдим қилган ҳолда Жамғарма муассисига Жамғармани тўлдиришга сўров юборади.
35. Сўровга мувофиқ Жамғарма муассиси 5 иш куни мобайнида тегишли инвестиция лойиҳасига инвестиция киритиш учун Жамғармани тўлдиришга маблағларни бошқарувчи компаниянинг алоҳида банк ҳисоб рақамига ўтказади.
36. Бошқарувчи компания унинг алоҳида банк ҳисоб рақамига пул маблағлари ўтказилгандан кейин 2 иш куни мобайнида Жамғарманинг муассисига инвестиция пайларини тақдим этади.
37. Бошқарувчи компания Жамғарманинг муассисига бошқарувчи компаниянинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган шакллар бўйича Жамғарма мол-мулки таркибига кирадиган пул маблағлари сарфланиши, шунингдек, Жамғарма мол-мулкини бошқаришдан олинган даромадлар тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этади.
38. Бошқарувчи компания ўзининг уставида белгиланган таркибда ва тартибда ички аудит хизматини ташкил қилиши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
39. Бошқарувчи компания Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги учун Жамғарма муассиси олдида жавоб беради.
(39-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
40. Ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ бошқарувчи компания томонидан хизматлар кўрсатилганлиги учун Жамғарма маблағлари ҳисобига тақдирлаш пули тўланади. Тўланадиган ҳақнинг умумий миқдори ва хусусиятлари ишончли бошқариш шартномаси билан белгиланади.
6-боб. Бошқарувчи компаниянинг ҳисобот бериши ва аудити
41. Бошқарувчи компаниянинг ҳисобот йили календарь йилнинг 1 январидан 31 декабригача (31 январь ҳам киради) белгиланади.
42. Бошқарувчи компания Ўзбекистон Республикасида белгиланган бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботининг миллий стандартларига, шунингдек, Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ бухгалтерия ҳисобини юритади.
43. Бошқарувчи компаниянинг аудитланмаган йиллик ҳисоботи Ўзбекистон Республикасида белгиланган бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботининг миллий стандартларига мувофиқ ҳар йили ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 30 мартигача тузилади.
44. Бошқарувчи компаниянинг йиллик бухгалтерия ҳисоботларини аудит қилиш учун унинг кузатув кенгаши «катта тўртлик»ка кирадиган аудиторлик фирмалари орасидан аудиторлик ташкилотини жалб қилади ва уни тақдирлаш миқдорини тасдиқлайди.
45. Аудиторлик ташкилоти бошқарувчи компаниянинг йиллик бухгалтерия ҳисоботлари мажбурий аудитини ҳар йили ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 30 июнидан кечикмай ўтказади, унинг якунлари бўйича бошқарувчи компаниянинг кузатув кенгаши томонидан у киритилган санадан бошлаб 40 кундан кечикмай ҳисобот тасдиқланади.
Бошқарувчи компания ҳар йили ҳисобот бериладиган йилдан кейинги йилнинг 30 июнидан кечикмай активлар қийматини баҳолаш учун «катта тўртлик»ка кирадиган аудиторлик фирмалари орасидан аудиторлик ташкилотини жалб қилади.
46. Бошқарувчи компаниянинг молия-хўжалик фаолияти устидан назорат қилиш учун тафтиш комиссияси ташкил этилади.
VII. Якунловчи қоида
Олдинги таҳрирга қаранг.
47. Жамғармани ва бошқарув компаниясини қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
(47-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.05.2019 й., 09/19/420/3171-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)