Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
Қўшма қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссияни тузиш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 27 декабрдаги 241-V, КҚ-25-V-сонли «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг айрим қўшма қарорларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қўшма қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 44-бандига мувофиқ суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қиладилар:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссия (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) тузилсин.
2. Комиссиянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатлари ижроси устидан тизимли мониторингни амалга ошириш;
суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш борасидаги муаммоларни, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини танқидий таҳлил қилиш;
суд ҳокимияти ва судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасидаги ишларнинг амалдаги ҳолатини ўрганиш;
одил судловни амалга оширишга ҳамда суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни аниқлаш;
суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
ривожланган хорижий мамлакатларнинг суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллигини таъминлаш борасидаги тажрибасини ўрганиш.
3. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссия тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссия таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ушбу Қўшма қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 24 апрель,
1635-III-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 24 апрель,
КҚ-341-III-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2018 йил 24 апрелдаги 1635-III/КҚ-341-III-сонли Қўшма қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссия тўғрисидаги
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссиянинг (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) мақоми, асосий вазифалари ва ваколатларини, шунингдек Комиссия фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Комиссия Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашувчи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида доимий фаолият кўрсатадиган коллегиал органдир.
Комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ўзга ташкилотлар ва фуқаролар билан ҳамкорликда, очиқ ва ошкора тарзда амалга оширади.
3. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.
4. Комиссиянинг фаолияти судларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашмаган ҳолда олиб борилади.
II. Комиссияни шакллантириш тартиби
5. Комиссия ўн беш кишидан иборат тарзда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари орасидан раис, раис ўринбосари ва Комиссия аъзоларидан иборат таркибда шакллантирилади.
6. Комиссиянинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан тасдиқланади.
Комиссия таркибига ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати кенгашларининг қўшма қарори билан киритилади.
7. Комиссия раиси этиб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенати Раиси навбати билан, бир йиллик муддатга тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг айни бир палатаси вакиллари бир вақтнинг ўзида Комиссия раиси ва унинг ўринбосари этиб тасдиқланишига йўл қўйилмайди.
8. Комиссия аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.
9. Комиссия аъзосининг тегишли равишда депутат ёки сенатор сифатидаги ваколати тугатилган тақдирда, у Комиссиядаги ўз фаолиятини тугатади.
10. Фаолиятнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Комиссия юриспруденция соҳасида катта назарий ва амалий тажрибага эга бўлган мутахассислар орасидан илмий-экспертлик, ишчи гуруҳлар тузиши мумкин.
III. Комиссиянинг вазифалари ва ваколатлари
11. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатлари ижроси устидан тизимли мониторингни амалга ошириш;
суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш борасидаги муаммоларни, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини танқидий таҳлил қилиш;
суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш борасидаги ишларнинг амалдаги ҳолатини ўрганиш;
одил судловни амалга оширишга ҳамда суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигига салбий таъсир кўрсатаёган омилларни аниқлаш;
суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
ривожланган хорижий мамлакатларнинг суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллигини таъминлаш борасидаги тажрибасини ўрганиш.
12. Комиссия ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ:
жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, Олий судига, Судьялар олий кенгашига, Бош прокуратурасига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) келиб тушган мурожаатларига оид умумлашмаларни сўраб олади;
аҳоли ҳамда судьялар билан учрашувлар ўтказади, одил судловни амалга оширишга таъсир кўрсатаётган омилларни, судьялар фаолиятига аралашиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида судьялар ўртасида аноним сўровлар ўтказади;
парламент сўрови лойиҳаларини тайёрлайди, давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига депутат сўрови ва Сенат аъзоси сўрови юборилишини ташкил этади;
суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга, шунингдек суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ўтказилган таҳлил якунларига кўра ишлаб чиқади;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига, Ўзбекистон Республикаси Олий судига қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш масалалари бўйича таклифлар киритади;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгаши раисларининг, давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолиятини молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш масалалари бўйича ахборотини эшитади ҳамда уларга тегишли тавсиялар киритади;
суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш масалалари бўйича конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар ва бошқа тадбирлар ўтказилишини ташкил этади;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Судьялар олий кенгаши мажлисларида ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан иштирок этади;
зарур ҳолларда, суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатлари ижроси устидан мониторингни амалга ошириш учун давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар вакилларини ва экспертларни жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳлар тузади.
Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
IV. Комиссия фаолиятини ташкил этиш
13. Комиссия ўз фаолиятини Комиссия мажлисида тасдиқланадиган йиллик режалар асосида амалга оширади.
14. Комиссияни раис бошқаради. Раис:
Комиссия фаолиятига раҳбарлик қилади;
Комиссия мажлисларининг кун тартибини тасдиқлайди;
Комиссия мажлисини чақиради ва унда раислик қилади;
Комиссия аъзолари зиммаларидаги вазифалар бажарилишига доир ишларни мувофиқлаштириб боради;
Комиссия аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди.
Комиссия раиси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
15. Комиссия раисининг ўринбосари:
Комиссия қарорлари, иш режаси бажарилишини назорат қилади ва Комиссия раисига улар ижро этилишининг ҳолати ҳақида ахборот беради;
Комиссия раиси бўлмаганда унинг вазифаларини бажаради.
Комиссия раисининг ўринбосари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
16. Комиссия котиби Комиссия раиси томонидан Комиссия аъзолари орасидан тайинланади.
Комиссия котиби:
Комиссиянинг барча зарур материалларини йиғишни, умумлаштиришни ва муҳокама учун ўз вақтида тайёрланишини ҳамда Комиссия раисига тақдим этилишини таъминлайди;
Комиссия аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлис ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақида хабардор қилади;
Комиссия аъзоларини мажлис кун тартибига киритилган масалаларга оид зарур материаллар билан таъминлайди;
Комиссия қарори ва иш режасининг лойиҳаларини тайёрлайди ҳамда Комиссия мажлисининг баённомасини юритади;
Комиссия қарорларининг кўчирма нусхаларини манфаатдор шахслар ва ташкилотларга юборади;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини, шунингдек улар билан учрашувларда кўтарилган масалаларни ўрганади ва умумлаштиради;
Комиссия фаолиятига оид йиғма жилдларнинг тайёрланишини ва ўз вақтида идоравий архивга сақлаш учун берилишини таъминлайди;
Комиссия қарорига мувофиқ бошқа вазифаларни амалга оширади.
Комиссия котиби ўз зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади.
17. Комиссия ишининг ташкилий шакли унинг мажлисидир.
Зарур ҳолларда, Комиссиянинг сайёр мажлислари ўтказилиши мумкин.
Комиссия мажлиси, агар унда Комиссия аъзоларининг камида ярми иштирок этаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади.
18. Комиссия мажлислари заруратга қараб, бироқ ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.
Комиссия мажлисининг кун тартиби мажлис ўтказилишидан камида ўн кун олдин тайёрланади.
Комиссия мажлиси кун тартибига киритиладиган масалалар Комиссия раисига унинг ўринбосари ва Комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан киритилади.
19. Комиссия мажлислари очиқ ва ошкора тарзда ўтказилади. Мажлисларга давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф этилиши мумкин.
Зарур ҳолларда, Комиссия ёпиқ мажлис ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.
20. Комиссиянинг барча аъзолари тенг ҳуқуққа эга ва қарор қабул қилишда биттадан овозга эга бўлади.
21. Овоз берилаётганда Комиссия аъзоларидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлишига йўл қўйилмайди.
Комиссия аъзоси қандай овоз бергани ва унинг фикри ошкор этилиши мумкин эмас.
22. Комиссия ўз ваколатига киритилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.
Комиссиянинг қарорлари Комиссия мажлисида иштирок этаётган Комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади.
Комиссия раиси охирги бўлиб овоз беради ва овозлар тенг бўлиб қолса, унинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
23. Комиссия қарорлари мажлисда иштирок этган Комиссия аъзолари томонидан имзоланадиган ва Комиссия раиси томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.
Комиссиянинг қарорига қўшилмаган Комиссия аъзоси Комиссия қарори юзасидан ўзининг алоҳида фикрини ёзма шаклда билдиришга ҳақли.
24. Комиссия аъзолари қарор қабул қилаётиб, сиёсий қарашлардан ва бошқа бегона таъсирлардан холи бўлган ўз нуқтаи назарини билдиради.
25. Комиссиянинг тегишли органлар ва ташкилотларга юбориладиган қарорлари улар томонидан албатта кўриб чиқилиши ҳамда мазкур органлар ва ташкилотлар кўриб чиқиш натижалари ёки кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида, агар қарорда бошқа муддат кўрсатилмаган бўлса, қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай хабар бериши лозим.
26. Комиссия қарорининг асл нусхаси ва Комиссия фаолиятига тааллуқли бўлган бошқа материаллар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг девонида сақланади.
27. Комиссия йил якунлари бўйича ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ва уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига кўриб чиқиш учун киритади.
V. Якунловчи қоидалар
28. Комиссия фаолиятининг ташкилий, ахборот-таҳлилий ва моддий-техник таъминоти Комиссия раиси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қайси палатасидан тасдиқланган бўлса, ўша палатанинг девони томонидан амалга оширилади.
29. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати кенгашларининг қўшма қарори асосида ўз фаолиятини тугатади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2018 йил 17 декабрдаги 2242-III/КҚ-479-III-сонли Қўшма қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.12.2018 й., 04/19/2242-III/КҚ-479-III/2821-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.04.2018 й., 04/19/1635-III/КҚ-341-III/2851-сон, 17.12.2018 й., 04/19/2242-III/КҚ-479-III/2821-сон)