Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Таржимонлар бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 августдаги ПФ-133-сонли «Маъмурий ислоҳотлар доирасида Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 апрелдаги ПФ-5400-сон Фармонини бажариш юзасидан, шунингдек, расмий тадбирларни таржима билан таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари матнларини ва бошқа ҳужжатларни таржима қилиш сифатини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 апрелдаги ПФ-5400-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида Таржимонлар бюроси (кейинги ўринларда Таржимонлар бюроси деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Белгилаб қўйилсинки, Таржимонлар бюроси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошқарадиган давлат муассасаси ҳисобланади.
2. Қуйидагилар Таржимонлар бюросининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва олий мансабдор шахслари иштирокидаги расмий тадбирларни синхрон ва изчил таржима билан таъминлаш;
расмий тадбирлар доирасида тайёрланган материалларнинг ёзма таржимасини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси томонидан тузиладиган халқаро шартномалар лойиҳаларининг давлат ва хорижий тиллардаги матнларининг аутентлигини таъминлашга кўмаклашиш;
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва бошқа ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари битирувчилари орасидан юқори малакали таржимонлар тайёрлаш;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг, шунингдек, шартнома асосида давлат органлари халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича бўлинмалари ходимларининг хорижий тилларни билиш бўйича кўникмалари ривожлантирилишини таъминлаш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга шартнома асосида оғзаки ва ёзма таржима бўйича хизматлар кўрсатиш.
3. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Таржимонлар бюросининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Таржимонлар бюросининг Устави 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Таржимонлар бюросига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
таржимонлик хизматлари кўрсатиш бўйича тузиладиган шартномалар асосида оғзаки ва ёзма таржима бўйича пулли хизматлар кўрсатиш;
зарур ҳолатларда, мутахассисларни, шу жумладан юридик ёки бошқа тор ихтисослик бўйича махсус малакалар талаб қиладиган халқаро шартномалар ва бошқа ҳужжатлар матнларини таржима қилиш учун, соҳа бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакилларини Таржимонлар бюросига, меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, шартнома асосида жалб этиш.
41. Белгилансинки, Таржимонлар бюросининг бошқарув ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг марказий аппаратида тегишли лавозимлар учун белгиланган иш ҳақи ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади.
Таржимонлар бюросига иккита енгил автотранспорт воситаси учун лимит назарда тутилади.
(41-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 январдаги 28-сонли қарорига асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.01.2021 й., 09/21/28/0057-сон)
5. Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари, тўлов-шартнома асосида таржимонлик хизматлари кўрсатишдан тушадиган киримлар ҳисобидан шаклланадиган бюджетдан ташқари маблағлар, давлат ва халқаро грантлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Таржимонлар бюроси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
6. Таржимонлар бюроси Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Лабзак кўчаси, 1а-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилсин.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 январдаги 28-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.01.2021 й., 09/21/28/0057-сон)
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Таржимонлар бюроси ходимлари иш ҳақини тўлаш ва унинг фаолияти моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан маблағ ажратсин ва келгуси йилларда маблағлар ажратишни назарда тутсин.
8. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети:
талаб энг катта бўлган хорижий тиллар бўйича мутахассис таржимонларни тайёрлаш бўйича ўқув дастурларини, шунингдек, Таржимонлар бюроси ходимларини касбий ривожлантириш бўйича қисқа муддатли курсларнинг дастурини ишлаб чиқсин;
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан биргаликда Таржимонлар бюросини тўлдириш учун мутахассис-таржимонларни юқори малакали гид-таржимонлар, шу жумладан, юриспруденция, иқтисодиёт ва бошқа соҳалардаги терминология бўйича билимга эга мутахассислар орасидан танлов асосида ажратиб олиш тартибини ишлаб чиқсин ва ташкил этсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Х. Камилов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 18 февраль,
140-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 февралдаги 140-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Таржимонлар бюросининг
ТУЗИЛМАСИ
|
|
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
Директор |
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
Директор ўринбосари |
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
Бош юрисконсульт |
Ғарбий Европа мамлакатлари тиллари бўлими 12 |
||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
ОАВ билан алоқалар ва маркетинг бўлими 2 |
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
Кадрлар билан ишлаш бўйича бош мутахассис |
Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё мамлакатлари тиллари бўлими 6 |
||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
Ахборот-коммуникация технологиялари бўлими 2 |
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
Молия-иқтисодиёт бўлими 2 |
Шарқий Осиё мамлакатлари тиллари бўлими 6 |
||||||||||||||||||||||||||||||||||||
|
Ишлар бошқарувчиси |
|||||||||||||||||||||||||||||||||||||
Бошқарув ходимларнинг чекланган умумий сони — 35 нафар.
Техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар сони — 6 нафар.
(1-илованинг матни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 январдаги 28-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.01.2021 й., 09/21/28/0057-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 февралдаги 140-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Таржимонлар бюросининг
УСТАВИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Таржимонлар бюросининг (кейинги ўринларда Таржимонлар бюроси деб аталади) асосий вазифалари ва функцияларини, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Таржимонлар бюроси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга, шунингдек, бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
3. Таржимонлар бюроси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг таркибий бўлинмалари ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан ҳамкорликда амалга оширади.
4. Таржимонлар бюросининг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ — Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Таржимонлар бюроси, қисқартирилгани — Таржимонлар бюроси;
б) рус тилида:
тўлиқ — Бюро переводчиков при Министерстве иностранных дел Республики Узбекистан, қисқартирилгани — Бюро переводчиков;
в) инглиз тилида:
тўлиқ — Bureau of Interpreters under the Ministry of Foreign Affairs of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилгани — Bureau of Interpreters.
5. Таржимонлар бюроси давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ғазна ҳисоб рақамларига, миллий, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисоб рақамларига эга бўлади.
2-боб. Таржимонлар бюросининг асосий вазифалари ва функциялари
6. Қуйидагилар Таржимонлар бюросининг асосий вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва олий мансабдор шахслари иштирокидаги расмий тадбирларни синхрон ва изчил таржима билан таъминлаш;
расмий тадбирлар доирасида тайёрланган материалларнинг ёзма таржимасини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланадиган халқаро шартномалар лойиҳаларининг давлат ва хорижий тиллардаги матнларининг аутентлигини таъминлашга кўмаклашиш;
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва соҳа бўйича бошқа олий таълим муассасалари битирувчилари орасидан юқори малакали таржимонлар тайёрлаш;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг, шунингдек, шартнома асосида давлат органларининг халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича бўлинмалари ходимларининг хорижий тилларни билиш бўйича кўникмаларини ривожлантиришни таъминлаш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга шартнома асосида оғзаки ва ёзма таржимонлик хизматлари кўрсатиш.
7. Таржимонлар бюроси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, хорижий мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва олий мансабдор шахслари иштирокидаги расмий тадбирларни синхрон ва изчил таржима билан таъминлаш соҳасида:
расмий тадбирларни хорижий тилларни, таржима қилиш техникаси ва назариясини эркин биладиган, юриспруденция, иқтисодиёт, тарих, дин, маданият ва бошқа соҳалардаги терминология бўйича билимга эга, шунингдек, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ва амалга оширилаётган ташқи сиёсатдан хабардор бўлган юқори малакали таржимонлар билан таъминлайди;
олий ва юқори даражадаги ташрифлар давомида синхрон ва изчил оғзаки ва ёзма таржимани таъминлаш бўйича доимий тайёрликни таъминлайди;
режалаштирилаётган олий ва юқори даражадаги халқаро тадбирлар мавзусига таржимонларни олдиндан тайёрлаш орқали талаб катта бўлган хорижий тилларга сифатли таржимани таъминлайди;
Таржимонлар бюросининг техник жиҳозланганлигини замонавий талабларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан тизимли таҳлил қилиб боради ҳамда синхрон таржимани амалга ошириш учун зарур компьютер ва дастурий таъминот, мультимедия ва аудиоускуналар ҳамда бошқа техник воситалар даражасини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига кўриб чиқиш учун таклифлар киритади;
б) расмий тадбирлар доирасида тайёрланган материалларнинг ёзма таржимасини амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси томонидан тузиладиган халқаро шартномалар лойиҳаларининг давлат ва хорижий тиллардаги матнларининг аутентлигини таъминлашга кўмаклашиш соҳасида:
мамлакат Раҳбариятининг, вазирликлар ва идораларнинг чет эл аудиториясига йўлланадиган мурожаатнома ва нутқларининг сифатли таржимасини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг сўровига асосан, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларининг ёзма таржимасини амалга оширади, шунингдек, улар матнларининг аутентлигини белгилашда кўмаклашади;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг сўровига асосан, кўп томонлама халқаро шартномалар матнларининг давлат тилига ёзма таржимасини амалга оширади;
в) Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва соҳа бўйича бошқа олий таълим муассасалари битирувчилари орасидан юқори малакали таржимонлар тайёрлаш соҳасида:
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва соҳа бўйича бошқа олий таълим муассасалари битирувчилари ва ўқитувчилари орасидан таржимонларни тайёрлаш учун ўқув курслари ташкил этади;
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва соҳа бўйича бошқа олий таълим муассасаларининг битирувчилари ва ўқитувчиларини, уларнинг кўникмаларини ошириш мақсадида, халқаро тадбирларнинг таржима жараёнига жалб қилади;
хорижий тиллар бўйича мутахассислар тайёрлашни амалга оширадиган олий таълим муассасаларига, бошқа манфаатдор муассасаларга оғзаки ва ёзма таржима қилишнинг замонавий шакллари ва усулларини амалиётга жорий этиш масаласида услубий ёрдам кўрсатади;
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги Чет тилларини ўқитишнинг инновациявий методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий маркази билан ҳамкорлик қилади;
хорижий тилларни ўқитишнинг интерфаол воситаларини ишлаб чиқади ва жорий этади;
г) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг, шунингдек, шартнома асосида давлат органларининг халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича бўлинмалари ходимларининг хорижий тилларни билиш бўйича кўникмаларини ривожлантиришни таъминлаш соҳасида:
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Таржимонлар бюроси ходимларининг, айниқса Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги муассасаларида ишлаш учун юборилаётган ходимларнинг чет тилларни билиш кўникмаларини ошириш бўйича тизимли асосдаги тадбирлар ва ўқув курсларини ташкил қилади;
хорижий стажировкага юбориш, оғзаки ва ёзма таржима қилиш назарияси ҳамда техникаси бўйича хорижлик экспертлар иштирокидаги мастер-класслар, амалий тилшунослик соҳасидаги илғор таълим муассасалари билан биргаликда малака ошириш ўқув курслари ва тренингларни ўз ичига олган Таржимонлар бюроси ходимларини касбий ривожлантириш бўйича доимий дастурни ишлаб чиқади ва амалга оширади;
Таржимонлар бюроси ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишни яхшилаш, уларнинг самарали иши ва доимий асосда малакасини ошириш борасида қулай шароитлар яратиш бўйича чоралар ишлаб чиқади ва амалга оширади;
д) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга шартнома асосида оғзаки ва ёзма таржимонлик хизматлари кўрсатиш соҳасида:
таржимонлик хизматлари кўрсатиш бўйича тузиладиган шартномаларга асосан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга оғзаки ва ёзма таржима бўйича кенг кўламли пулли таржимонлик хизматлари кўрсатади;
давлат бошқаруви органларига, хўжалик бирлашмаларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ва бошқа ташкилотларга уларнинг лойиҳалари асосида ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини давлат ва хорижий тилларга таржима қилиш, музокаралар жараёнида таржимани, босма ва медиа материалларнинг таржимасини ҳамда ҳужжатларнинг сертификатланган таржимасини таъминлаш, шунингдек, кўчмас мулк объектларини қонуний расмийлаштириш ва ҳужжатларни нотариал тасдиқлаш учун таржима (апостил) қилиш бўйича хизматлар кўрсатади.
(7-банд «д» кичик бандининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 январдаги 28-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.01.2021 й., 09/21/28/0057-сон)
3-боб. Таржимонлар бюросининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
8. Таржимонлар бюроси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
таржимонлик хизматлари кўрсатиш бўйича юридик ва жисмоний шахслар билан ўз ваколатлари доирасида шартномалар тузиш;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Таржимонлар бюроси ходимларининг малакасини ошириш бўйича тренинглар ва мастер-класслар ташкил қилиш учун белгиланган тартибда етакчи маҳаллий ва хорижий олимлар ва мутахассисларни таклиф қилиш;
касбий малакасини ривожлантириш, янги тажриба ва билим олиш мақсадида Таржимонлар бюроси ходимлари учун хорижий стажировкалар ташкиллаштириш;
давлат органлари, олий таълим ва илмий муассасалар, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг илмий ходимлари ҳамда мутахассисларини шартнома асосида Таржимонлар бюроси фаолиятига жалб қилиш;
вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ходимларини тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш бўйича пулли асосда турли хизматлар кўрсатиш.
ўз ваколати доирасида анжуманлар, семинарлар ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган шу каби тадбирларда иштирок этиш;
ўз даромадларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига, Таржимонлар бюроси фаолиятининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ равишда тасарруф этиш;
ўз номидан шартномалар тузиш, мол-мулк сотиб олиш;
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 январдаги 28-сонли қарорига асосан еттинчи — тўққизинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.01.2021 й., 09/21/28/0057-сон)
Таржимонлар бюроси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
9. Таржимонлар бюроси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.
4-боб. Таржимонлар бюроси фаолиятини ташкил этиш
10. Таржимонлар бюросини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошқаради.
Таржимонлар бюросининг директори ўз мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, қўшимча тўловлар ва моддий рағбатлантириш шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг бош бошқарма бошлиғига тенглаштирилади.
11. Таржимонлар бюросининг директори:
Таржимонлар бюроси фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади, шунингдек, Таржимонлар бюросига юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Таржимонлар бюроси ходимларини лавозимига тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига таклифлар киритади;
доимий ва сифатли таржимонлик хизматлари кўрсатиш учун юқори малакали тилшунослар ва таржимонларни самарали жалб қилиш мақсадида кадрлар сиёсатини белгиланган тартибда амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятига Таржимонлар бюроси фаолиятининг самарадорлигини ошириш, шу жумладан, талаб катта бўлган тиллар рўйхатига ва штат жадвалига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар киритади;
Таржимонлар бюросининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги таркибий бўлинмалари билан самарали ҳамкорлигини таъминлайди;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, бошқа ташкилотларда, шу жумладан хорижий давлатларда, шунингдек, халқаро ташкилотларда Таржимонлар бюроси номидан иш кўради;
Таржимонлар бюросининг штатлар жадвалини ва унинг таъминоти бўйича харажатлар сметасини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирига киритади;
Таржимонлар бюроси ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, уларнинг функционал вазифаларини ва Таржимонлар бюросининг бошқа ҳужжатларини тасдиқлайди;
Таржимонлар бюроси ходимларининг малакасини ва касбий даражасини ошириш учун зарур шароитлар яратади, белгиланган тартибда уларни моддий рағбатлантириш чораларини кўради;
Таржимонлар бюроси номидан фаолиятни, шу жумладан хўжалик фаолиятини юритади, шартномалар тузади, Таржимонлар бюроси ходимлари учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ҳамда кўрсатмалар беради;
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирига Таржимонлар бюросининг дипломатик хизмат органларига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш мақсадида хизмат ваколатлари ва мажбуриятларини бажараётган ходимларига дипломатик даражаларни бериш тўғрисида ҳамда ходимларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали чет элларга қисқа ва узоқ муддатли хизмат сафарларига юбориш тўғрисида таклифлар киритади;
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 январдаги 28-сонли қарорига асосан ўн иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.01.2021 й., 09/21/28/0057-сон)
Таржимонлар бюроси директори қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлади.
111. Таржимонлар бюроси директори бир нафар ўринбосарга эга бўлади.
Таржимонлар бюроси директорининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири билан келишилган ҳолда, Таржимонлар бюроси директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
Директор ўринбосари ўз мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, қўшимча тўловлар ва моддий рағбатлантириш шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг бош бошқарма бошлиғи ўринбосарига тенглаштирилади.
Директор ўринбосари ва ходимлар Таржимонлар бюроси директори томонидан тасдиқланган лавозим йўриқномалари асосида фаолият олиб борадилар.
(111-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 январдаги 28-сонли қарорига асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.01.2021 й., 09/21/28/0057-сон)
12. Таржимонлар бюроси ходимлари Таржимонлар бюроси директорининг буйруғи билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
Бўлим бошлиғи, бош юрисконсульт ва бош бухгалтер ўз мақоми бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги таркибий бўлинмасининг бўлим бошлиғига, таржимон — Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппаратининг бош мутахассисига, уларга нисбатан меҳнатга ҳақ тўлашнинг, қўшимча тўловлар ва моддий рағбатлантиришнинг тегишли шартларини қўллаган ҳолда, тенглаштирилади.
(12-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 январдаги 28-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.01.2021 й., 09/21/28/0057-сон)
13. Таржимонлар бюроси ходимлари қуйидагиларга мажбур:
махфийлик тартиботи ва хизмат доирасида фойдаланиладиган ҳужжатларни, шунингдек, уларга Таржимонлар бюросидаги фаолияти давомида маълум бўлган конфиденциал характердаги ахборот ва маълумотларни ошкор этмаслик талабларига риоя қилиш;
ўзларининг иш юритувидаги ҳужжатларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, уларнинг тўлиқ ҳажмда сифатли сақланишини таъминлаш ҳамда хавфсизлик, шу жумладан ёнғинга қарши тартиботга риоя қилиш, Таржимонлар бюросининг мулкидан лозим даражада фойдаланиш ва сақлашни таъминлаш.
14. Таржимонлар бюроси таржимани таъминлайдиган бўлимлардан иборат бўлади.
5-боб. Таржимонлар бюроси фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш
15. Таржимонлар бюроси фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари, пулли асосда таржимонлик хизматлари кўрсатишдан тушадиган киримлар ҳисобидан шаклланадиган бюджетдан ташқари маблағлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
16. Таржимонлар бюроси ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Таржимонлар бюроси ходимларига нисбатан давлат бошқаруви органлари ходимлари учун белгиланган мукофотлаш, моддий ёрдам ва устамалар шароитлари татбиқ этилади.
Таржимонлар бюроси ходимларининг иш ҳақи расмий маоши, мукофот пуллари, қўшимча тўловлар, устамалар ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган бошқа тўловлардан иборат.
Таржимонлар бюроси ходимларининг маошларига мукофот пуллари, устамалар ва моддий рағбатлантириш тусидаги қўшимча тўловлар Таржимонлар бюроси директори томонидан Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири билан келишилган ҳолда тасдиқланган тартибга мувофиқ тўланади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 январдаги 28-сонли қарорига асосан хатбошилар билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.01.2021 й., 09/21/28/0057-сон)
17. Таржимонлар бюроси ўз мажбуриятлари бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзига тегишли бўлган бутун мол-мулки билан жавоб беради.
6-боб. Якунловчи қоида
18. Таржимонлар бюросини қайта ташкил қилиш ёки тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.02.2019 й., 09/19/140/2630-сон; 21.01.2021 й., 09/21/28/0057-сон)