Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
КАРТОШКА УРУҒЧИЛИГИ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Картошка етиштиришни кўпайтириш ва картошканинг уруғлик фонди сифатини ошириш, шунингдек республикада картошка уруғчилиги тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзмевасабзавотузумсаноат-холдинг» холдинг компанияси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда картошкачилик хўжаликларининг «Ўзкартошка» фирмасини «Ўзкартошканавуруғлари» фирмасига айлантириш, биринчи репродукцияли уруғлик картошка етиштирувчи 1-иловага* мувофиқ муассис хўжаликлар таркиби ва экин майдонлари тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. «Ўзмевасабзавотузумсаноат-холдинг» холдинг компанияси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Андижон, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда «Ўзкартошканавуруғлари» фирмаси муассис хўжаликларининг асосий майдонларида 2-иловага* мувофиқ ҳажмларда I репродукцияли уруғлик картошка етиштирилишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари республика хўжаликларининг 3-иловага* мувофиқ асосий майдонларида иккинчи репродукцияли уруғлик картошка экиш ва етиштиришнинг мўлжалланган ҳажмлари бажарилишини таъминласинлар.
*1—3-иловалар берилмайди.
4. Қуйидагилар:
уруғлик картошканинг синалмаган, шунингдек давлат ва ишлаб чиқариш синовидан ўтмаган навлари оммавий экиш учун республикага олиб келиниши;
озиқ-овқатга мўлжалланган картошкадан уруғлик мақсадларида фойдаланилиши ва унинг уруғлик сифатида сотилиши, сертификацияланмаган уруғлик картошка экилиши;
уруғчилик хўжаликларида уруғлик картошка такрорий майдонларда экилиши тақиқлансин.
5. «Ўзкартошканавуруғлари» фирмаси уруғлик картошкани импорт қилишда божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштириши учун йиғимлардан ташқари) истисно тариқасида 3 йил муддатга ва уни биринчи репродукцияли уруғлик картошка етиштирувчи 1-иловада* кўрсатилган уруғчилик хўжаликларига сотишда қўшилган қиймат солиғидан озод қилинсин.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Картошкачиликда бозор муносабатларини чуқурлаштириш ва республикада картошка етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1996 йил 30 августдаги 301-сон қарори, 3, 7 ва 8-бандлардан ташқари, ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари М.З. Усмонов ва Т.Х. Холтоев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2001 йил 27 июнь,
274-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2001 й., 12-сон, 82-модда)