Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Cтандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
2018 йил 17 август, Тошкент
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
иқтисодий ва савдо алоқаларидаги техник тўсиқларни бартараф этиш мақсадида,
стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича масалалар халқаро аҳамиятга эга эканлигини, шунингдек, уларни ҳал қилиш муваффақиятли савдо-иқтисодий ва техникавий ҳамкорлик учун муҳимлигини таъкидлаб,
стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштиришни ривожлантиришда ўзаро манфаатдорликни ҳисобга олиб,
истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ўзаро етказиб бериладиган маҳсулотларнинг хавфсизлигини тасдиқлашни таъминлаш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар мазкур Битим ва Томонлар давлатлари қонунчилиги асосида стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида ҳамкорликни амалга оширадилар.
2-модда
Томонлар стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашни қуйидагилар орқали амалга оширадилар:
стандартлаштиришнинг амалдаги миллий тизимларини уйғунлаштириш, ўлчовлар ва сертификатлаштиришнинг ўхшаш халқаро тизимлар талаблари билан бир хиллигини таъминлаш;
стандартлаштириш соҳасида норматив ҳужжатлар ва ахборот материаллари, шу жумладан, ушбу соҳалардаги маҳсулотлар ва хизматлар учун халқаро ва миллий стандартлар алмашинувини амалга ошириш;
моддалар ва материалларнинг стандарт намунавий таркиби ва хусусиятларини, моддалар ва материалларнинг физик ҳолати ва хусусиятлари тўғрисидаги стандарт маълумотномаларни, давлат синови натижаларини тан олиш;
ўлчов воситалари, синов баённомалари, ўзаро етказиб бериладиган маҳсулотларга мувофиқлик сертификатлари ва мувофиқлик белгилари тури, қиёслашдан ўтказиш, калибрлаш ва метрологик аттестация қилишни, шунингдек, ўлчов, синов, қиёслашдан ўтказиш ва калибрлаш лабораториялари ва сертификатлаштириш органларини ўзаро келишилган шартларда тасдиқлаш;
стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш масалалари бўйича ўзаро маслаҳатлашувлар ўтказиш;
стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш масалалари бўйича қўшма семинарлар ва конференциялар ўтказиш.
3-модда
Томонлар кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, мутахассислар алмашинуви, корхоналар, тадбиркорлар, жамоат ташкилотлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш борасида ўзаро ҳамкорлик қиладилар.
4-модда
Мазкур Битим қоидалари бажарилиши учун қуйидагилар Томонлар давлатларининг ваколатли органлари ҳисобланади:
Тожикистон томонидан — «Тожикстандарт» Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва савдо инспекцияси агентлиги;
Ўзбекистон томонидан — «Ўзстандарт» Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги.
Юқорида кўрсатилган ваколатли органларнинг номи ва вазифалари ўзгарган тақдирда, Томонлар ўз вақтида дипломатик каналлар орқали хабардор қилинадилар.
5-модда
Мазкур Битимнинг 2-моддасида назарда тутилган йўналишлар бўйича ҳамкорлик қўшма дастурлар асосида амалга оширилади.
Томонлар, зарур ҳолларда, мазкур Битим қоидаларини бажариш учун қўшма ишчи гуруҳлар тузадилар.
6-модда
Томонлар, зарур ҳолларда, бир-бирларига стандартлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қўллаш масалалари бўйича ташкилий, услубий ва амалий ёрдам кўрсатадилар.
7-модда
Томонлар мазкур Битимни амалга ошириш давомида юзага келадиган харажатларни, агар ҳар бир аниқ ҳолатда бошқача тартиб келишилмаган бўлса, Томонлар давлатларининг қонунчилигида белгиланган маблағлар доирасида мустақил равишда қоплайдилар.
8-модда
Томонлар қабул қилиб олинган ҳужжатлар ва мазкур Битим доирасида амалга оширилган фаолият ва қўлга киритилган илмий- техникавий натижаларнинг махфийлигини таъминлайдилар, башарти тақдим этувчи Томон уларнинг махфийлигини қайд этган бўлса.
Мазкур Битим доирасидаги ҳамкорлик давомида Томонлардан бири қўлга киритган ҳужжатлар ва илмий-техникавий маълумотлар учинчи томонга фақат ушбу ҳужжат ва маълумотларни тақдим этган Томоннинг ёзма розилиги билан берилади.
Музокаралар ва илмий-техникавий ҳамкорликнинг биргаликда қулга киритилган натижалари тўғрисидаги маълумот Томонларнинг ўзаро келишувига асосан ошкор қилиниши мумкин.
9-модда
Мазкур Битим Томонлар давлатлари иштирокчи бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
10-модда
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллашда низо ва келишмовшиликлар юзага келган тақдирда, Томонлар уларни маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал қиладилар.
11-модда
Томонларнинг ўзаро розилигига асосан мазкур Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
12-модда
Мазкур Битим беш йил муддатга тузилади ва имзоланган санадан бошлаб кучга киради.
Башарти Томонлардан бири мазкур Битимнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томонга тегишли муддат тугашидан камида уч ой олдин ёзма равишда хабар бермаса, унинг амал қилиши кейинги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяверади.
Тошкент шаҳрида 2018 йил 17 августда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, тожик ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)