Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
икки давлат миллий қонунчилигига ва халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланиб,
таълим соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилишдан келиб чиқиб,
олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик халқлар ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлаш учун кўмаклашишига умид билдирган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни амалга оширадилар:
Томонлар давлатларида таълим тизими ва таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ахборот алмашинуви;
педагоглар, илмий-педагог ходимлар ва таълим олувчилар билан алмашинув;
таълим масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан алмашинув;
Томонлар давлатларининг таълим муассасалари ўртасида барча даражаларда ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш.
2-модда.
Томонлар ўқитувчилар, мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек биргаликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш соҳасида ҳамкорликни ривожлантирадилар ва уларни амалга татбиқ этиш учун Томонлар давлатларининг манфаатдор ташкилотлари ўртасида тўғридан-тўғри шартномалар тузишлари мумкин.
3-модда
Томонлар таълим ва фан йўналишларида ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда янада ривожлантириш мақсадида талабалар, ўқитувчилар, тадқиқотчилар, таълим ва илмий делегацияларнинг ўзаро алмашинувини рағбатлантирадилар.
4-модда
Ҳар қайси Томон бошқа Томон давлатининг фуқароларига ўзининг тили, маданияти, миллий тарихи, адабиёти, географияси, одатлари ва анъаналари билан танишиши учун барча шароитларни яратишга интиладилар.
5-модда
Томонлар мазкур Битимни амалга оширишга масъул бўлган қуйидаги Ижро органларини тайинлайдилар:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан — Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги;
Қирғизистон Республикаси Ҳукумати номидан — Қирғизистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги.
6-модда
Таълим ва алмашинувнинг молиявий ва бошқа шартлари музокаралар ўтказиш, расмий хатлар билан алмашиш ёки мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар ишлаб чиқиш ва имзолаш йўли билан белгиланади.
7-модда
Томонлар ўз давлатларининг таълим тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш масалалари бўйича ахборот алмашиш ва маслаҳатлашувлар ўтказишга кўмаклашадилар.
8-модда.
Мазкур Битим Томонлар иштирокчиси ҳисобланган бошқа шартномалардан келиб чиқадиган уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
9-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро келишувига кўра унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Улар мазкур Битимнинг 12-моддасида белгиланган тартибда кучга киради.
10-модда
Мазкур Битимда кўзда тутилган тадбирларнинг ижро этилиши Томонлар давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
11-модда
Мазкур Битим қоидаларини шарҳлаш ва қўллашда юзага келадиган келишмовчиликлар Томонлар ўртасида музокаралар ва маслаҳатлашувлар ўтказиш орқали ҳал этилади.
12-модда
Мазкур Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва беш йил муддат давомида амал қилади.
Мазкур Битимнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин агар Томонлардан бири мазкур Битимни амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни навбатдаги беш йиллик муддат тугашидан камида уч ой илгари дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилмаса, мазкур Битимнинг амал қилиши навбатдаги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяверади.
Бишкек шаҳрида 2017 йил 5 сентябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)