Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
Томонлар ўртасида илмий-техникавий ҳамкорликни истиқболли ривожлантириш, шунингдек уни янада кенгайтириш ва ўзаро манфаатли қўшма дастурлар ва лойиҳалар сонини ошириш лозимлигини инобатга олиб,
фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик Томонлар давлатларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиши мумкинлигини англаган ҳолда,
тенглик ва ўзаро манфаатдорлик принципларига амал қилиб,
давлатларнинг мавжуд илмий-тадқиқот ва технологик салоҳиятини инобатга олиб,
иккала мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши йўлида эришилган натижалардан фойдаланишни рағбатлантиришга йўналтирилган янги ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик учун ишончли асосни шакллантириш истагида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар мазкур Битимни амалга оширишда ўз давлатларининг миллий қонунчилигига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принципларига риоя қиладилар.
2-модда
Томонлар ўз давлатларининг миллий қонунчилигига мувофиқ қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни ривожлантирадилар:
нанотизим ва материаллар;
ахборот ва телекоммуникация технологиялари;
ҳаёт ҳақида илм;
қишлоқ хўжалик фанлари;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш;
энергетика ва энергияни тежаш;
Ер ҳақидаги фанлар, шу жумладан сейсмология ва геология;
бошқа ўзаро келишилган ҳамкорлик йўналишлари.
3-модда
Мазкур Битимнинг 2-моддасида кўрсатилган йўналишлар бўйича ҳамкорлик қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
технологияларни яратиш ва ўзлаштириш бўйича қўшма илмий- тадқиқот дастурлари ҳамда лойиҳаларни амалга татбиқ этиш;
қўшма илмий лаборатория ва жамоаларни, шунингдек янги техника ва технологияларни ўзлаштиришни таъминлашга қаратилган инновацион ташкилотларни шакллантириш;
Томонлардан бири давлатининг вакиллари билан биргаликда бошқа Томон давлати ҳудудида жойлашган илмий-тадқиқот муассасаларида, олий ўқув юртларида, технопаркларда, кутубхоналарда ва музейларда қўшма илмий-тадқиқот фаолиятини, шунингдек дала ва экспедицион ишларни олиб бориш;
илмий-техник маълумотлар, илмий журналлар, адабиётлар ва библиографик нашрлар билан алмашинув;
қўшма илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш учун олимлар ва мутахассислар билан алмашинув;
илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда олимлар ва мутахассисларнинг стажировкаларини ташкил этиш;
биргаликда семинар, илмий конференция, учрашувлар ўтказиш;
шунингдек бошқа ўзаро келишилган ҳамкорлик шакллари.
4-модда
Мазкур Битим қоидаларини мувофиқлаштириш ва амалга ошириш учун Томонларнинг ижроий органлари қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан — Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар бўйича агентлиги;
Қирғизистон Республикаси Ҳукумати номидан — Қирғизистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги.
5-модда
Томонлар мазкур Битим доирасидаги ҳамкорликда иштирок этувчи илмий муассаса ва ташкилотлар ўртасида тўғридан-тўғри илмий- техникавий алоқаларни ривожлантиришни рағбатлантирадилар.
6-модда
Томонлар тенг ва ўзаро манфаатли илмий-техникавий ҳамкорликка кўмаклашадилар.
Илмий-тадқиқот ишларни амалга ошириш доирасида яратилган ва ҳимоя қилинадиган интеллектуал мулк натижаларига бўлган ҳуқуқлар илмий-тадқиқот ишларини бажаришда қатнашган Томон давлатларининг ваколатли (мутасадди) органларига ёки бошқа ташкилотларига берилади.
7-модда
Молиявий ва техник масалалар мазкур Битим доирасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул ҳисобланган Томонлар давлатларининг ташкилотлари ўртасида тузиладиган алоҳида шартнома ёки контрактлар асосида тартибга солинади.
8-модда
Мазкур Битимни амалга татбиқ этишда юзага келадиган низоли масалалар Томонлар ўртасида музокаралар ва маслаҳатлашувлар ўтказиш орқали ҳал этилади.
9-модда
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра мазкур Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
10-модда
Мазкур Битим имзоланган кунидан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим 5 (беш) йил муддат давомида амал қилади ва агарда Томонлардан бири унинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни навбатдаги муддат тугашидан камида олти ой илгари дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилмаса, мазкур Битимнинг амал қилиши кейинги беш йиллик муддатларга ўз-ўзидан узаяверади.
Мазкур Битимни бекор қилиниши, агар Томонлар бошқача келишилмаган бўлса, унинг амал қилиш даврида бошланган ва унинг муддати тугашига қадар якунланмаган қўшма лойиҳалар, дастурлар ва бошқа тадбирларни бажарилишига таъсир этмайди.
Бишкек шаҳрида 2017 йил 5 сентябрда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда Томонлар рус тилидаги матнни асос қилиб оладилар.
(имзолар)