Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
туризмни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш ва Томонлар давлатлари аҳолиси маданий турмуш тарзи билан яқиндан танишиш мақсадида,
Томонлар ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг ўзаро манфаатлилигидан келиб чиқиб,
Томонлар давлатларининг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожланишида туризмнинг муҳим ролини инобатга олган ҳолда,
туризм соҳасида икки томонлама асосда самарали ҳамкорликка эришишга интилиб,
тенглик, ўзаро ҳурмат ва ўзаро манфаат принципларига таяниб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз давлатларининг фуқароларини Томонлар давлатлари халқларининг фан, иқтисодиёт, ижтимоий тараққиёт, маданият соҳасидаги ютуқлари, табиати ва диққатга сазовор жойлари, шунингдек, тарихий ёдгорликлари ва маданий анъаналари билан таништириш мақсадида туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашадилар.
2-модда
Томонлар ўз давлатлари ўртасида сайёҳлик оқимини ўзаро кенгайтириш мақсадида туризм соҳасида фаолият юритадиган Томонлар давлатларининг ташкилотлари ўртасидаги яқин ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашадилар.
3-модда
Томонлар халқаро конференциялар, форумлар, семинарлар, кўргазмалар ва оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ташкил қилиш орқали «Буюк Ипак йўли» ва шу каби бошқа қўшма туристик йўналишлар ва брендларни илгари суришга кўмаклашадилар.
4-модда
Томонлар мазкур Битимнинг 1 — 3-моддаларида белгиланган мақсадларга эришиш учун қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик қиладилар:
а) Томонлар давлатларининг оммавий ахборот воситаларида реклама кампанияларини ўтказиш;
б) туризмни ривожлантириш бўйича турли тадбирлар, шу жумладан, семинарлар, конференциялар ва В2В форматидаги учрашувлар ўтказиш;
в) Томонлар давлатларининг ҳудудида ўтказиладиган туристик ярмаркалар ва кўргазмаларда иштирок этиш;
г) туризмнинг тиббий ва зиёрат турларини рағбатлантириш;
д) туристик ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун таништирув сафарлари ташкил қилиш;
е) Томонларнинг туризм соҳасига инвестиция жалб қилишдаги ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш;
ж) кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашга кўмаклашиш, шунингдек, Томонлар давлатлари манфаатдор муассасалари мутахассисларининг тажриба алмашинуви орқали туристик саноат вакиллари учун стажировкалар ташкил этиш;
з) туризм соҳасида маълумот ва иш тажрибаси билан алмашиш, шунингдек, Томонлар давлатлари миллий қонунчилигига мувофиқ инвестиция соҳасида тақдим этиладиган имтиёзлар тўғрисида маълумот алмашиш;
и) Томонлар давлатларининг миллий қонунчилиги доирасида туристик нашрлар ва бошқа материаллар, хусусан, Томонлар давлатларининг туристик салоҳиятини тарғиб қиладиган аудио ва видео материалларни тарқатиш.
5-модда
Томонлар мазкур Битимнинг амалга оширилиши учун масъул бўлган қуйидаги ваколатли органларни белгилайдилар:
Тожикистон томонидан — Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш қўмитаси;
Ўзбекистон томонидан — Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.
6-модда
Томонлар ўз давлатларининг миллий қонунчилигида белгиланган тартибда бошқа Томон давлати ҳудудида бўлган Томонлар давлатлари туристларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича, шу жумладан, фавқулодда вазиятлар юз берган тақдирда, уларнинг эвакуацияси бўйича чоралар кўрадилар.
7-модда
Томонлар, зарур ҳолларда, маслаҳатлашувлар ўтказадилар ва мазкур Битимнинг қоидалари бажарилиши билан боғлиқ масалалар бўйича ишчи гуруҳларни ташкил этадилар ҳамда ушбу мақсадда унинг бажарилишига қаратилган чораларни таклиф этадилар.
8-модда
Мазкур Битимнинг қоидалари бажарилиши билан боғлиқ бўлган сарф-харажатлар, башарти ҳар бир аниқ ҳолат бўйича бошқача келишилмаган бўлса, ҳар бир Томон тарафидан Томонлар давлатларининг қонунчилигига мувофиқ тегишли соҳага ажратилган молиявий ресурслар доирасида қопланади.
9-модда
Мазкур Битимнинг қоидаларини қўллаш ёки талқин қилишда юзага келадиган ҳар қандай низо ва келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар ва музокаралар орқали ҳал этилади.
10-модда
Мазкур Битим Томонлар давлатлари иштирокчи бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган Томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
11-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро келишуви асосида мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
12-модда
Мазкур Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради ва бир Томон бошқа Томоннинг мазкур Битимнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисидаги ёзма хабарномасини олган санадан бошлаб уч ой ўтгунга қадар амал қилади.
Душанбе шаҳрида, 2018 йил 9 мартда, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, тожик ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнни қўллайдилар.
(имзолар)