Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Миср Араб Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Дипломатик паспорт эгаларини визадан озод этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Миср Араб Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Томонлар давлатлари ўртасида икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида,
тенглик ва ўзаро манфаатдорлик принципларига мувофиқ,
икки давлатнинг амалдаги дипломатик паспортга эга фуқароларининг кириш ва чиқиш, шунингдек, сафар қилишларига кўмаклашишга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ҳар бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорти эгалари бошқа Томон давлати ҳудудига кирган санадан бошлаб олти (6) ой ичида тўқсон (90) кундан ошмаган муддатда визалар расмийлаштирмаган ҳолда ушбу Томон давлати ҳудудига кириш, чиқиш, транзит ўтиш ҳамда вақтинчалик бўлиш ҳуқуқига эгадирлар.
2-модда
1. Ҳар бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорти эгалари бошқа Томон давлати ҳудудида бўлишлари давомида ушбу Томон давлати қонунларига риоя қиладилар.
2. Дипломатик паспорт эгаларининг бошқа Томон давлати ҳудудига киришлари ва ундан чиқишлари халқаро қатновлар учун белгиланган чегара ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилиши лозим.
3-модда
1. Бошқа Томон давлати ҳудудида аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари, халқаро ташкилотларнинг ходимлари бўлган ҳар бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорти эгалари, башарти уларнинг расмий мақомини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, бутун аккредитация даври давомида ушбу бошқа Томон давлати ҳудудига визасиз кириш, чиқиш ва бўлиб туриш ҳуқуқига эгадирлар. Юборувчи Томон бундай ходимларнинг тайинланишидан камида ўттиз (30) кун олдин бошқа Томонни бу ҳақида дипломатик каналлар орқали хабардор қилади.
2. Ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган шартлар бир Томон давлати ҳудудида аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ёки халқаро ташкилотлар ходимларининг турмуш ўртоғи, вояга етмаган фарзандлари ва қарамоғида бўлган ота-оналарига ҳам татбиқ қилинади, башарти улар бошқа Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорти эгалари ҳисоблансалар.
4-модда
1. Ҳар бир Томон бирон-бир сабаб кўрсатмаган ҳолда ўз давлати ҳудудига бошқа Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорти эгаларининг киришини рад этиш ёки бўлиб туриш муддатини чеклаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
2. Ҳар бир Томон миллий хавфсизлик, жамоат тартибини сақлаш ёки ўз давлати фуқароларининг соғлиғига таҳдид сабабли мазкур Битимнинг амал қилишини вақтинча, тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Тўхтатиб қўйиш бошқа Томон давлати ҳудудида бўлиб турган фуқароларнинг ҳуқуқларига дахл этмайди.
3. Томонлар бир-бирларини мазкур модданинг 1 ва 2-бандларида кўрсатилган чоралар кўрилганлиги тўғрисида зудлик билан дипломатик каналлар орқали хабардор қиладилар.
5-модда
1. Томонлар мазкур Битим кучга кирганидан сўнг ўттиз (30) кун ичида мавжуд дипломатик паспорт намуналарини, шу жумладан, бундай ҳужжатларнинг батафсил тавсифини дипломатик каналлар орқали алмашадилар.
2. Агар Томонлардан бири мазкур Битимнинг амал қилиши давомида дипломатик паспортларни алмаштирса ёки уларга ўзгартириш киритса, ушбу Томон бошқа Томонни ўттиз (30) кун аввал дипломатик каналлар орқали хабардор қилади ҳамда янги паспортлар намуналарини, шу жумладан, унинг батафсил тавсифини тақдим қилади.
6-модда
1. Ҳар бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик паспорти эгалари бошқа Томон давлати ҳудудида йўл ҳужжатлари йўқолган ёки шикастланган тақдирда ўз давлатининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасини зудлик билан хабардор қиладилар, улар эса қабул қилувчи давлатнинг Ташқи ишлар вазирлигини тегишли чоралар кўриш учун хабардор қиладилар.
2. Йўқолган ёки шикастланган ҳужжат ўрнига тегишли Томон давлатининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси янги паспорт ёки йўқолган ёхуд шикастланган паспортнинг ўрнини вақтинчалик босувчи бошқа йўл ҳужжатини тақдим этади.
7-модда
Мазкур Битим қоидаларини амалга ошириш ва талқин қилишда низо ва келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томонлар уларни дипломатик каналлар орқали музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қиладилар.
8-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро розилиги билан унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ҳамда мазкур Битимнинг 9-моддаси 1-бандида кўрсатилган тартибда кучга кирадиган алоҳида баённомалар орқали ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
9-модда
1. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички ҳуқуқий процедураларни тугатганликлари тўғрисида охирги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
2. Ҳар бир Томон мазкур Битимни бошқа Томонга ёзма хабарнома юбориш орқали тугатиши мумкин. Мазкур Битим бошқа Томон бундай хабарномани олган санадан бошлаб тўқсон (90) кундан сўнг тугатилади.
Тошкент шаҳрида 2018 йил 5 сентябрда икки (2) асл нусхада, ҳар бири ўзбек, араб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда тафовут юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)