ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
қарори
1992—1995 ЙИЛЛАРДА ЗАРАФШОН-УЧҚУДУҚ МИНТАҚАСИНИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ЖИҲАТДАН ЖАДАЛ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА НАВОИЙ КОН-МЕТАЛЛУРГИЯ КОМБИНАТИ КОРХОНАЛАРИНИНГ ИШИНИ БАРҚАРОРЛАШТИРИШНИ ТАЪМИНЛАШ ТАДБИРЛАРИ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ҳозирги вақтда марказий Қизилқумда қимматбаҳо ва нодир металлар, фосфоритлар, кварц ва кварц-полевошпат қумлари, қурилиш ва пардозбоп тошларнинг йирик минерал-хом ашё базаси яратилди, қисқа муддат ичида вольфрам, ванадий конларини тайёрлашнинг геологик истиқболлари аниқланди. Бу ҳол мавжуд кон-қазиш корхоналарини янада кенгайтириш ва янгиларини қуриш, бу минтақада яшовчи аҳолининг ижтимоий шароитини яхшилаш ва фаровонлигини ошириш учун реал шароит яратади. Лекин моддий-техника таъминотидаги, материаллар, асбоб-ускуналар, кимёвий реагентлар етказиб беришдаги узилишлар Мурунтов карьерини ривожлантиришни, 1992 йилда олтин чиқариш бўйича давлат буюртмасини бажаришни, Учқудуқ шаҳрида завод қурилишидаги қурилиш-монтаж ишларини ва Зарафшон, Навоий шаҳарларида гидрометаллургия корхоналарини қайта қуришни хавф остига солиб қўйди. Ижтимоий соҳадаги объектларни ривожлантириш ҳам кечикмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилансинки, Навоий кон-металлургия комбинатига давлат буюртмасига мувофиқ у реализация қилган олтиннинг 40 фоизи миқдорида ва белгиланган топшириқдан ортиқ топширган олтин учун тушган фойданинг 80 фоизи миқдорида валюта маблағлари ўтказилади.
2. «Қизилқумкамёбметаллолтин» концерни ихтисослаштирилган лойиҳалаш ташкилотларини жалб этган ҳолда 1992 йилда Оқжетпес, Косманачи ва Високоволтное конларининг таркибида кумуш бўлган манбаларини қайта ишлаш йўналтиришнинг мақсадга мувофиқлигини техникавий-иқтисодий жиҳатдан асослаб берсин, кумушнинг сотиладиган нархини қайта кўриб чиқсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси:
«Ўздавкимё» концерни билан биргаликда 1992 йилда Жерой-Сардара фосфорит маъданларини саноат жиҳатидан технология синовини ўтказиб фосфат ўғитлари олсин. Синов ижобий натижа берса «Ўздавкимё» концерни Ўзбекистон Республикасининг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитаси билан келишган ҳолда манфаатдор ташкилотларни жалб этиб, 1992 йилнинг иккинчи ярмида йилига 300—350 минг тонна концентрат ишлаб чиқарадиган кон ва бойитиш фабрикасини лойиҳалаштиришга киришсин.
1992-1993 йилларда Жерой кварц қумлари конини разведка қилиб, унинг захираларини 4 млн. тоннадан 20 млн тоннага етказсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳамда собиқ СССР Атом энергетикаси ва саноати вазирлиги томонидан 1991 йилнинг июнь ойида Марказий Қизилқумнинг минерал ресурсларини саноат жиҳатидан ўзлаштиришни жадаллаштиришнинг биргаликда ишлаб чиқилган истиқбол Дастури тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
5. «Средазгазпром» ишлаб чиқариш бирлашмаси, «Средазнефтегазстрой» ишлаб чиқариш-қурилиш-монтаж бирлашмаси 1992 йилнинг декабрида Зарафшон шаҳрига газ етказиб берувчи тармоқ газ қувурларини ётқизишни таъминласин.
6. «Ўзшартномасавдо» «Средазгазпром» ишлаб чиқариш бирлашмаси ва «Ўртаосиёнефтгазқурилиш» ишлаб чиқариш қурилиш-монтаж бирлашмасига 1992 йилнинг биринчи ярмида, иловага* мувофиқ, газ етказиб берувчи тармоқ газ қувурлари ётқизиш учун моддий-техника ресурсларини ажратсин.
* Илова рус тилидаги матнда берилган.
7. «Ўртаосиёнефтгазқурилиш» ишлаб чиқариш-қурилиш-монтаж бирлашмаси, «Ўзшартномасавдо» 1992 йилга ажратилган нефть асортиментидаги қувурларнинг 2,8 минг тоннасини Зарафшон шаҳрига газ етказиб берувчи тармоқ газ қувурларини ётқизиш учун етказиб беришни назарда тутсин.
8. Мазкур қарорни бажаришни таъминлаш юзасидан илова* қилинаётган тадбирлар тасдиқлансин.
* Илова рус тилидаги матнда берилган.
9. Республика вазирликлари, концернлари, лойиҳалаш ва бошқа ташкилотлари ҳар йилнинг май ойида мазкур қарорнинг қандай бажарилаётганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикасининг тараққиёт истиқболини белгилаш қўмитасига умумлаштириш ва Вазирлар Маҳкамасига маълум қилиш учун ахборот берсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 21 март,
136-сон