Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қўшма қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари фаолиятини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур қўшма қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2023 йил 2 майдаги 3128-IV-сон ва Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2023 йил 2 майдаги КҚ-494-IV-сонли «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қўшма қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
2017 ― 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 6-бандида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қиладилар:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти (бундан буён матнда Институт деб юритилади) томонидан:
илмий даражага эга ва илғор хорижий мамлакатларда таҳсил олган юқори малакали мутахассислардан иборат кадрлар таркибини шакллантириш;
шунга ўхшаш хорижий институтлар ҳамда марказлар билан ҳамкорлик ўрнатиш ва уни ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Институтнинг янгиланган тузилмаси ҳамда ходимларнинг чекланган умумий сони 40 нафардан иборат бўлган штатлар жадвали, шунингдек Ягона тариф сеткаси бўйича уларнинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг янгиланган разрядлари 1, 2, 3-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
* Ҳужжат иловалари берилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2017 йил 29 декабрда қабул қилинган 1399-III/КҚ-283-III-сонли қўшма қарорига 2, 3, 4-иловалар ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2017 йил 29 декабрда қабул қилинган 1399-III/КҚ-283-III-сонли қўшма қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тўғрисидаги низомда белгиланган вазифалардан ташқари қуйидагилар ҳам Институтнинг вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан бюджетномани кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ҳамда солиқ ва бюджет сиёсати асосий йўналишларининг лойиҳалари бўйича ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тегишли ҳисобот давридаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар бўйича ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш;
қонунчилик муаммолари, қабул қилинаётган қонунлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлиги масалалари юзасидан жамоатчилик фикрини ва ташаббусларини «Mening fikrim» веб-портали орқали ўрганиш.
4. Институт икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари депутатлари, сенаторлари, қўмиталари ва комиссиялари сўровларига кўра Институт томонидан тайёрланадиган ахборот-таҳлилий ҳамда бошқа материалларнинг шаклларини, шунингдек уларнинг сифатини баҳолаш тартиботини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Қонун ижодкорлиги жараёнида кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш мақсадида Институт ўз бўлимлари қошидаги илмий-экспертлик кенгашлари таркибига етук олимларни, амалиётчиларни, тадбиркорлик субъектларининг, фуқаролик жамияти институтларининг вакилларини киритиб, ушбу кенгашларнинг ишини таъминласин.
6. Институт қошида ёшларни қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жалб этиш, қонун ижодкорлиги соҳасида ҳамда парламент фаолиятининг бошқа жабҳаларида билим ва кўникмалар олишга интилувчи ёшларни бирлаштиришга қаратилган «Ёш қонуншунослар клуби» ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати девонлари Институтнинг «Ёш қонуншунослар клуби» самарали фаолият кўрсатишига ҳар томонлама кўмаклашсин.
7. Институт хорижий парламентлар иши тажрибасини ўрганиш, бу тажрибанинг самарали шакллари ва услубларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, депутатлар ва сенаторлар фаолиятида қўллаш мақсадида хорижий мамлакатлар парламентлари ҳамда халқаро парламент ташкилотлари фаолияти тўғрисида ҳафталик таҳлилий шарҳ тайёрланиши ва чиқарилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Институт билан биргаликда бир ой муддатда Институтнинг халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатларнинг тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлигини ўрнатиш борасида «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин ва бунда амалий чора-тадбирларни рўёбга чиқариш бўйича аниқ муддатлар ҳамда масъул ижрочиларни белгиласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг девонлари Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Институтни қулай бинога жойлаштириш масаласи ҳал этилишини тезлаштирсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ҳукумат қарорларини ушбу қўшма қарорга мувофиқлаштирсин, давлат бошқаруви органларининг ушбу қўшма қарорга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
11. Ушбу қўшма қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари С. Отамуратов ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари С. Артикова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 29 июнь,
1808-III-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 29 июнь,
КҚ-375-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.06.2018 й., 04/18/1808-III/КҚ-375/1993-сон)