Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикасидаги ва Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари биноларини қуриш учун ўзаро ер участкалари тақдим этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикасидаги ва Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналарининг жойлашиши ва иш фаолияти учун тегишли шароитларни таъминлаш мақсадида,
1961 йил 18 апрелдаги Дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена конвенциясини инобатга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ўзбекистон томони Тожикистон Республикасига Тошкент шаҳрида жойлашган, бинолар ва транзит коммуникацияларидан ҳоли, умумий майдони 1,2 гектарга тенг ер участкасини Тожикистон Республикаси Элчихонаси бинолари ва иншоотларини Тожикистон томони ҳисобидан қуриш учун қирқ тўққиз (49) йил муддатга фойдаланиш учун тақдим этади.
Ер участкаси учун ижара ҳақи миқдори йилига бир АҚШ долларини ташкил этади.
Ер участкасининг аниқ жойлашув ўрни ва унинг чегаралари мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланган Режада (1-сонли Иловада) белгиланган.
2-модда
Тожикистон томони Ўзбекистон Республикасига Душанбе шаҳрида жойлашган, бинолар ва транзит коммуникациялардан ҳоли, умумий майдони 1,2 гектарга тенг ер участкасини Ўзбекистон Республикаси Элчихонасининг бинолари ва иншоотларини Ўзбекистон томони ҳисобидан қуриш учун қирқ тўққиз (49) йил муддатга фойдаланиш учун тақдим этади.
Ер участкаси учун ижара ҳақи миқдори йилига бир АҚШ долларини ташкил этади.
Ер участкасининг аниқ жойлашув ўрни ва унинг чегаралари мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланган Режада (2-сонли Иловада) белгиланган.
3-модда
Томонлар мазкур Битимнинг 1 ва 2-моддаларида кўрсатилган ер участкалари қарзлардан, учинчи томонларнинг ҳуқуқларидан ҳоли, гаровга қўйилмаган ва улардан мазкур Битим мақсадларида фойдаланишга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган бирор бошқача тарзда қийинчилик туғдирмайдиган ҳолда тақдим этилишини кафолатлайдилар.
4-модда
Мазкур Битимнинг 1 ва 2-моддаларида кўрсатилган ер участкаларидан Томонлар фақат мазкур Битимда назарда тутилган мақсадларда фойдаланадилар.
5-модда
Ер участкасини оладиган давлат Томони қабул қилувчи давлат Томонининг аниқ ифодаланган ёзма розилигисиз мазкур Битимга мувофиқ тақдим этиладиган ер участкасини кенгайтиришга, сотишга, унга қийинчилик туғдиришга, учинчи томонга мулк қилиб топширишга, ижарага ёки иккиламчи ижарага беришга ҳақли эмас.
Мазкур Битимнинг 1 ва 2-моддаларида кўрсатилган ер участкаларида қурилган бино ва иншоотлар сотиладиган ёки бериб юбориладиган бўлса, қабул қилувчи давлат уларни олиш учун имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади.
Мазкур Битимнинг амал қилиши сотилган ва бериб юборилган кўчмас мулкка нисбатан ўз-ўзидан тугатилади.
6-модда
Томонлар ўзаролик асосида ўз давлатлари қонунчилигига мувофиқ, мазкур Битимнинг 1 ва 2-моддаларида кўрсатилган бинолар, иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи ва ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини уларнинг қурилиши якунланганидан сўнг, имкон қадар қисқа муддатларда юридик расмийлаштиришни таъминлайдилар. Томонлар ўзаро келишилган муддатларда тегишли ҳужжатлар билан бир вақтда алмашадилар.
7-модда
Томонлар ўз давлатлари дипломатик ваколатхоналарининг фаолиятини таъминлаш мақсадида мазкур Битимнинг 1 ва 2-моддаларида кўрсатилганлардан ташқари ер участкаларини ижарага олиш масалалари алоҳида халқаро шартномалар шартлари асосида амалга оширилади.
8-модда
Ҳар бир Томон ўз бюджет маблағлари ҳисобидан бошқа Томонга тақдим этилган ер участкаси чегарасигача йўлларни, муҳандислик коммуникацияларини (электр ва телефон линиялари, сув қувурлари, канализация ва газ қувурлари) ўтказишни амалга оширади ва шунингдек, ушбу коммуникацияларни шаҳар тармоқларига улайди.
9-модда
Мазкур Битимнинг 1 ва 2-моддаларида кўрсатилган ер участкаларида бинолар ва иншоотларнинг қурилиши фақатгина қабул қилувчи давлат қонунчилиги талабларига мувофиқ қурилиш ёки таъмирлашга рухсат олингандан сўнг амалга оширилиши мумкин.
Ер участкасини тақдим этган Томоннинг айби билан қурилиш ишлари тўхтаб қолган тақдирда, у қураётган Томонга қурилишнинг тўхтаб қолиши ёки тугатилиши туфайли кўрилган зиён учун компенсация тўлайди.
10-модда
Томонлар тақдим этилган ер участкаларида бинолар ва иншоотларнинг қурилиши учун қурилиш материаллари ва ускуналарни олиб кириш ҳуқуқига эга. Ер участкасини тақдим этган Томон бошқа Томонни фақат дипломатик ваколатхоналар бинолари ва иншоотларини қуриш, ускуналаш ва жиҳозлаш мақсадида олиб келинадиган материаллар ва асбоб-ускуналар учун божхона тўловлари ва солиқларнинг барча турларини тўлашдан озод қилади.
11-модда
Томонлар қабул қилувчи давлатга ўз объектларини қуриш ва таъмирлашга тайёрлаш ҳамда амалга ошириш учун талаб этиладиган қурувчилар, техник назорат мутахассислари ва техник ходимлардан иборат шахсларни жўнатиш ҳуқуқига эга.
12-модда
Мазкур Битимнинг 1 ва 2-моддаларида кўрсатилган ер участкалари, қабул қилувчи давлат томонидан солинадиган солиқлар ва йиғимларнинг барча турларидан озод этилади, ер участкасидан фойдаланганлик учун ижара ҳақи бундан мустасно.
Ер участкасидан фойдаланувчи Томон бинолар ва иншоотлардан, муҳандислик коммуникацияларидан фойдаланиш ва уларни таъмирлашнинг барча турларини, ер участкаларини сақлаб туришни ўз ҳисобидан амалга оширади.
Коммунал хизматлардан (газ таъминоти, электр, сув таъминоти, канализация, ҳудудни тозалаш ва хизматнинг шунга ўхшаш бошқа турлари), барча турдаги алоқа хизматларидан фойдаланганлик учун, шунингдек, мазкур Битимнинг 1 ва 2-моддаларида кўрсатилган кўчмас мулкни таъмирлаш ва сақлаш учун тўловлар қабул қилувчи давлатда дипломатик ваколатхоналар ва уларнинг ходимлари учун амалда бўлган норматив ва тарифлар бўйича мазкур давлат валютасида амалга оширилади.
13-модда
Томонларнинг ўзаро розилиги асосида мазкур Битимга алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ва унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
14-модда
Томонлар ўртасида мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллашда низолар юзага келган тақдирда, Томонлар уларни маслаҳатлашувлар ва музокаралар орқали ҳал қиладилар.
15-модда
Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида дипломатик каналлар орқали охирги ёзма хабарнома олинган кундан бошлаб кучга киради ва қирқ тўққиз (49) йиллик муддатга тузилади. Томонлардан бири ёзма равишда бошқа Томонга жорий давр тугашидан камида бир йил аввал мазкур Битимнинг амал қилишини узайтирмаслик нияти тўғрисида дипломатик каналлар орқали хабардор қилмаса, унинг амал қилиши ўз-ўзидан кейинги қирқ тўққиз (49) йиллик муддатларга узаяверади.
Тошкент шаҳрида 2018 йил 17 августда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, тожик ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикасидаги ва Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари биноларини қуриш учун ўзаро ер участкалари тақдим этиш тўғрисида Битимга
1-сонли ИЛОВА
1-сонли ИЛОВА
Ер участкаси манзили: Зулфияхоним ва Себзор кўчалари кесишмаси
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикасидаги ва Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари биноларини қуриш учун ўзаро ер участкалари тақдим этиш тўғрисида Битимга
2-сонли ИЛОВА
2-сонли ИЛОВА
Ер участкаси манзили: Абу Али ибн Сино тумани, Абу Али ибн Сино проспектининг орқа томони