Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
Қарори
Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 6 сентябрда 2065-4-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банки Бошқарувининг 2019 йил 11 январдаги 4, 2018-83 ва 315-В-5-сонли «Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор, шунингдек унга ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 2065-5, 21.01.2019 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикаси «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонунининг 7-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банк Бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банки Бошқарувининг 2010 йил 7 январдаги 2, 2010-1, 39/4-сон қарори (рўйхат рақами 2065, 2010 йил 14 январь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 1-2-сон, 15-модда) билан тасдиқланган Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Молия вазири Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 3 август,
116-сон
Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Б. МУСАЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 3 август,
2018-50-сон
Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 3 август,
315-B-4-сон
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 3 августдаги 116, 2018-50 ва 315-В-4-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 5-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Улгуржи савдо фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга корхоналар ўзларининг асосий ва иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақларини бошқа тижорат банкларида очганликлари тўғрисидаги ахборот Банк депозиторларининг миллий ахборот базасидан келиб тушган кундан бошлаб, давлат солиқ хизмати органлари бир иш куни ичида мазкур тижорат банкларига ушбу Низомнинг 1-иловасида келтирилган шаклда хабарнома юборади.».
2. 6-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Хабарнома солиқ тўловчига ёзма шаклда ёки унинг шахсий кабинети орқали электрон шаклда юборилади.».
3. 12-бандда:
қуйидаги мазмундаги ўн биринчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«ўзига хизмат кўрсатувчи банк билан амалга оширилган валюта операциялари ҳамда валюта биржасида илгари конвертация қилинган хорижий валютани сотишдан келиб тушган маблағлар;».
Ўн биринчи — ўн учинчи хатбошилар тегишлича ўн иккинчи — ўн тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
4. 16-банддаги «Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси» деган сўзлар «Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
5. 17-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«17. Ягона солиқ тўлови бўйича ортиқча тўланган сумма солиқ тўловчининг аризасига кўра Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 10-бобида назарда тутилган тартибда қайтарилади.
Ариза солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ёзма шаклда ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда берилади.».
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.09.2018 й., 09/18/2065-4/1851-сон)