Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасида крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3832-сон қарорига мувофиқ:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3832-сон қарорига мувофиқ:
Кейинги таҳрирга қаранг.
крипто-активлар айланмаси махсус норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади;
юридик ва жисмоний шахсларнинг крипто-активлар айланмаси билан боғлик операциялари, жумладан норезидентлар томонидан амалга ошириладиган операциялар солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди, мазкур операциялар юзасидан олинган даромадлар эса солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ солинадиган базага киритилмайди;
крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун белгиланган тартибда лицензия олган шахслар томонидан ўтказиладиган крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ валюта операцияларига валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари татбиқ этилмайди;
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилаб қўйилсинки:
крипто-активларни айирбошлаш, сотиб олиш ва сотиш учун электрон майдонча тақдим этадиган ташкилот крипто-биржа ҳисобланади;
блокчейндаги қийматга эга ва эгаси бўлган қайдлар мажмуаси крипто-актив ҳисобланади;
крипто-активлар айланмаси бўйича фаолиятга ва крипто-биржалар фаолиятига қимматли қоғозлар, биржалар ва биржа фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари татбиқ этилмайди;
крипто-биржа фаолиятини амалга ошириш учун лицензия фақат чет эл юридик шахсларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шўъба ёки бошқа корхоналарни очиш орқали берилади;
крипто-биржалар фаолиятини уларнинг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиши қисмида назорат қилиш функциялари крипто-биржалар фаолиятини лицензияловчи органга ва тегишли ваколатли давлат органларига юкланади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
саноат майнингини амалга ошириш учун (ойига 100 КВт/с дан ортиқ фойдаланиш) ер участкалари «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишилган ҳолда белгиланадиган махсус ҳудудларда электрон аукцион ўтказмасдан берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Крипто-биржалар фаолиятини амалга ошириш учун қуйидаги асосий лицензия талаблари ва шартлари белгилансин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
а) ариза берилган санада пул маблағи шаклида базавий ҳисоблаш миқдорининг камида ўттиз минг баравари миқдорида шакллантирилган устав жамғармаси мавжудлиги, шундан йигирма минг баравари Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкида алоҳида ҳисобварақда захирага қўйилади;
(3-банднинг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги ПФ-5894-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.12.2019 й., 06/19/5894/4161-сон)
б) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган серверларга жойлаштирилган ҳамда Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутиладиган талабларга жавоб берадиган ишлаб турган электрон крипто-биржа савдо тизими мавжудлиги;
в) қуйидагилар акс эттирилиши шарт бўлган крипто-биржа савдо қоидаларининг мавжудлиги:
иштирокчиларга крипто-биржа савдоларида иштирок этишга рухсат бериш тартиби;
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бажарилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар;
Кейинги таҳрирга қаранг.
крипто-активларни муомалага қўйиш ва муомаладан чиқаришга рухсат бериш тартиб-таомиллари;
крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш ва уларни рўйхатдан ўтказиш тартиби;
битимлар тузишда крипто-биржа савдолари иштирокчилари ўртасида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби;
крипто-биржа хизматидан фойдаланганлик учун тўлов миқдори ва уни белгилаш тартиби;
крипто-биржаларда нархлар манипуляцияси ва махфий ахборотдан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш чоралари;
крипто-активлардан ғайриқонуний мақсадларда фойдаланишни тақиқлаш;
г) крипто-активларни котировкалашни уларга бўлган талаб ва таклиф асосида амалга ошириш;
д) мижозларнинг крипто-активлар билан операциялари тўғрисидаги ахборотни, шунингдек, уларнинг идентификация маълумотларини ва мижозлар билан ўзаро муносабатлар бўйича материалларни, жумладан иш ёзишмаларини беш йил давомида сақлаш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Крипто-биржаларга:
кўрсатилган хизматлар учун, шу жумладан крипто-активлар шаклида мукофот олиш, унинг миқдорини ва уни савдолар иштирокчилари (мижозлар)дан ундириш тартибини белгилаш;
Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари билан крипто-активларни миллий ва хорижий валютага сотиб олиш ва (ёки) бегоналаштиришга, шунингдек, крипто-активларни бошқа крипто-активларга айирбошлашга қаратилган биржа битимларини ташкил этиш ҳуқуқи берилсин.
5. Белгилаб қўйилсинки:
крипто-биржалар фаолиятини амалга оширишга лицензия бериш учун давлат божи миқдори ва уни тўлаш тартиби лицензияловчи орган томонидан белгиланади;
крипто-биржалар фаолиятини амалга оширишга лицензия беришдан тушадиган давлат божининг барча суммаси лицензияловчи органнинг ҳисобрақамига ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги бир ой муддатда:
Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни белгиланган тартибда тасдиқласин ва амалга киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Д.Р. Ли ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 2 сентябрь,
ПҚ-3926-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.09.2018 й., 07/18/3926/1823-сон; 14.12.2019 й., 06/19/5894/4161-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.06.2021 й., 06/21/6252/0617-сон; 28.04.2022 й., 06/22/121/0354-сон)