Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий этиш бўйича фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг фаолиятини, шу жумладан қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш жараёнини ахборотлаштириш даражасини юксалтириш ҳамда унинг фаолияти самарадорлигини, сифати ва тезкорлигини оширишга, очиқлигини таъминлашга қаратилган замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий этиш, қоғоз ҳужжат айланишини камайтириш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг электрон овоз бериш тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ф-5240-сонли Фармойишининг 8-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) Девони тузилмасида Ахборот-коммуникация технологиялари бўлими (бундан буён матнда Бўлим деб юритилади) иловага мувофиқ 11 та штат бирлигидан иборат таркибда тузилсин.
2. Қонунчилик палатаси Девони Моддий-техника таъминоти бўлимининг «Рада-Мажлис» тизими гуруҳи тугатилсин.
3. Қуйидагилар Бўлимнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Қонунчилик палатаси, унинг Кенгаши, қўмиталари (комиссиялари), Қонунчилик палатаси депутатлари ва Девони ходимлари фаолиятини ахборот-техник жиҳатдан таъминлаш;
Қонунчилик палатасининг ахборот-коммуникация тизими ва маҳаллий компьютер тармоғи фаолият кўрсатишини таъминлаш;
Қонунчилик палатасининг ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларини, шу жумладан электрон овоз бериш, товуш кучайтириш, стенограмма ёзиб олиш, электрон ҳужжат айланиши тизимларини ва бошқа тизимларини шакллантириш, ривожлантириш ва улардан фойдаланиш;
Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ахборот-коммуникация, видеоселектор алоқасини таъминлаш;
Қонунчилик палатасида ахборот технологияларини янада ривожлантириш ва «Электрон парламент» тизимини жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери, Сенат Раиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири томонидан 2017 йил 1 декабрда тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш;
жараёнларни автоматлаштиришни ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси фаолиятининг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ҳисобига Қонунчилик палатаси фаолиятининг очиқлигини таъминлашга кўмаклашиш;
Қонунчилик палатаси фаолиятининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
Қонунчилик палатаси расмий веб-сайти ишлаб туришини техник жиҳатдан таъминлаш, унинг узлуксиз ишлашига эришиш;
замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида Қонунчилик палатаси депутатларининг ва Девони ходимларининг касб малакасини ошириш чора-тадбирларини ташкил этиш;
замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш соҳасидаги халқаро тажрибани ўрганиш ва таҳлил этиш ҳамда уларни Қонунчилик палатаси фаолиятида қўллаш юзасидан таклифлар киритиш.
4. Эътиборга олинсинки, Бўлим ходимларини моддий рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 февралда қабул қилинган «Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5349-сонли Фармонининг 7-бандига мувофиқ амалга оширилади.
5. Қонунчилик палатаси Девонининг Раҳбари 2018 йил 1 августгача бўлган муддатда Қонунчилик палатаси Девонининг штат жадвалига, шунингдек Қонунчилик палатасининг Девони тўғрисидаги Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрланишини таъминласин.
6. Янги бўлим ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгиланган лимитларга мувофиқ 1 дона енгил автотранспорт воситаси ажратилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида ушбу Қарорни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги Бўлимни ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги юқори малакали кадрлар билан тўлдиришда кўмаклашсин.
9. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 11 июнь,
1725-III-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2018 йил 11 июнда қабул қилинган 1725-III-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ахборот-коммуникация технологиялари бўлимининг
ШТАТ ЖАДВАЛИ
|
Лавозим |
Штат бирлиги |
|
Бўлим мудири |
1 |
|
Бўлим мудирининг ўринбосари |
1 |
|
Электрон овоз бериш тизимини дастурий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш сектори |
4 |
|
Сектор мудири |
1 |
|
Тизим маъмури — бош мутахассис |
1 |
|
Етакчи муҳандис — мутахассис |
1 |
|
Муҳандис-электрончи |
1 |
|
Ахборот тизимлари ва ресурсларини дастурий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш сектори |
5 |
|
Сектор мудири — тизим маъмури |
1 |
|
Маълумотлар базаси маъмури — бош мутахассис |
1 |
|
Хавфсизлик бўйича мутахассис — етакчи мутахассис |
1 |
|
Веб устаси — бош мутахассис |
1 |
|
Етакчи муҳандис-дастурчи |
1 |
|
Жами |
11 |
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.06.2018 й., 04/18/1725-III/1731-сон)