Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Францияга олий даражадаги ташриф давомидаги маданий-гуманитар тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги 266-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан 2024 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади.
2018 йил октябрь ойида Францияга олий даражадаги ташрифга ўз вақтида ва сифатли тайёргарлик кўрилишини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Франция маданият марказини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Францияга ташрифининг маданий-гуманитар қисмига тайёргарлик кўриш бўйича «Йўл харитаси» 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
2. Масъул вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Францияга ташрифининг маданий-гуманитар қисмини тайёрлаш бўйича «Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирлар пухта ишлаб чиқилиши ва сўзсиз ижро этилишини таъминласинлар.
3. Францияга олий даражадаги ташриф доирасидаги маданий-гуманитар тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича 2-иловага* мувофиқ таркибда Ишчи гуруҳ ташкил этилсин.
* Иловалар берилмайди.
4. Қуйидагилар Францияга олий даражадаги ташриф доирасидаги маданий-гуманитар тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
«Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари ва ташкилотларининг фаолияти тизимли асосда мувофиқлаштирилишини таъминлаш;
Францияга олий даражадаги ташриф давомида бўлажак маданий-гуманитар тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ ва ташрифдан кейинги ташкилий-техник масалаларни ҳал этиш;
олий даражадаги тадбирлар ҳақида сифатли ахборот берилишини, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида тезкор ёритилишини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташрифи доирасида Раҳбарият топшириқларига мувофиқ бошқа вазифалар.
5. Францияга олий даражадаги ташриф давомида бўлажак маданий-гуманитар тадбирларни ўз вақтида ва сифатли тайёрланиши учун шахсий масъулият Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
6. Ишчи гуруҳ (А.А. Абдухакимов):
ташриф якунларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар ўз вақтида бажарилишига алоҳида эътиборни қаратсин, эришилган аҳдлашувлар амалга оширилиши доимий назорат қилинишини таъминласин;
олий даражадаги тадбирларга тайёргарликнинг боришини кўриб чиққан ҳамда вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарларининг шахсий ҳисоботларини эшитган ҳолда Ишчи гуруҳ мажлисларини ҳар ҳафтада ўтказсин;
заруратга кўра Францияга бориб амалга ошириладиган тайёргарлик ишларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши амалда назорат қилинишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Маданият вазирлиги 2018 йил 30 августгача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига «Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш манбалари бўйича Ишчи гуруҳ билан келишилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фармойиши лойиҳасини киритсинлар.
8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига, истисно тариқасида, олий даражадаги ташрифнинг маданий-гуманитар қисмига тайёргарлик доирасида тендер (танлов) савдолари ўтказмасдан, энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан товарларни етказиб берувчилар, ишларни бажарувчилар ва хизматлар кўрсатувчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКОдаги доимий вакилининг мақомини элчи даражасигача оширишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин;
Ўзбекистон Республикасининг Европа мамлакатларидаги элчиларини олий даражадаги бўлажак ташрифнинг ташкилий ва мазмундорлиги масалаларини ҳал этишда кўмаклашиш учун жалб этиш ва, зарурат бўлганда, хизмат сафарига юбориш чораларини кўрсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, «Сен ёлғиз эмассан» республика ижтимоий болалар жамғармасининг Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Франция маданият марказини ташкил этиш ва Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Истиқлол кўчаси, 47-уй манзилида жойлашган мулкий мажмуани туташ ҳудуди билан биргаликда унга оператив бошқариш ҳуқуқи билан бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Франция маданият марказига берилаётган мулкий мажмуадан фойдаланиш ва уни сақлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш бюджетдан ажратиладиган маблағлар, ўз маблағлари, бинолардан фойдаланишдан олинадиган даромадлар, хайрия эҳсонлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига Молия вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилади.
(10-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
11. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:
тасдиқлаш учун таъсис ҳужжатларини, штат жадвалини тайёрласин ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Франция маданият маркази давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ушбу қарорнинг 10-бандида кўрсатилган мулкий мажмуани мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда тайёрланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида ушбу қарорнинг 10-бандида кўрсатилган мулкий мажмуани мукаммал таъмирлашни молиялаштириш манбалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 22 август,
679-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.08.2018 й., 09/18/679/1790-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)