Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг
Қарори
Хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ солинадиган базасини алоҳида харажатлари бўйича камайтириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 13 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3053]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026 йил 5 июндаги 370-сон, Солиқ қўмитасининг 2026 йил 19 майдаги 2026-09-сон ва Туризм қўмитасининг 2026 йил 30 майдаги 09-мх-сонли «Хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ солинадиган базасини алоҳида харажатлари бўйича камайтириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор, шунингдек унга ўзгартиришларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3053-2, 15.06.2026 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонунининг 7-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги ПҚ-3514-сон «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қарор қилади:
1. Хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ солинадиган базасини алоҳида харажатлари бўйича камайтириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга қиради.
Молия вазири Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 12 июль,
110-сон
Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Б. МУСАЕВ
Тошкент ш.,
2018 йил 12 июль,
2018-60-сон
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б. УМАРОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 12 июль,
4-ққ-сон
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2018 йил 12 июлдаги 110, 2018-60 ва 4-ққ-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ солинадиган базасини алоҳида харажатлари бўйича камайтириш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги ПҚ-3514-сон «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ солинадиган базасини алоҳида харажатлари бўйича камайтириш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги ПҚ-3514-сон «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 15-бандига мувофиқ солиқ солинадиган база қуйидаги суммаларга камайтирилади:
100 миллион сўмгача — хўжалик юритувчи субъектларнинг 2020 йилнинг 1 январига қадар санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган замонавий санитария-гигиена тармоқларини қайта тиклаш, капитал таъмирлаш ва қуришга йўналтирилган харажатлари;
12 миллион сўмгача — ҳар йили 2025 йилнинг 1 январига қадар хўжалик юритувчи субъектларнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган санитария-гигиена тармоқларини (фаррошлар иш ҳақи, гигиена, тозалаш ва ювиш воситаларини сотиб олиш, коммунал харажатларни тўлаш), туризм инфратузилмаси объектларини (тарихий ва меъморий ёдгорликлар, музейлар, театрлар, маданият уйлари, умумий овқатланиш пунктлари, хизмат кўрсатиш объектлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, автомобиллар учун вақтинча тўхташ жойлари, йўлбўйи инфратузилмасининг сервис хизматлар кўрсатиладиган ҳудудлари, бозорлар, расталар, дўконлар ва одамлар гавжум бўладиган бошқа жойларни) сақлашга йўналтирилган харажатлари.
2. Солиқ солинадиган базанинг камайтирилиши юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ягона солиқ тўлови ҳамда бозорлар даромадлари бўйича амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2-боб. Солиқ имтиёзларининг қўлланилиши
3. Ушбу Низомнинг 1-банди иккинчи хатбошисида белгиланган солиқ солинадиган базанинг 100 миллион сўмгача камайиши, бир марталик ёки қисмларга бўлинган ҳолда, 2020 йил 1 январь муддатигача амалга оширилади.
4. Ушбу Низомнинг 1-банди учинчи хатбошисида белгиланган солиқ солинадиган базанинг 12 миллион сўмгача камайиши ҳар йили 2025 йил 1 январгача амалга оширилади.
5. Ушбу Низомнинг 3-бандида кўрсатилган имтиёзга эга бўлиш учун солиқ тўловчи санитария-гигиеник тармоқларнинг санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келиши ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли туман (шаҳар) давлат санитария-эпидемиология назорати марказларининг хулосасини (бундан буён матнда Марказнинг хулосаси деб юритилади) олиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган замонавий санитария-гигиеник тармоқларини қайта тиклаш, капитал таъмирлаш ва қуриш тегишли солиқ бўйича бир нечта ҳисобот даврларида олиб борилган ҳолларда, солиқ солинадиган базасини камайтиришни ишлар якунланганидан кейин Марказнинг хулосасини тақдим этиш шарти билан амалга оширишга рухсат этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бунда солиқ тўловчи томонидан 2020 йил 1 февралгача Марказнинг хулосаси олинмаган тақдирда, солиқ тўловчининг ушбу объектнинг тегишли қисмига нисбатан солиқ солинадиган базасини камайтиришга бўлган имтиёз бекор қилинади ва у солиқ солинадиган базасининг камайтирилган даврлари учун аниқлаштирилган солиқ ҳисоботларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этиши лозим.
(5-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ушбу Низомнинг 3-бандига мувофиқ солиқ солинадиган базаси ҳужжатлар билан тасдиқланган, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган замонавий санитария-гигиеник тармоқларини қайта тиклаш, капитал таъмирлаш ёки қуриш билан боғлиқ харажатлар суммасига камайтирилади.
7. Мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган имтиёз, солиқ тўловчи томонидан Марказнинг хулосаси олганидан кейин, тақдим этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Ушбу Низомнинг 4-бандига мувофиқ солиқ солинадиган базаси санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиена нормативларига мувофиқ келадиган санитария-гигиена тармоқларини (фаррошлар иш ҳақи, гигиена, тозалаш ва ювиш воситаларини сотиб олиш, коммунал харажатларни тўлаш), туризм инфратузилмаси объектларини (тарихий ва меъморий ёдгорликлар, музейлар, театрлар, маданият уйлари, умумий овқатланиш пунктлари, хизмат кўрсатиш объектлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, автомобиллар учун вақтинча тўхташ жойлари, йўл бўйи инфратузилмасининг хизматлар кўрсатиладиган ҳудудлари, бозорлар, расталар, дўконлар ва одамлар гавжум бўладиган бошқа жойларни) сақлашга йўналтирилган харажатларининг ҳужжатлар билан тасдиқланган суммасига камайтирилади.
Санитария-гигиеник тармоқларни сақлашга йўналтирилган харажатларни аниқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда, улар санитария-гигиеник тармоқларнинг фаррошлар хизмат кўрсатадиган умумий майдонга нисбати (йиғиштириш бўйича харажатларни ҳисоблаш вақтида) ёки хўжалик юритувчи субъект томонидан банд этилган умумий майдонга нисбати (коммунал тўловларни аниқлаш вақтида) билан белгиланади.
3-боб. Якуний қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Солиқ имтиёзларини тўғри қўлланиш устидан назорат давлат солиқ хизмати органлари томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
11. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
Соғлиқни сақлаш вазири А. ШАДМАНОВ
2018 йил 12 июль
Савдо-саноат палатаси раиси А. ИКРАМОВ
2018 йил 12 июль
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.08.2018 й., 10/18/3053/1696-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон, 11.03.2022 й., 10/22/3053-1/0211-сон; 07.05.2026 й., 10/26/3830/0465-сон)