Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг
буйруғи
«Спортчи» лавозимига қўйиладиган талаблар, уларга ойлик иш ҳақи ва устамалар белгилаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 10 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3051]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси спорт вазирининг 2026 йил 31 мартдаги 16-мҳ-сонли ««Спортчи» лавозимига қўйиладиган талаблар, уларга ойлик иш ҳақи ва устамалар белгилаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруқ, шунингдек унга ўзгартиришларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3051-2, 03.04.2026 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 сентябрдаги 733-сон «Республика олий спорт маҳорати мактаблари ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида спортчи лавозимини жорий этиш ҳамда уларга ойлик иш ҳақи ва устамалар белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. «Спортчи» лавозимига қўйиладиган талаблар, уларга ойлик иш ҳақи ва устамалар белгилаш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Ш. ИСРОИЛОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 20 июль,
11-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирининг 2018 йил 20 июлдаги 11-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
«Спортчи» лавозимига қўйиладиган талаблар, уларга ойлик иш ҳақи ва устамалар белгилаш тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 сентябрдаги 733-сон «Республика олий спорт маҳорати мактаблари ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида спортчи лавозимини жорий этиш ҳамда уларга ойлик иш ҳақи ва устамалар белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ «спортчи» лавозимига қўйиладиган талаблар, уларга ойлик иш ҳақи ва устамалар белгилаш тартибини назарда тутади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
1-боб. Умумий қоидалар
1. «Спортчи» лавозими Республика олий спорт маҳорати мактаблари ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг штат жадвалларида назарда тутилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Республика олий спорт маҳорати мактаблари ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида «спортчи» лавозими бўйича штат бирликлари сони спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг аъзолари сонидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Мусобақаларга тайёргарлик кўриш, юқори натижаларга эришиш, Ўзбекистон Республикасини халқаро миқёсда юқори ўринларга кўтариш, шунингдек спорт турлари бўйича спорт мутахассислари ўртасида касбий тажриба алмашиш «спортчи» лавозимининг асосий вазифалари ҳисобланади.
2-боб. «Спортчи» лавозимига қўйиладиган талаблар
4. «Спортчи» лавозимига қабул қилиш учун қуйидаги талаблар қўйилади:
танлаган Олимпия спорт турлари билан мунтазам шуғулланиши, доимо ўзининг спорт маҳоратини ошириб бориши ва спорт тадбирларида қатнашиши;
Республика олий спорт маҳорати мактаблари ёки ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг бирида шуғулланиши;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг асосий таркибидаги спортчи бўлиши;
танлаган Олимпия спорт турлари бўйича тегишли спорт унвонлари ёки спорт разрядларига эга бўлиши.
5. «Спортчи» лавозимидаги спортчининг мажбуриятлари:
спорт режимига, интизомга амал қилиш;
оммавий спорт тадбирларини ташкиллаштиришда ёрдам бериш, шунингдек қатнашиш;
спорт-соғломлаштириш машғулотларини ўтказилишига кўмаклашиш;
касбий касаллик ва спорт жароҳатининг олдини олиш мақсадида мажбурий даврий тиббий кўриклардан ўтиш;
мусобақа қоидаларига асосан тақиқланган услублардан, шунингдек сунъий стимулятор — допинг ва бошқа тақиқланган воситалардан фойдаланмаслик.
6. «Спортчи» лавозимидаги спортчиларнинг меҳнат муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг меҳнат қонунчилиги нормалари билан тартибга солинади.
7. Спортчилар Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг асосий таркибидан чиқарилган тақдирда улар билан тузилган меҳнат шартномаси белгиланган тартибда бекор қилинади. Бунда у фақат «спортчи» лавозимидан озод қилинади, бироқ спортчи шуғулланаётган спорт мактабида шуғулланишини давом эттириши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-боб. «Спортчи» лавозимига ойлик иш ҳақи ва устамалар белгилаш
8. «Спортчи» лавозими бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 15 июлдаги 235-сон «Бюджет ташкилотларида ишлайдиган жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мутахассисларнинг касблари ва лавозимлари бўйича тариф разрядларини тасдиқлаш ҳақида»ги қарори асосида ва тегишли ҳудудларда район коэффициентини қўллаган ҳолда иш ҳақи тўланади.
9. «Спортчи» лавозимига устамалар спорт мактаблари раҳбари томонидан Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида ва бошқа спорт мусобақаларида эришган натижаларидан келиб чиқиб, спорт мактаби тренерлар кенгашининг қарорига асосан уларнинг лавозим иш ҳақига нисбатан моддий рағбатлантириш жамғармаси доирасида белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10. «Спортчи» лавозимига Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 177, 1995 йил 20 сентябрь) мувофиқ устамалар берилади.
Бунда, спорт мусобақаларида юқори ютуқларга эришганлик учун лавозим маоши (тариф ставкаси)нинг кўпи билан 50 фоизи миқдорида шахсий устамалар берилиши мумкин.
11. «Спортчи» лавозимидаги спортчининг спорт натижалари ёмонлашганда ва у «спортчи» лавозимига қўйилган талабларни лозим даражада бажармаганда, спортчи томонидан меҳнат интизоми бузилганда устамалар спорт мактаби тренерлар кенгашининг қарорига асосан бекор қилинади ёки камайтирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. «Спортчи» лавозими бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари спорт мактабининг тасдиқланган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-боб. Якуний қоидалар
13. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган.
Молия вазири Д. КУЧКАРОВ
2018 йил 20 июль
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш. КУДБИЕВ
2018 йил 20 июль
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.08.2018 й., 10/18/3051/1693-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 22.11.2023 й., 10/23/3051-1/0871-сон)