Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат Дастури тўғрисида» 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сон Фармони)
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 апрелдаги 337-сонли «Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги, Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ва Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат Дастури тўғрисида» 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Д.Б. Аҳмедов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 8 август,
637-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 августдаги 637-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 сентябрдаги 692-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 36-сон, 957-модда)билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси тўғрисидаги низомнинг 17-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«17. «Дававианазорат» инспекцияси фаолиятини молиялаштириш:
«Дававианазорат» инспекциясининг жорий йилга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган харажатлари сметаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 ноябрдаги 948-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси тўғрисидаги низомнинг 48-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«48. «Ўздавтемирйўлназорат» инспекциясини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек, темир йўл транспортида йўловчилар ва юкларни ташиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига лицензиялар бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиққанлик учун ундириладиган йиғимлар бўйича тушумлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади».
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.08.2018 й., 09/18/637/1685-сон)