Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида Биофизика ва биокимё институтини ташкил этиш тўғрисида
Фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, замонавий фан талаблари асосида биофизика ва биокимё соҳаларида юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш, илмий фаолият ва ўқув жараёни интеграциясини янада чуқурлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фанлар академиясининг Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида Биофизика ва биокимё институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин (кейинги ўринларда — Институт).
2. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
фундаментал изланишлардан инновацион ишланмаларгача бўлган кенг қамровли янги технологияларни ишлаб чиқаришни таъминловчи биофизика ва биокимё соҳаларидаги комплекс ва умумжаҳон ютуқлари билан ўзаро боғланган ҳолдаги тадқиқотларни амалга ошириш;
қўзғалувчанлик хоссага эга аъзо ва тўқималар, юрак ва мия патологияларининг молекуляр ҳамда ҳужайравий механизмларини, уларнинг қўзғалувчанлиги ва қисқарувчанлиги, ҳужайравий сигнализация механизмларини аниқлаш мақсадида ҳужайра биофизикасининг долзарб йўналишлари бўйича фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар ўтказиш;
нормал физиология ва патологиянинг, шунингдек эндокрин тизимининг асоси сифатида биоэнергетик жараёнларнинг молекуляр биофизикаси соҳасида тадқиқотлар олиб бориш;
микроорганизмлар патогенлиги ва дори воситалари омилларини таъсир қилиш нуқтаси (нишон) сифатида натив шароитларда ва модель мембранавий тизимларда мембранавий жараёнлар биофизикаси соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш;
ҳужайра ҳажмини бошқариш ва ҳужайралараро сигнализация каби ион каналлари ва транспортерлар иштирокида кечадиган фундаментал ҳужайра жараёнларининг молекуляр физиологияси соҳасида тадқиқотлар олиб бориш;
ҳужайраларга ва қон ивиш тизимига биологик фаол моддаларни таъсирини тадқиқ этишда электрофизиологик ва биокимёвий тадқиқотларни олиб бориш;
эндокрин тизими ва олий асаб фаолияти патологияларини биокимёвий асосларини ўрганиш, уларни коррекциялаш ва медикаментоз даволаш йўлларини излаб топиш мақсадида фундаментал метаболомика соҳасида тадқиқотлар олиб бориш;
одам касалликлари патогенетик механизмларини аниқлашда ва уларни генетик ва фармакологик усуллар билан коррекциялашда молекуляр-генетик ва популяцион-генетик тадқиқотлар олиб бориш;
қон томир ва бошқа патологияларни даволаш учун истиқболли дори воситалари сифатида қўлланилиши мумкин бўлган биологик фаол оқсиллар ҳамда бошқа биомолекулалар асосида фундаментал эволюцион-биокимёвий тадқиқотлар олиб бориш;
тиббиёт, фармакология ва иқтисодиётнинг бошқа соҳалари талабларидан келиб чиққан ҳолда амалий аҳамиятга эга бўлган биофизик ҳамда биокимёвий усуллар ва ҳодисалар асосида биофизик ва биокимёвий тадқиқотларнинг фундаментал натижалари асосида инновацион ечимлар ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш;
Институтни халқаро илмий жамиятлар билан интеграциясини таъминлаш мақсадида халқаро лойиҳалар, халқаро илмий-амалий конференция ва симпозиумлар ўтказиш, етакчи чет эл биофизиклари ва биокимёгарлари иштирокида семинарлар, мастер-класслар ва ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек институт ходимларини дунёнинг етакчи лабораторияларида стажировкасини ташкил этиш;
олий таълимдан кейинги таълим институтларида юқори малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар — фалсафа докторлари (ПҳД) ва фан докторлари (ДСc) тайёрлаш, шунингдек бакалавр ва магистрлар тайёрлашда иштирок этиш.
3. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Биофизика ва биокимё институтининг ташкилий тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирига зарур ҳолларда Институтнинг ташкилий тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари белгилансин:
бинолар ва иншоотларни сақлаш (ишлаб чиқариш билан боғлиқ харажатлар бундан мустасно), шунингдек, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш (илмий ходимлар ва ишлаб чиқариш мутахассислари бундан мустасно) харажатларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
давлат илмий-техника дастурларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
халқаро молия ва бошқа институтлардан, хорижий ташкилотлардан грантлар доирасида олинган маблағлар;
хўжалик фаолиятдан олинган маблағлар;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Белгилансинки:
Институт давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида ғазна ҳисоб рақами ва банкларда ўз ҳисоб рақамларига эга;
Институт директори Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
Институт ходимларига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган лавозим маош ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади.
6. Институтга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
бошқа илмий-тадқиқот ташкилотлари, фондлар, таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиш учун шартномалар тузиш;
илмий-тадқиқот лойиҳалари ва дастурларини ишлаб чиқишга шартнома асосида давлат органлари мутахассисларини, илмий ташкилотлар ходимларини, таълим муассасаларининг олимлари ва ўқитувчиларини, шунингдек халқаро ва хорижий ташкилотларнинг мутахассисларини жалб қилиш;
тадқиқот соҳасидаги муаммолар бўйича ахборот-таҳлилий шарҳларни, маърузаларни нашр этиш фаолиятини амалга ошириш;
Институтнинг вазифалари доирасида давлат органлари ва ташкилотларидан керакли статистик, таҳлилий ва бошқа маълумотларни сўраш ва бепул олиш.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда:
Институт устави тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Талабалар шаҳарчаси, 174-уй манзилидаги биноларида жойлаштирилишини таъминласин;
Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университети Биология факультетининг «Биофизика» ва «Биокимё ва тизимлар биологияси» кафедралари фаолиятини тикласин;
Институтни замонавий илмий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун халқаро молия институтлари ва хорижий давлат молия ташкилотларининг кредитларини жалб қилиш чораларини кўрсин;
Институт фаолиятини ташкил этиш учун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан зарур мебель, компьютер техникаси, инвентарь ва бошқа моддий ресурслар билан таъминласин;
Институтни юқори малакали мутахассислар ва илмий кадрлар билан таъминлаш бўйича зарур чораларни кўрсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг асослантирилган таклифлари асосида Ўзбекистон Республикасини 2019 йил ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган ривожлантириш давлат дастурларини шакллантиришда; тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ институт биноларини капитал таъмирлаш ва қуриш учун тегишли маблағлар ажратсин.
9. Фанлар академияси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Биоорганик кимё институтининг илмий-техник лойиҳалари, асбоб-ускуналари, моддий бойликлари ва бошқа мол-мулкини инвентаризациядан ўтказиб, натижалар бўйича уларни Институтга ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий муассасалари тузилмасини янада оптималлаштириш ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 33-сон қарорига мувофиқ илгари тугатилган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Биоорганик кимё институтига Биокимё институти ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Физиология ва биофизика институтидан ўтказилган асбоб-ускуналари, моддий бойликлари ва бошқа мол-мулки;
Институтнинг асосий илмий тадқиқотлар бўйича илмий-техникавий лойиҳалар илмий ва бошқа ходимларнинг тегишли штат бирликлари.
10. Институтга битта хизмат автомобили учун лимит ажратилсин.
11. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда:
бир ой муддатда институт фаолиятини ташкил этиш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
манфаатдор вазирликлар билан биргаликда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмуродов, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Мажидов ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С. Йўлдошевга юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 19 июль,
558-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 июлдаги 558-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети ҳузуридаги Биофизика ва биокимё институти ташкилий
ТУЗИЛМАСИ
