Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш юзасидан масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
2018 йил 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида инвестиция сиёсати, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда аниқ лойиҳаларни амалга оширишга доир масалалар комплекси танқидий ва ҳар томонлама кўриб чиқилиб, хорижий инвестицияларни, шу жумладан тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш самарадорлиги таҳлил этилди. Хусусан, қуйидагилар қайд этилди:
биринчи — Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туманларга ташрифлар якунлари бўйича ишлаб чиқилган 2018-2019 йилларда ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастури доирасида ҳаётга татбиқ этиш назарда тутилган 6317 та лойиҳанинг асосий қисми кенг доирадаги тадбиркорлар иштирокида уларнинг ўз маблағлари ҳамда тижорат банклари кредитлари ҳисобига амалга оширилади;
иккинчи — жорий йилда намунавий лойиҳалар асосида жумладан, эҳтиёжманд оилалар ва ногиронлар учун 22145 та уйни қуриш ва фойдаланишга топшириш, шунингдек, 2044 ижтимоий ва инфратузилма объектини барпо этиш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш назарда тутилган;
учинчи — хорижий ташрифлар ва музокаралар якунларига кўра, қиймати 17 миллиард долларлик 182 та лойиҳани амалга ошириш тўғрисида дастлабки келишувларга эришилди;
тўртинчи — 2018 йилда хорижий инвестициялар иштирокида 148 та тармоқ ва 377 та ҳудудий лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.
Шу билан бирга, Бош вазир, Бош вазир ўринбосарлари, вазирликлар, давлат қўмиталари, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, банк муассасалари ва ваколатли экспертиза органлари раҳбарларининг эътибори нафақат мавжуд жиддий камчиликларни бартараф этиш, муаммоли масалаларни аниқ ҳал этиш, балки бутун инвестиция жараёнини янада фаоллаштириш борасида тизимли ва самарали ишлар ташкил этилишини таъминлашга қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев белгилаб берган устувор вазифалар сўзсиз бажарилишини таъминлаш, инвестиция сиёсатини амалга ошириш бўйича тармоқ ва ҳудудлар кесимида манзиллиликни кафолатлайдиган янги, янада самарали шакллар, усуллар ва механизмларни жорий қилиш ҳамда лойиҳалаштириш, экспертизадан ўтказиш, молиялаштириш ва қурилишни бошлаш соҳасидаги масалалар комплексини ҳал этиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда тезкорликни таъминлаш, мониторинг ва ҳисобдорлик бўйича электрон ахборот тизимини жорий этиш, бутун инвестиция жараёни босқичларида барча даражадаги раҳбарлар ҳамда мутахассисларнинг шахсий масъулиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани, шунингдек, республика ҳудудларини жадал ҳамда барқарор ривожлантириш борасида амалга оширилаётган мақсадли ислоҳотлар ва дастурларнинг бугунги босқичида фаол ҳамда самарали инвестиция сиёсатини юритиш Вазирлар Маҳкамаси, унинг комплекслари ва ижро этувчи аппаратининг, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, барча даражадаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг асосий ҳамда устувор вазифаларига айланиши даркор.
2. Бош вазирнинг ўринбосарлари, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Ахборот-таҳлил департаментлари мудирлари, марказий иқтисодиёт ва молия органлари, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан 2018 йил 21 июнда ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 20 июндаги ПҚ-3794-сон қарорида белгиланган вазифаларни сўзсиз, аниқ, ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажариш борасида комплекс чора-тадбирларни амалга оширсинлар.
3. Комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда асосий эътибор қуйидаги устувор вазифаларнинг самарали ҳамда натижали бажарилишига қаратилиши зарур:
биринчи — Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари С.Р. Холмурадов, Ж.А. Қўчқоров, А.С. Султонов, Н.С. Отажонов, З.Т. Мирзаев, А.А. Абдуҳакимов инвестиция жараёнининг лойиҳа ишлаб чиқилиб амалга оширилишидан бошлаб, объект ишга туширилгунгача ва Давлат комиссияси қонунчилик талабларига мувофиқ тасдиқлангунича бўлган комплекс масалаларини мувофиқлаштириш, амалда бажариш ва уларнинг электрон мониторингини олиб бориш бўйича тизимли ишларни таъминласинлар;
иккинчи — Вазирлар Маҳкамасининг ҳар бир комплексида тегишли вазирлик ва идоралар, марказий иқтисодиёт ва молия органлари, банк муассасалари, лойиҳа институтларининг раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК мутахассисларидан иборат доимий фаолият кўрсатувчи ишчи гуруҳ ташкил этилсин;
учинчи — республиканинг ҳар йилги инвестиция дастурлари, тармоқ ва ҳудудий дастурларни амалга оширишга оид давлат сиёсатининг талаблари бажарилишини, электрон мониторинг ва ҳисобдорлик ахборот тизимининг самарали фаолият кўрсатиши учун Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (С.Х. Бекенов, Л.Ш. Қудратов) ва қўмита ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг мувофиқлаштирувчи роли ҳамда шахсий масъулияти оширилиши таъминлансин.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инвестиция лойиҳаларини халқаро молия институтлари ва донор-мамлакатлар иштирокида бошқариш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 21 июндаги ПҚ-3796-сон қарори талабларининг сўзсиз бажарилишига алоҳида эътибор қаратилсин;
тўртинчи — биринчи раҳбарлар билан биргаликда уларнинг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масаласи функционал вазифа сифатида зиммасига юкланган тегишли ўринбосарлари — мансабдор шахслар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, лойиҳа институтлари, банк муассасалари ва бошқа молия институтлари марказий аппаратларининг таркибий бўлинмалари раҳбарларининг шахсий роли ҳамда масъулиятини ошириш зарур.
4. Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари М.М. Мирзаев, Молия вазирининг ўринбосари А.Р. Каримов, «Ўзбекнефтгаз» АЖ (У.Х. Саидов, Б.Б. Сидиқов), «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ (У.А. Ҳусанов), «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ (А.А. Рашидов), «Ўзкимёсаноат» АЖ (Ш.Р. Набиев), «Ўзқурилишматериаллари» АЖ (Т.Р. Муҳаммаджонов), «Ўзбекэнерго» АЖ (Ш.Г. Шералиев), «Ўзбекгидроэнерго» АЖ (Ф.Х. Маҳмудов), «Ўзчармсаноат» уюшмаси (М.М. Зоҳидов), «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси (Б.Б. Муҳаммадсаидов), «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси (А.У. Қамбаров) раҳбарларининг ўринбосарлари ва бошқарув бошқа органларининг раҳбарлари тегишли тармоқларда инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилиши, ажратилаётган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, шунингдек, хорижий инвестициялар, авваламбор, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда ўзлаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва пировард натижалари учун шахсан масъул эканлиги ҳақида қатъий огоҳлантирилсин.
Ҳар бир инвестиция лойиҳасининг амалга оширилишини тизимли таҳлил қилиш, муаммоли ва идоралараро масалаларни тезкор ҳал этиш, республика Ҳукуматига таклифлар тайёрлаш бўйича доимий асосда ишчи гуруҳлар ташкил қилиш ҳамда уларнинг самарали фаолият кўрсатишини амалиётга татбиқ этилсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 ноябрдаги ПҚ-3407-сон қарорига мувофиқ жорий этилган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосарларининг ишлари самарадорлиги ҳамда натижадорлигини оширишга доир амалий чоралар кўрсинлар ва бунда қуйидагилар назарда тутилсин:
биринчи — шаҳарлар ва туманлар бўйича ҳар йилга ва яқин истиқболга мўлжаллаб тасдиқланган ҳудудий инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларнинг мониторингини олиб бориш, шунингдек, ҳар бир лойиҳа бўйича аниқ мувофиқлаштирилган ишларни ташкил қилиш;
иккинчи — лойиҳаларни амалга ошириш учун нафақат капитал қўйилмаларни, балки маҳаллий бюджетлар, лойиҳалар ташаббускорлари бўлган тадбиркорларнинг маблағлари, шунингдек, хорижий инвестициялар, шу жумладан тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ҳамда улардан самарали фойдаланиш, давлат-хусусий шериклик тамойилларини янада фаол жорий этиш;
учинчи — юзага келаётган муаммоли масалаларни тезкор ҳал этиш учун республика ваколатли экспертиза органлари, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг тармоқ ахборот-таҳлил департаментлари, Бош вазирнинг ўринбосарлари — Комплекслар раҳбарлари билан яқин ҳамкорликни таъминлаш;
тўртинчи — туманлар, шаҳарлар, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини таҳлил қилиш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи ишчи гуруҳларни ташкил қилиш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш.
6. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ҳузурида доимий фаолият кўрсатувчи иш гуруҳлар таркиблари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Инвестиция лойиҳаларини тармоқ ва ҳудудлар бўйича амалга ошириш ҳолати учун объект → туман, шаҳар → вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси; вазирлик, давлат қўмитаси, хўжалик бирлашмаси → Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот-таҳлил департаменти → Бош вазир ўринбосари → Бош вазир → Ўзбекистон Республикаси Президенти изчиллиги бўйича доимий асосда мониторинг олиб бориш ва ҳисобдорлик тизими 2, 3, 4-иловаларга мувофиқ жорий қилинсин.
8. Вазирликлар, давлат қўмиталари, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳайъатларининг мажлисларини ўтказиш жадвали 5-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 5-илова рус тилидаги матнда берилган.
9. Белгилансинки, ҳайъатларнинг қайд этилган мажлисларига пухта тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда:
Бош вазир ўринбосарлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, барча даражалардаги ҳокимликлар, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Ахборот-таҳлил департаментлари, ваколатли экспертиза органлари, банк ҳамда молия институтларининг раҳбарлари ҳамда мутасаддилари иштирок этадилар;
2018 йилнинг I ярим йил якунларига кўра, тармоқ ва ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳар бир инвестиция лойиҳаси бўйича ҳар томонлама ва танқидий таҳлил этилиб, зудлик билан, шу жумладан, республика Ҳукумати даражасида ҳал этишни талаб қиладиган асосий камчиликлар ва муаммоли масалалар аниқ кўрсатилади;
ҳар бир инвестиция лойиҳасининг тасдиқланган параметрлари бўйича йўл қўйилган қолоқликда ва уларни бажарилмаслигида айбдор бўлган мансабдор шахслар ҳамда мутахассисларнинг хатти-ҳаракатларини алоҳида баҳолаш таъминланади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан 2018 йил 21 июнда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларнинг сўзсиз, ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажарилишини ҳамда 2018 йилнинг II ярим йилида инвестиция лойиҳалари бажарилишини кафолатловчи қўшимча комплекс чора-тадбирлар — «йўл хариталари» тасдиқланади.
10. Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Ахборот-таҳлил департаментлари мудирлари Ш.А. Абидов, М.Б. Жуманиёзов, А.Э. Равшанов, И.Р. Маҳкамов, К.С. Ризаев, Ф.А. Қодиров 2018 йил 21 июнда ўтказилган видеоселектор йиғилиши баённомаси топшириқлари ва ушбу қарор талабларини бажариш бўйича тегишли вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликларда тизимли ишларни таъминлашга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги учун масъул эканлиги ҳақида қатъий огоҳлантирилсин.
11. Бош вазир ўринбосари С.Р. Холмурадов 2018 йилнинг 15 июлигача:
биринчи — ушбу қарор талабларини бажариш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги тўғрисида;
иккинчи — 2018 йил I ярим йилида Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини амалга оширишнинг асосий якунлари ва 2018 йил II ярим йили бўйича аниқ таклифлар тўғрисидаги материалларнинг умумлаштирилишини ва Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этилишини таъминласин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 26 июнь,
478-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 июндаги 478-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 июндаги 478-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва хўжалик бирлашмалари тизимида инвестиция лойиҳаларни амалга оширилиши мониторинги
ЧИЗМАСИ
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 июндаги 478-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тизимида инвестиция лойиҳаларни амалга оширилиши мониторинги
ЧИЗМАСИ
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 июндаги 478-сон қарорига
4-ИЛОВА
4-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг комплексида инвестиция лойиҳаларини амалга оширилиши мониторинги
ЧИЗМАСИ
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.06.2018 й., 09/20/478/0841-сон)