Ўзбекистон Республикаси Марказий банки БОШҚАРУВИнинг
Қарори
Микрокредит ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 13 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2093-9]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 22 августдаги 19/5-сонли «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қабул қилинган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3389, 28.09.2022 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Микрокредит ташкилотлари тўғрисида»ги, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 январдаги ПФ-5296-сон «Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва 2018 йил 23 мартдаги ПҚ-3620-сон «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2010 йил 23 январдаги 3/5-сон қарори (рўйхат рақами 2093, 2010 йил 13 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 14-15-сон, 116-модда) билан тасдиқланган Микрокредит ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 26 май,
19/10-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 26 майдаги 19/10-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Микрокредит ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 1-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қўмита — Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Банк назорати қўмитаси».
2. 18-банддаги «комиссияга» деган сўз «Қўмитага» деган сўз билан алмаштирилсин.
3. 36-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«36. Микрокредит ташкилоти филиал ташкил қилиш учун:
«қониқарли молиявий ҳолатга эга бўлиши;
микрокредит ташкилоти кунлик жамлама бухгалтерия балансини тузиш учун керакли дастурий-техник воситаларга ҳамда малакали бухгалтерия ходимларига эга бўлиши;
Марказий банк талабларига жавоб берадиган тегишли хоналар ва ускуналарга эга бўлиши лозим (нақд пул ва қимматликлар билан фаолият кўрсатиши кўзда тутилган тақдирда).».
4. 37-бандда:
учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«тўлов муддати 30 кундан ортиқ кечиктирилган муддати ўтган кредитларнинг суммаси охирги 6 ой давомида микрокредит ташкилоти кредит портфелининг 5% дан кам миқдорини ташкил этганда;»;
тўртинчи хатбоши чиқариб ташлансин.
5. 38-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Микрокредит ташкилоти филиалини ташкил этиш ва Марказий банкда ҳисобга қўйиш учун Марказий банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
иқтисодий асослаб берилган ҳолда мазкур филиални ташкил этиш тўғрисидаги ариза;
филиални ташкил этиш тўғрисидаги микрокредит ташкилоти бошқарув органининг қарори;
филиал раҳбари лавозимига кўрсатилган номзод тўғрисидаги маълумот;
филиал касса хоналарининг техник жиҳатдан мустаҳкамланганлиги ва қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализация воситалари билан жиҳозланганлиги бўйича Марказий банк тегишли ҳудудий бошқармасининг хулосаси (нақд пул ва қимматликлар билан фаолият кўрсатиши кўзда тутилган тақдирда).».
6. 40-бандда:
«комиссияга» деган сўз «Қўмитага» деган сўз билан алмаштирилсин;
учинчи жумла чиқариб ташлансин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.06.2018 й., 10/18/2093-9/1350-сон)