Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг
Қарори
Маъмурий ишларни кўришда биринчи инстанция суди томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси қабул қилинганлиги, суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан, шунингдек қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси «Судлар тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Судларнинг эътибори маъмурий суд ишларини юритиш бўйича процессуал қонун нормаларида белгиланган тартибга қатъий риоя этиш, ишларни кўриб чиқиш сифатини яхшилаш, ҳар бир иш бўйича қонуний ва асослантирилган қарор қабул қилиш зарурлигига қаратилсин.
2. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси (бундан буён матнда МСИЮтК деб юритилади) 40-моддасига мувофиқ маъмурий суд ишларини юритишда тарафлар бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
аризачилар — ўзларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида талаб тақдим этаётган ёки манфаатларини кўзлаб талаб тақдим этилган фуқаролар ва юридик шахслар;
жавобгарлар — муайян талаб қаратилган маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари.
Маъмурий органлар деганда, давлат бошқаруви органлари, шунингдек маъмурий-ҳуқуқий фаолиятини амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар тушунилади (МСИЮтК 27-моддаси биринчи қисмининг 2-банди).
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Маъмурий судга маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган, низолар бўйича ишлар, жумладан қуйидаги ишлар тааллуқли:
маъмурий органларнинг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
маъмурий органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
маъмурий органлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилганлиги юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
нотариуснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш рад этилганлиги юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;
давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар.
Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқса-да, қонунда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига, фуқаролик ишлари бўйича судга, иқтисодий ва ҳарбий судга тааллуқлилиги белгиланган низолар бўйича ишлар маъмурий судга тааллуқли эмас.
Агар ариза маъмурий орган бўлмаган корхона, ташкилот, муассаса ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш ёки унинг мансабдор шахси ҳаракатини (ҳаракатсизлигини) ғайриқонуний деб топиш тўғрисида берилган ёхуд ариза (шикоят) маъмурий органга нисбатан берилган бўлиб, аммо устидан шикоят берилаётган ҳаракат меҳнат муносабатларидан келиб чиққан бўлса, бундай талаблар маъмурий суд судловига тааллуқли эмас.
Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган тақдирда, барча талаблар фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилиши лозим (МСИЮтК 26-моддасининг тўртинчи қисми).
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, давлат органлари ва улар мансабдор шахслари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ қабул қиладиган қарорлари ёки амалга оширадиган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий судга тааллуқли эмас. Бундай ариза (шикоят) тақдим этилган ҳолда, судья МСИЮтК 133-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ уни қабул қилишни рад этади. Агар ариза (шикоят) иш юритишга қабул қилинган бўлса, МСИЮтК 108-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан иш юритиш тугатилади.
5. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, МСИЮтК 36-моддасига кўра, судда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш лаёқатига фақат юридик шахслар эгадирлар. Шу сабабли, агар юридик шахс ишончномаси мавжуд бўлмаса, суд юридик шахс алоҳида бўлинмаси (филиали, ваколатхонаси) аризасини (шикоятини) қабул қилишга ҳақли эмас. Бундай ариза (шикоят) МСИЮтК 134-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига мувофиқ қайтарилиши, агар у иш юритишга қабул қилинган бўлса, мазкур Кодекс 105-моддасининг 2-бандига мувофиқ кўрмасдан қолдирилиши керак.
Маъмурий орган ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашишда, жавобгар сифатида аризада (шикоятда) ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган тегишли юридик шахс ва мансабдор шахснинг ўзи кўрсатилади.
6. Суд идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишни ҳал этишда уни давлат рўйхатидан ўтказган орган — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигини жавобгар сифатида жалб қилиши лозим.
7. Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга ёхуд иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. МСИЮтК 128-моддаси биринчи қисмининг мазмунига кўра, юридик шахс номидан ариза (шикоят) унинг раҳбари ёки вакили томонидан имзоланиши керак. Бунда имзо механик ёки бошқа нусха кўчириш воситалари орқали амалга оширилишига йўл қўйилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Якка тартибда бошқариладиган ижро органи раҳбари вазифасини бажарувчи шахс аризани (шикоятни) имзолашга ҳақли, бироқ бунда аризага (шикоятга) унинг мақомини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган бўлиши лозим.
Агар ташкилот ҳайъат томонидан бошқарилса, шахсда аризани (шикоятни) имзолаш ваколати борлигини тасдиқловчи ҳужжат) илова қилиниши керак.
Тугатилаётган ташкилот номидан ариза (шикоят) тугатиш комиссияси раиси томонидан имзоланади.
9. Аризачи битта аризада (шикоятда) ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга ҳақли. Агар талаблар ўзаро боғлиқ бўлмаса, суд МСИЮтК 134-моддаси биринчи қисмининг 7-бандига кўра, аризани (шикоятни) қайтариш тўғрисида ажрим чиқаради. Агар ариза (шикоят) иш юритишга қабул қилинган бўлса, суд МСИЮтК 138-моддасига мувофиқ ушбу талабларни алоҳида ажратиш йўли билан кўради.
10. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, МСИЮтК 134-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган аризани (шикоятни) қайтариш асослари рўйхати кенгайтирилган тарзда талқин этилишига йўл қўйилмайди.
Агар ариза (шикоят) иш юритишга қабул қилинганидан кейин уни МСИЮтК 134-моддаси биринчи қисмининг 3 ва 4-бандлари бўйича қайтариш учун асослар мавжудлиги аниқланса, суд тегишинча аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдиради (МСИЮтК 105-моддасининг 2-банди), ишни бошқа маъмурий судга ўтказиш тўғрисида ажрим чиқаради (МСИЮтК 34-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди).
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари палата аъзоси манфаатларини кўзлаб берган аризага (шикоятга) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва тадбиркорлик фаолияти субъекти ўртасида тузилган аъзолик тўғрисидаги шартнома илова қилиниши лозим. Мазкур талабга риоя қилинмаганда, ариза (шикоят) МСИЮтК 134-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан қайтарилади, бу ҳолат ариза (шикоят) иш юритишга қабул қилингандан кейин аниқланса, ариза (шикоят) кўрмасдан қолдирилади (МСИЮтК 105-моддасининг 2-банди).
12. Судларга тушунтирилсинки, процессуал қонунда ишни маъмурий суд томонидан фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга ўтказишни назарда тутувчи норма мавжуд эмас. Шу сабабли, агар низо маъмурий судга тааллуқли бўлмаса, аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш рад қилиниши, агар у иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш юритиш тугатилиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш асослари МСИЮтК 133-моддасида назарда тутилган ва кенгайтирилган тарзда талқин қилиниши мумкин эмас. Агар аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш асослари ариза (шикоят) иш юритишга қабул қилингандан кейин аниқланса, иш юритиш МСИЮтК 108-моддасига асосан тугатилади.
14. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, маъмурий иш қўзғатилгунга қадар суд далилларни таъминлаш чораларини кўришга (МСИЮтК 89-моддаси), суд топшириқлари беришга (МСИЮтК 90-моддаси) ва дастлабки ҳимоя чораларини қўллашга (МСИЮтК 94-моддаси) ҳақли эмас.
Аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш масаласи судья томонидан якка тартибда ҳал этилади.
15. Шуни назарда тутиш лозимки, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш унинг ўз вақтида, ҳар томонлама ва тўғри кўриб чиқилишини ва ҳал қилинишини таъминловчи муҳим босқич ҳисобланади.
Ишни суд муҳокамасига ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш судга қуйидаги имкониятларни беради:
тарафларнинг ҳуқуқий муносабатларини ва ишни ҳал этишда қўлланилиши лозим бўлган қонунни аниқлаш;
тарафларнинг талаблари ва эътирозларини асословчи фактларни ҳамда низони тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бошқа фактларни аниқлаш;
суд муҳокамасига ўз вақтида тақдим этилишини таъминлаш мақсадида, ишни ҳал этиш учун зарур далиллар доирасини аниқлаш;
тарафлар, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан зарур далиллар тақдим этилишини таъминлаш;
ишда иштирок этиши эҳтимол бўлган шахслар таркиби масаласини ҳал этиш;
дастлабки ҳимоя ва далилларни таъминлаш чораларини қўллаш масаласини ҳал этиш.
МСИЮтК 140-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ишни суд муҳокамасига тайёрлаш ҳаракатлари рўйхати тугал бўлмай, судья ишнинг тўғри ва ўз вақтида ҳал этилишини таъминлашга қаратилган бошқа ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида чиқарилган ажрим ва уни кўришга тайёрлаш билан боғлиқ бошқа ажримлар ишнинг кейинги ҳаракатига тўсқинлик қилмайди ва унинг устидан шикоят берилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16. Суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши ҳақида ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги суд ажримида кўрсатилиши лозим бўлиб, у ишда иштирок этувчи шахслар ҳамда бундай мажлисни ўтказишга кўмаклашувчи судга юборилади.
17. Суд ишда иштирок этувчи шахсларни суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида МСИЮтК 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилади.
Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар судга келмаганда, бунинг сабаблари ва ишнинг хусусиятларини инобатга олиб, ишни унинг иштирокисиз кўриш имконияти тўғрисидаги масала ҳар бир ҳолда муҳокама қилиниши лозим.
18. МСИЮтК 93-моддасида кўрсатилган дастлабки ҳимоя чоралари, агар уларни қўлламаслик аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини қийинлаштирса ёки бунга имкон бермаса, иш юритишнинг ҳар қандай босқичида қабул қилиниши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра, аризани рад этиш ҳақидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар ҳам, МСИЮтК 98-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибга риоя этган ҳолда дастлабки ҳимоя чораларини бекор қилишга ҳақли.
19. Аризачи МСИЮтК 136-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ариза (шикоят) асосини ёки предметини ўзгартириш ҳуқуқидан биринчи инстанция судида ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар фойдаланиши мумкин. Бу норма иш бошқа инстанцияларда кўрилаётганда қўлланилмайди.
Ариза (шикоят) предмети ўзгартирилиши аризачининг жавобгарга нисбатан моддий-ҳуқуқий талаблари ўзгартирилганлигини билдиради.
Аризанинг (шикоятнинг) асоси ва предмети бир вақтда ўзгартирилишига йўл қўйилмайди (МСИЮтК 136-моддасининг учинчи қисми).
20. МСИЮтК 58-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ судда юридик шахсларнинг ишларини қонун ҳужжатлари ёки таъсис ҳужжатларида берилган ваколатлар доирасида уларнинг органлари олиб боради.
Юридик шахсларнинг вакиллари судда уларга берилган ишончномада кўрсатилган ваколатлар доирасида иш олиб боради. Вакилга берилган ишончномада унинг МСИЮтК 62-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ваколатлари махсус кўрсатилган бўлиши керак. Агар вакилга берилган ишончномада бундай ваколатлар кўрсатилмаган бўлса, вакил ушбу қонун нормасида назарда тутилган процессуал ҳаракатлардан бошқа процессуал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли.
21. Адвокатлик тузилмаси (бюроси, фирмаси) томонидан берилган ордер адвокатга ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилган шахс манфаатларида фақат МСИЮтК 62-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини беради. Адвокатнинг мазкур модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларни амалга ошириш ваколати унга ваколат берувчи берган ишончномада кўрсатилган бўлиши лозим.
22. Судларга тушунтирилсинки, иш юритишни тугатиш институти низо мазмуни юзасидан ҳал қилув қарори чиқармасдан туриб иш кўришни тамомлаш шаклларидан бири ҳисобланади. МСИЮтК 108-моддасида назарда тутилган иш юритишни тугатиш асослари рўйхати тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилиниши мумкин эмас.
23. МСИЮтК 105-моддасида назарда тутилган ҳолатлар аниқланганда, суд аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдиради ва бу ҳақда ажрим чиқаради. МСИЮтК 106-моддасига мувофиқ чиқарилган ажримда ишни кўриш учун тўсқинлик қилаётган ва аризани кўрмасдан қолдириш учун асос бўлган ҳолатларни бартараф этиш йўллари тушунтирилиши лозим.
24. Агар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинган аризачи суд мажлисига келмаса ва ишни унинг иштирокисиз кўришга розилик берган бўлмаса, бундай ҳолда ариза (шикоят) МСИЮтК 105-моддасининг 3-бандига мувофиқ кўрмасдан қолдирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, агар аризачи биринчи суд мажлисида иштирок этиб, суднинг кейинги мажлисларида иштирок этмаса, ушбу асослар бўйича аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдириш мумкин эмас.
25. Судларга тушунтирилсинки, МСИЮтК 20-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган қоидалар аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдириш ва аризани (шикоятни) қайтариш тўғрисидаги ажримлар бекор қилинган ҳолларга татбиқ этилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
26. Судларга аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида, суд ҳужжати эълон қилингандан кейин унинг мазмунини ва суд ҳужжати қабул қилинишига сабаб бўлган асосларни тушунтириб бериш тавсия этилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27. Ишларни кўришда судлар маъмурий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида низолар келиб чиқишига имкон берган сабаб ва шароитларни аниқлашга эътибор қаратиш лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ишларни кўришда давлат ёки бошқа орган, юридик шахс, мансабдор шахс ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилиши аниқланган ҳолларда, улар ишда иштирок этишидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақли. Уларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланганда эса, суд бу ҳақда жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда прокурорга хабар беради.
Хусусий ажрим суд мажлисида эълон қилинади ва баённомада акс эттирилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К. КАМИЛОВ
Пленум котиби, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси И. АЛИМОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 19 май,
15-сон