ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
қарори
РЕСПУБЛИКА ДЕҲҚОНЧИЛИК САНОАТИ КОМПЛЕКСИНИ БОШҚАРИШ ОЛИЙ МАКТАБИНИ РЕСПУБЛИКА АГРОБИЗНЕС ИНСТИТУТИГА АЙЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Деҳқончилик саноати ишлаб чиқаришида бозор муносабатларини ташкил қилиш ва жорий этиш ҳамда давлат, жамоа хўжаликларини, корхоналарни ва деҳқончилик саноати комплексининг бошқа тузилмаларини бозор иқтисодиёти шароитида ишлата оладиган омилкор кадрлар билан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Республика деҳқончилик саноати комплексини бошқариш олий мактаби унинг 1991 йилги харажатлар сметаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Республика агробизнес институтига айлантирилсин.
Деҳқончилик саноати комплекси тизимидаги ёшлар ва қобилиятли мутахассислардан менежерлар, брокерлар, маклерлар, агробиржа, брокерлик идоралари агентлари ҳамда бозор иқтисодиёти шароитида ишлаш учун бошқа кадрларни 1 йиллик ўқув муддатида тайёрлаш Республика агробиржа институтининг асосий вазифаси деб ҳисоблансин.
2. Бундай кадрларни деҳқончилик саноати комплекси вазирликлари ва идоралари ёрдамида тайёрлашнинг 1992 — 1995 йилларга мўлжалланган топшириғи иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
3. Давлат, жамоа хўжаликларида ва бирлашмаларда, деҳқончилик саноати комплекси корхоналарида 1992 йил 1 февралдан бошлаб маданий ва маиший ишлар бўйича раҳбар ўринбосари лавозими ўрнига тижорат ишлари бўйича раҳбар ўринбосари лавозими киритилсин.
Деҳқончилик саноати комплекси вазирликлари ва идоралари, маҳаллий бошқарув органлари ушбу лавозимларни Республика агробизнес институти дипломларини олган мутахассислар билан таъминлаш учун барча зарур ишларни амалга оширсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Республика агробизнес институтига республикада бозор иқтисодиёти ва агробизнесни ривожлантириш бўйича илмий муаммоларни ишлаб чиқиш, шунингдек, институт аспирантурасида шу масалалар бўйича илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш учун ҳар йили маблағ ажратишни назарда тутсин.
5. «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» Республика агробизнес институтининг ўқув-моддий базасини мустаҳкамлаш учун (унинг талабномасига кўра) институтни ҳар йилги моддий-техника таъминоти режасига алоҳида сатр билан киритсин.
Вазирлар Маҳкамаси Раисининг биринчи ўринбосари И. ЖЎРАБЕКОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 13 январь,
13-сон