Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НОН ВА ҚАНДОЛАТЧИЛИК МАҲСУЛОТЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИ ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОРЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 16 сентябрдаги 430-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ва баъзиларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Нон ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларни ун билан таъминлаш ва унинг давлат ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва савдо комплекси, «Ўздонмаҳсулот» давлат-акциядорлик корпорацияси Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигининг бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида «Ўздонмаҳсулот» корпорацияси бўлинмаларининг дўконлари негизида нон ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларни ун билан таъминлаш бўйича иловага* мувофиқ ихтисослаштирилган улгуржи-чакана дўконлар ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
* Илова берилмайди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, «Ўздонмаҳсулот» давлат-акциядорлик корпорацияси билан биргаликда ташкил этиладиган улгуржи-чакана дўконларининг жойлаштирилишини икки ҳафта муддатда белгиласин ҳамда уларни қўшимча назорат-касса аппаратлари ва бошқа зарур савдо жиҳозлари билан таъминласинлар.
«Ўздонмаҳсулот» давлат-акциядорлик корпорациясига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда, маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб, кейинчалик якка тартибдаги тадбиркорларга ун сотиш бўйича қўшимча улгуржи-чакана дўконлар очиш ҳуқуқи берилсин.
2. Белгилансинки, «Ўздонмаҳсулот» давлат-акциядорлик корпорациясининг ихтисослаштирилган улгуржи-чакана дўконларида ун, нон ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларга:
маҳаллий ҳокимликлар томонидан «Ўздонмаҳсулот» корпорациясининг ҳудудий бўлинмаларига тақдим этиладиган рўйхат бўйича фақат белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган тадбиркорларга:
нақд ҳисоб-китоб қилишнинг белгиланган ҳажмлари доирасида, фақат назорат-касса аппаратларидан фойдаланилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган чакана нархларда сотилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Вазирлар Маҳкамасининг Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва савдо комплекси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги 2000 йил ва ундан кейинги даврлар ҳосилидан давлат ресурслари учун озиқ-овқат буғдойи етиштириш ва ундан фойдаланиш балансларининг асосий нормативларини ишлаб чиқишда «Ўздонмаҳсулот» давлат-акциядорлик корпорациясига ташкил этилаётган улгуржи-чакана дўконлар тармоғи орқали якка тартибдаги тадбиркорларга сотиш учун ун ажратишни назарда тутсинлар.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 28 февралдаги 112-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2003 й., 4-сон, 42-модда)
4. Вазирлар Маҳкамасининг Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва савдо комплекси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, «Ўздонмаҳсулот» давлат-акциядорлик корпорацияси билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ихтисослаштирилган улгуржи-чакана дўконлар тармоғи орқали якка тартибдаги тадбиркорларга сотиш учун ун ажратиш тартибини икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари М.З. Усмонов ва Т.Х. Холтоев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2000 йил 8 сентябрь,
347-сон
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2000 й., 5-сон, 92-модда; 2003 й., 4-сон, 42-модда; 2004 й., 37-сон, 411-модда)