LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Президентининг 2022 йил 28 декабрдаги ПҚ-460-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг 2022 йилги таҳририни жорий этиш тўғрисида»ги қарорига асосан 2023 йил 1 январдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини жаҳон амалиётида қўлланилаётган Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизими (2017 йилги версияси) билан янада унификациялаш мақсадида:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Жаҳон божхона ташкилоти томонидан жаҳон савдосида муомалада бўлган товарларнинг халқаро таснифини уйғунлаштириш мақсадида Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизимига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди, улар 2017 йилда кучга кирди.
2. Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган янги тизими негизида ишлаб чиқилган 2017 йилги версиядаги Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб амалга киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги (Ж. Ходжаев), Давлат божхона қўмитаси (М. Тохирий) 2018 йилнинг 1 январига қадар 2017 йилги версиядаги Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси чоп этилишини ва у манфаатдор ташкилотларга етказилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи иқтисодий фаолиятини тартибга солишга доир чора-тадбирларни давом эттириш тўғрисида» 2012 йил 10 сентябрдаги ПҚ-1816-сонли қарори 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ бошқаруви раиси Н.С. Отажонов, Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Ж.А. Ходжаев ва Давлат божхона қўмитаси раиси М.В. Тохирий зиммасига юклансин.