Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
Қарори
Банк ҳисобварақларига масофадан хизмат кўрсатиш тизимларида ишлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 4 декабрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2155-3]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2020 йил 15 февралдаги 3/9-сонли «Банк ҳисобварақларига масофадан хизмат кўрсатиш тизимларида ишлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор, шунингдек унга ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 2155-5, 09.03.2020 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ва «Электрон тўловлар тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2010 йил 23 октябрдаги 34/8-сон қарори (рўйхат рақами 2155, 2010 йил 19 ноябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 47-сон, 438-модда) билан тасдиқланган Банк ҳисобварақларига масофадан хизмат кўрсатиш тизимларида ишлаш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Марказий банки раиси М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 25 ноябрь,
32/1-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2017 йил 25 ноябрдаги 32/1-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Банк ҳисобварақларига масофадан хизмат кўрсатиш тизимларида ишлаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. 8-банднинг иккинчи жумласи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 2465, 2013 йил 3 июнь) 59-бандида назарда тутилган инкассо топшириқномаларини тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар бевосита маблағларни тўловчига хизмат кўрсатувчи банкка инкассо топшириқномаларини электрон шаклда тақдим этиши ёки уларни чақириб олиши мумкин.».
2. 12-банд «мижозларнинг тизимга кириш ва чиқиш вақтлари» деган сўзлардан кейин «, IP манзиллари» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
3. 22-банддаги «(рўйхат рақами 2528, 2013 йил 21 ноябрь)» деган сўзлар «(рўйхат рақами 2886, 2017 йил 23 май)» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.12.2017 й., 10/17/2155-3/0360-сон)